Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2025   |   18 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:00
Қуёш
05:29
Пешин
12:33
Аср
17:23
Шом
19:30
Хуфтон
20:52
Bismillah
12 Август, 2025, 18 Сафар, 1447

Аҳмад бўла олмасангиз Абул Ҳайсам бўлинг!

08.02.2024   554   2 min.
Аҳмад бўла олмасангиз Абул Ҳайсам бўлинг!

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғли Абдуллоҳ айтади: “Кўпинча отамнинг бундай деётганларини эшитардим: "Ё Аллоҳ, Абул Ҳайсамнинг гуноҳини мағфират қил, Абул Ҳайсамга раҳм айла". Отамдан: “Отажон, Абул Ҳайсам ким?” деб сўрадим. Дедилар: “Саҳро аҳлидан бўлган бир киши, мен уни ҳатто юзини ҳам кўрмаганман. Менга дарра уришаётган кунларнинг бирида мени қоп-қоронғи зиндонга ташлашди. Шундан кимдир мени туртиб: “Сен Аҳмад ибн Ҳанбалмисан?” деди. Мен: "Ҳа", дедим".

- Мени танияпсанми?

- Йўқ

- Мен машҳур ўғри Абул Ҳайсам бўламан, ароқхўр, қароқчи, мўминлар амирининг девонида ўн саккиз минг дарра бўлиб-бўлиб урилиши ёзилган кимсаман. Мен буларнинг ҳаммасига шайтон йўлида чидадим. Сен Аллоҳ йўлида сабр қилгин, эй Аҳмад!

Мени дарра ургани олиб чиқишди, ҳар сафар қамчи тушганда Абул Ҳайсамнинг гапини эслардим ва ичимда: “Аллоҳ йўлида сабр қил, эй Аҳмад. Ибн Ҳанбал бўлолмасанг, Абул Ҳайсам бўл!” дердим.

Эй сабрлилар имоми, Аллоҳ сизни раҳматига олсин!

Солиҳ зотлардан бўлмиш Халаф ибн Айюб намозда юзига қўнган пашшани ҳам қўли билан ҳайдамас экан. Ундан сўрашибди: “Бунга қандай чидайсиз, ғашингиз келмайдими?”.

У жавоб берибди: “Менга хабар беришарича фосиқ одамлар “сабрли экан, чидамли экан” деб мақталишлари учун дарраларга сабр қилишаркан. Мен намозда Роббим қаршисида тураман, нима, юзимга қўнган битта пашшага сабр қилолмайманми?!”

Кимдир сизга “хушхабар бор”, деса, у қандай хушхабарлигини билмасдан туриб кўнглингизга қувонч югуради. Чунки сиз ҳар қандай хушхабар яхши бўлишини биласиз!

Энди ўйланг, хушхабар берувчи зот оламлар Робби – Аллоҳ бўлса-чи?! “Сабр қилувчиларга хушхабар беринг” (Бақара сураси, 155-оят).

Бирор муаммога дуч келсангизу, ундан халос бўла олмасангиз, ечим топилавермаса, бу дегани йўл умуман очилмайди дегани эмас! Сабр қилмоқ керак, сабр! “Гўзал сабр айла! Улар айтаётган (туҳмат) гапларга Аллоҳдан ёрдам сўра!” (Юсуф сураси, 18-оят).

Бутун ер юзидан муаммоингизни ҳал этиб берадиган имкон топа олмасангиз, осмонга боқинг! Зеро, бу борлиқда Аллоҳ тақдирингизга ёзган нарсадан сизни маҳрум қила оладиган ҳеч кимса йўқ! Шундай экан, хотиржам бўлинг.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний идора вакиллари Мисрдаги халқаро фатво анжуманида қатнашмоқда 

12.08.2025   656   2 min.
Диний идора вакиллари Мисрдаги халқаро фатво анжуманида қатнашмоқда 

Шу йил 12-13 август кунлари Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида "Сунъий интеллект асрида диний уламоларнинг ўрни" мавзусида конференция ўтказилмоқда. 
 

Анжуман Мисрнинг Дарул-Ифто ташкилоти, Бутун дунё фатво идоралари ва институтлари Бош котибияти томонидан Президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ҳомийлигида ташкил этилган. 


Халқаро анжуманда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан муфтийлар, вазирлар, уламолар ва ахборот технология мутахассислари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Фатво маркази бош мутахассиси Абдуллатиф домла Турсунов иштирок этмоқда. 


Жорий йилги 10-халқаро фатво конференциясини очиб берган Миср муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд ҳазратлари йиғилганларга миннатдорлик билдириш баробарида мавзу бўйича нутқ сўзлади. 


Анжуман давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам мавзу юзасидан чиқиш қилиш асносида мамлакатимиз аҳолисининг диний эҳтиёжларини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, хусусан, Фатво маркази фаолияти ҳақида маълумот бердилар. 


Шунингдек, мамлакат вақфлар вазири доктор Усама Ал-Азҳарий, Жазоир Дин ишлари ва вақфлар вазири доктор Юсуф Белмаҳдий,  Абу-Дабидаги Ислом ишлари ва вақфлар умумий бошқармаси раиси, доктор Умар Ал-Дерай, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Сано, Фаластин Бош судьяси ва Фаластин Президентининг Дин ишлари бўйича маслаҳатчиси доктор Маҳмуд Сидқий Ал-Ҳаббаш ва бошқалар сўзга чиқди.  


Анжуманда нотиқлар рақамли трансформация ва сунъий интеллект даврида фатво беришдаги муаммолар, шариат ва замон талаблари ўртасидаги мувозанатга эришиш йўллари тўғрисида маъруза қилиш баробарида мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Диний идора вакиллари Мисрдаги халқаро фатво анжуманида қатнашмоқда 
Ўзбекистон янгиликлари