Косон туманидаги эски уй деворларидан араб тилида ёзилган қадимий қўлёзма топилган.
«Новости Кашкадарьи», нашри ҳабарига кўра, қўлёзма ва бошқа бир қанча қоғоз тўпламлар деворда махсус қурилган токчада жойлашган бўлиб, бунинг натижасида қурувчилар дарҳол топилмани топишган, бироқ, қоғозга бирозгина зарар етказишган.
– Холам бу уйда 60 йилдан ортиқ яшаб, кейин уйини синглимга берган, – дейди Мақсуда Бобоқулова. – Опамнинг илтимосига кўра, эски уй-жойни бузиб, янгисини қуришга қарор қилдик. 3 хонали уйнинг деворларидан бирини бузиш пайтида қурувчилар бўшлиқни пайқаб, улар эски қўлёзмани ва яна бир нечта қоғоз тўпламларни топдилар. Бу уйни ким ва қачон қургани номаълум. Холасининг сўзларига кўра, бу уйни отаси Ҳасан Султонов кичиклигида сотиб олган.
Қарши Давлат университети филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмоновнинг айтишича, кўҳна уй деворидан топилган қўлёзма 18-асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Профессор, шунингдек, қўлёзма муаллифи аёл эканлигини таъкидлади. Бу 200 йил олдин Косон туманида аёл котибларнинг авлоди яшаганини кўрсатади. Топилмани олдиндан текшириб кўриб, филология фанлари доктори бир эмас, бир-бирига аралашиб кетган бир неча қўлёзмалар борлигини айтди. Кўриниб турибдики, бу китобни девордан чиқариш пайтида содир бўлган.
Тарихчилар ва педагоглар қўлёзманинг нима учун деворга яширинганини ва унда қимматли нарсаларни ўрганишлари керак.
Хуллас, Муғжагул маҳалласидаги 90 квадрат метр майдонда жойлашган кўҳна уй-жой эгалари илмий изланишлар якунида топилмани Қашқадарё вилояти Тарих ва маданият давлат музейига топширишга қарор қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.