Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Апрел, 2025   |   1 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:55
Қуёш
05:23
Пешин
12:25
Аср
17:15
Шом
19:21
Хуфтон
20:44
Bismillah
29 Апрел, 2025, 1 Зулқаъда, 1446

Убайдулла Уватов номи Ғузордаги мактаб ва кўчаларга берилди

04.03.2021   2631   2 min.
Убайдулла Уватов номи Ғузордаги мактаб ва кўчаларга берилди

Ғузор туманидаги 1-умумтаълим мактабида таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов таваллудининг 81 йиллиги муносабати билан “Инсон хотира билан тирик, қадр билан барҳаёт” мавзусида хотира кечаси ва маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

“Қашқадарё” нашрининг хабар беришича, вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, сектор раҳбарлари, нуронийлар, устознинг яқинлари, шогирдлари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчи ёшлари иштирок этган тадбирда Убайдулла Уватовнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти, илмий тадқиқотлари ҳақида маълумот берилди.

Убайдулла Уватов 1940 йил 23 февралда Ғузор тумани Пачкамар ҚФЙ Чучук ота қишлоғида таваллуд топган. У юртимиз алломалари илмий-маънавий меъросини ўрганиш ва жамоатчиликка етказишга қаратилган 200 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб ҳамда рисолалар нашр эттирган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган.
Олимнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб қадрланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Убайдулла Уватов 2017 йилдан 2020 йилгача Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилиб келди.
Тадбирда олимнинг дўстлари, шогирдлари ва яқинлари сўзга чиқиб, Убайдулла Увватовнинг илм йўлидаги машаққатли меҳнати, бой ҳаётий тажрибаси, қимматли илмий тадқиқотлари, ёшлар камолотига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этишди.
Тадбирда туман ҳокими Бекзод Суюнов ҳам сўзга чиқиб, Президент администрацияси топшириғига кўра олим таҳсил олган 1-умумтаълим мактаби ҳамда Амир Темур маҳалласидаги Элҳақи ва Буюк карвон йўли маҳалласидаги Чорвадорлар кўчаларига Убайдулла Уватов номи берилганини маълум қилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, шу куни 1-умумтаълим мактабининг қўшимча 360 ўринли ўқув биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Мазкур бино 360 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда ўқув хоналари билан бирга мультимедиа ва лабораториялар ҳамда кутубхона мавжуд.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Хонадонингиз жаннатга элтувчи йўл бўлиши учун...

25.04.2025   4682   2 min.
Хонадонингиз жаннатга элтувчи йўл бўлиши учун...

Қандай қилиб хонадонингиз жаннатга элтувчи йўл бўлиши мумкин?!

Сотиб олаётган ёки ижарага олаётган уйингиз имкон қадар масжидга яқин жойдан бўлсин. Азон товуши сизни намозларни жамоат билан ўқишга, шунингдек, кундалик намозларингизни вақтида адо этишга ундайди.

Бирон уйни ватан тутишдан аввал қўшниларни яхшилаб сўраб-суриштиринг. Агар улар солиҳ кишилар бўлсалар, нархи сал қимматроқ бўлса-да, уйни сотиб олишга шошилинг. Ёмон қўшни  турмушингизни издан чиқариб, ҳаётингизни заҳарлаши мумкин.

Агар ҳовли-жой қурсангиз дераза-ойналарингизни қўшнининг уйига кўзингиз тушадиган қилиб ўрнатманг. Ўз обрўингизни сақлагандек, уларнинг шаънларини ҳам сақлашга ҳаракат қилинг.

Агар иложи бўлса, аёллар ва эркаклар учун алоҳида эшик қолдиринг. Эркак-хотин аралаш бўлишига имкон қадар йўл қўйманг.

Уйингизни баланд қилиб, қўшнилар билан мусобақалашманг,  безатишда ҳам исрофга йўл қўйманг.

Намоз ўқийдиган алоҳида хона ажратинг.

Кераксиз буюмларни кўпайтириб юборманг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёждан ташқари кўрпа-тўшак, кийим-кечаклардан огоҳлантириб: “Эр учун бир кўрпа, аёлига битта кўрпа ва битта кўрпа меҳмон учун. Тўртинчиси шайтонга”[1], деганлар.

Ўғил-қиз фарзандларингизга алоҳида хона ажратинг.

Агар зарурат бўлмаса уй жиҳозларини алмаштираверманг. Бу шариат қоралаган исрофнинг айнан ўзидир. Агар уй жиҳозларингиз кўзингизга хунук кўринаётган бўлса, уларнинг жойларини ўзгартиринг. Бу сизга бошқа кўриниш имконини беради.

Биттадан ортиқ телевизор ўрнатишдан сақланинг. Айниқса болалар хонасига телевизор ўрнатманг. Чунки бу билан фарзандингиз кун бўйи бекорчи нарсаларни томоша қилиб ўтиришга одатланади.

Компьютерни ҳам ҳаммага кўриниб турадиган очиқ жойга ўрнатинг.

Кичикроқ бўлса-да,  китоб жавонига, албатта, жой ажратинг.

Аҳли аёлингиз, ўғил-қизларингизга меҳр-муҳаббатли бўлинг.  Дуоларингизда Аллоҳ таолодан оилангизга икки дунё саодатини насиб этишини сўранг.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Муслим ривояти.