Ғузор туманидаги 1-умумтаълим мактабида таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов таваллудининг 81 йиллиги муносабати билан “Инсон хотира билан тирик, қадр билан барҳаёт” мавзусида хотира кечаси ва маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Қашқадарё” нашрининг хабар беришича, вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, сектор раҳбарлари, нуронийлар, устознинг яқинлари, шогирдлари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчи ёшлари иштирок этган тадбирда Убайдулла Уватовнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти, илмий тадқиқотлари ҳақида маълумот берилди.
Убайдулла Уватов 1940 йил 23 февралда Ғузор тумани Пачкамар ҚФЙ Чучук ота қишлоғида таваллуд топган. У юртимиз алломалари илмий-маънавий меъросини ўрганиш ва жамоатчиликка етказишга қаратилган 200 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб ҳамда рисолалар нашр эттирган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган.
Олимнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб қадрланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Убайдулла Уватов 2017 йилдан 2020 йилгача Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилиб келди.
Тадбирда олимнинг дўстлари, шогирдлари ва яқинлари сўзга чиқиб, Убайдулла Увватовнинг илм йўлидаги машаққатли меҳнати, бой ҳаётий тажрибаси, қимматли илмий тадқиқотлари, ёшлар камолотига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этишди.
Тадбирда туман ҳокими Бекзод Суюнов ҳам сўзга чиқиб, Президент администрацияси топшириғига кўра олим таҳсил олган 1-умумтаълим мактаби ҳамда Амир Темур маҳалласидаги Элҳақи ва Буюк карвон йўли маҳалласидаги Чорвадорлар кўчаларига Убайдулла Уватов номи берилганини маълум қилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, шу куни 1-умумтаълим мактабининг қўшимча 360 ўринли ўқув биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Мазкур бино 360 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда ўқув хоналари билан бирга мультимедиа ва лабораториялар ҳамда кутубхона мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтган тақдимот ва матбуот анжумани доирасида Марказ ҳамда Имом Термизий номидаги ислом институти ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум икки илмий-маърифий муассаса ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларни Ислом илмлари ва термизий алломаларнинг илмий мероси асосида таълим-тарбия бериш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказишни назарда тутади.
Шунингдек, тадбирда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом институтига марказда нашр этилган нодир китоб ва илмий рисолалар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати