Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2025   |   21 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:04
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2025, 21 Муҳаррам, 1447

Ихлос нима дегани?

09.03.2021   7280   3 min.
Ихлос нима дегани?

Ихлос нима дегани? Инсон қалбининг топ-тоза, беғубор бўлиши, ниятининг мусаффо, самимий бўлишидир. Бир инсоннинг нияти бузуқ бўлса, қусурли бўлса, бошқа бир мақсади бўлсаю, уни амалга ошириш учун фитна ва иғволар қилса, бунинг орасида яна бир яхши ишлар ҳам қилса, ажабо, Аллоҳ шу яхши ишларига савоб берадими?.. Бермайди? Аллоҳ ихлосли инсоннинг ибодатини қабул қилади. Ибодатда ва ё бошқа бир амалда ихлос бўлмаса, қабул бўлмас!

У ҳолда қалбимизга ихлос индирамиз, тоза мусаффо қиламиз. Бу ерда қусур, ёмон ният бўлса, бўлмайди. Шунинг учун «инсон қалбини тозалаши керак» деб айтилади.

Табиий, қалбнинг тозаланиши – ичкарига хартум суқуб, жилдиржилдир сув билан ювиладиган бир нарса эмас... Зотан, у ерга хартум суқиб бўлмас. Ҳар қанча кимёвий ашёлар билан ювсанг ҳам бўлмас.

Зеро, қалб бу – юрак деган бир парча гўшт эмас... Қалб деганимиз кўнгилдир... Кўнгил тоза бўлиши керак. Бунинг қаерига хартум суқамиз, қаерини тозалаймиз?

Инсон кўнглининг тоза бўлиши нимадир?.. Самимий, кўнглида яхшилик барқ урган, ҳар ишга ёруғ бир орзулар билан киришган, туйғулари тоза, бировга кин, адоват сақламайдиган... Қалбдаги мана шу бойликни ИХЛОС деймиз. Ихлос лозим!

Шунинг учун тасаввуф улуғлари бир ихлосманд муриднинг қўлини оларкан, унинг маънавий тарбиясини ўз елкасига олади: «Бу менинг талабам, бу менинг муридим, бу менинг авлодим» деб уни бир тарбиядан ўтказади. Бу тарбияни тасаввуф тарбияси деймиз.

Энди ҳар устознинг бир услубий тарбияси бор. Уста,  масалан,  шогирдини ёнига олиб «фарзандим, болғани бундай ушла, бундай ур, шундай урсанг мих қайрилади ва ҳоказо» деб уқтиради.

Ҳар касб-ҳунарнинг  устаси шогирдига бир усул билан бу касбни мунтазам адо этилиши сирларини ўргатади.

Устоз, домла, муршид, шайх муридини тарбия қилади. Мурид нима дегани?.. Истакли, хоҳловчи инсон дегани... У нимани истайди?..

– «Мен Аллоҳнинг севикли қули бўлмоқни истайман!», – дейди.

– «Майли, мен сенга Аллоҳнинг севгили бир қули бўлмоқ йўлини ўргатайин!»,– дейди муршид, унинг қўлини оларкан...

Муршид муридининг қўлини олганидаёқ унинг ботинидаги камчилик-нуқсонлардан воқиф бўлади. Даставвал унинг нафсини тарбия қилишга, нафсни енгишни ўргатишга ҳаракат қилади. Ўзини-ўзи енгиши керак. Чунки бу ташқаридан бўлмайди. Масалан, ота-она боласини баркамол бўлишини хоҳлайди, тарбия давомида  гоҳида уни  уради ҳам дейлик.  Урмоқ билан тарбиялаб бўлмайди. Бироз улғайганидан кейин болада норозилик уйғонади, қаршилик кўрсатади, уйдан қочади...

Демак, урган билан бўлмайди. Норозилик инсоннинг ботинида, фитратида бўлади... Албатта буни тарбиялашнинг усуллари бор. Яъни, кўнглида истак бўлган мурид бир руҳоний даражага етишиш учун алоҳида бир тарбияни бошидан ўтказиши керак. Буни тасаввуфда «тасаввуф тарбияси», тариқатда «тариқат тарбияси» деймиз.

 

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлари учун намуна – Бутунжаҳон Ислом уюшмаси раҳбари

16.07.2025   1719   5 min.
Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлари учун намуна – Бутунжаҳон Ислом уюшмаси раҳбари

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Бош котиби Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса  иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ва ташриф Бутунжаҳон Ислом уюшмаси таклифига биноан амалга оширилди. Унда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Турғунов ҳам қатнашди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Марказ раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида жумладан, Марказ доирасида амалга оширилаётган тадбирлар, барча илмий ва ташкилий ишлар ҳақида маълумот берди.

– Ўзбекистон Ислом илми, фиқҳ ва ҳадис соҳасида юксак меросга эга. Бу заминда машҳур уламолар, буюк фақиҳлар, муҳаддислар, мутафаккирлар ва санъатшунослар етишиб чиққан, – деди Ислом уюшмаси бош котиби. – Ушбу мероснинг Ислом оламидаги аҳамияти ва долзарблигини кўрсатишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим ўрин тутади. Бу юртнинг таниқли ва машҳур алломалари туфайли Ислом цивилизациясининг асл моҳияти хусусан, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятлари бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Мазкур мегалойиҳа бу бой меросни жаҳон ҳамжамиятига танитишда асосий аҳамиятга эга. Биз Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлар учун намуна бўлади. Марказ билан ҳамкорлик қилишдан бениҳоят мамнунмиз! – дея таъкидлади Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса.

Учрашув давомида Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг барча тадбирлари, режалаштирилган турли анжуманларга қизиқиш билдириб, бу борада олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади ва мамнуният билан эътироф этди. Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими  қанчалик аҳамиятли эканлигига эса алоҳида тўхталди. Шу ўринда Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан қуйидаги иқтибосларни келтирди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ минбаридан туриб илгари сурилган мазкур улкан ташаббус Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ таркибида Араб-ислом хаттотлик мактабини очиш йўлга қўйилганини маълум қилди. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса ушбу лойиҳани тўла-тўкис қўллаб-қувватлади:

– Янги Ўзбекистон лойиҳаси бўлмиш бу хаттотлик мактаби орқали Қуръони каримнинг ҳар бир сурасини махсус араб хатида, безаклар билан бойитилган тарзда қўлда кўчириш мақсадга мувофиқ, – дея таклиф қилди Бош котиб, – Ўзбекистондаги бўлажак Араб-ислом хаттотлик мактаби фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, жаҳон миқёсида машҳур бўлган катта тажрибага эга хаттотларни ушбу марказга жалб этиш, хаттотларнинг иш фаолияти самарали бўлиши учун уларни рағбатлантириш ва умуман мактаб фаолиятини ривожлантиришда астойдил ҳамкорлик қилишга   тайёрмиз.

Делегация аъзолари Макка шаҳрида жойлашган Ҳиро маданият даҳаси, Ваҳий музейи, “Бурж ас-саъа” минорасида жойлашган шу номдаги музей, Каъба кисваси учун қирол Абдулазиз мажмуаси ва Мадина шаҳридаги “Бўстон” музейи, Пайғамбаримиз (с.а.в) сийратлари  ва Ислом цивилизацияси музейи, Жидда шаҳридаги Ислом санъати музейи ва кутубхонасига ташриф буюрди ва ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди.

Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази делегацияси аъзолари музей ва кутубхоналарга қилган ташрифлари жараёнида Пайғамбаримизнинг фаолият ва турмуш тарзларини ифодаловчи видеолавҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этилиши масаласини ҳам кўриб чиқишди. 

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқандда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди. Бу борада Саудия Арабистони тажрибасидан фойдаланиш мақсадида Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Тадбирлар ва конференциялар бўлими бошлиғи Шокир Салоҳ ал-Адваний билан мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида Ислом уюшмаси вакили бу  масалада Саудия Арабистонининг етакчи ташкилотларидан бири “Илм” компанияси кўмак беришини билдирди. Кейинги муҳокамалар видеоконференция шаклида давом эттирилишига келишиб олинди. 

Ислом цивилизацияси маркази

Дунё янгиликлари