ЎМИ матбуот хизмати
Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазмдан, у эса отасидан ривоят қилади:
Мадинада Нуъайман деган бир киши бор эди. У ҳар қандай қизиқарли нарса Мадинага келса, уни сотиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келиб:
— Ё Расулаллоҳ! Бу сизга совға, — дер эди.
Сўнг, агар ўша нарсанинг соҳиби келиб Нуъаймандан пулини талаб қилса, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
— Ё Расулаллоҳ! Бу кишига молининг пулини тўлаб беринг, — дер эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан:
— Ахир сен буни менга совға қилмадингми? — деб сўрар эдилар.
Нуъайман розияллоҳу анҳу эса:
— Ё Расулаллоҳ! Қасамки, менда унга тўлашга пулим йўқ эдида, лекин сиз уни ейишингизни хоҳладим, — дер эди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбориб, ўша нарсанинг эгасига ҳақини ўзлари тўлаб берар эдилар.
Абулфараж ибн ал-Жавзийнинг
“Зариф ва ҳазилкашлар ҳақидаги хабарлар” китобидан
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси.