Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Жаҳолатга ботма, одамзод!

3.03.2021   3273   18 min.
Жаҳолатга ботма, одамзод!

Илми йўқлар ўқимасин! 

1) Ислом дини ҳикматларидан, шариат илмларидан, дунёвий билимлардан бехабарлар ўқимасин! Барибир англамайди.

2) Бесаводлар ўқимасин! Барибир тушунмайди.

3) Илми йўқлар ўқимасин! Барибир билмайди. 

Инсон – табиати қизиқ... Баъзан муҳим ва долзарб ишлар турганда, арзимас, майда-чуйда нарсалар билан овора бўлиб, атрофидагилар билан ўзаро баҳслашади, тортишади. Борди-ю, мунозарада ютқазса, қарши томонни айблайди, ҳатто уни динсизга ҳам чиқариб қўяди. Бу – кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган ҳолат эмас. Бундай ҳолат, айниқса, муқаддас динимизнинг асл моҳиятини чуқур тушунмайдиган ёки бошқаларнинг маънавиятига тобе кишиларда кўпроқ учрайди.

Гапнинг индаллоси... 8 март яқин. Ҳар баҳор шу бўлар такрор деганларидай, кўклам келиши билан мусулмонлар ўртасида бир мавзу такрорланади: “8 март – Халқаро хотин-қизлар кунини нишонласа бўладими?” 

Илмсизликнинг энг юқори чўққиси

Биринчи-иккинчи синфдаги боламизга "4 – 9 неча бўлади ?" десак, "Айриб бўлмайди!" деб, ҚАТЪИЙ жавоб қилади. Лекин 6-7 синфдаги фарзандимиздан сўрасак, " Минус () 5 бўлади! " деб жавоб қилади. Нега? Чунки математика, алгебра фанларидаги "мусбат ва манфий сонлар" мавзусини 1-2 синфдаги болакайимиз ҲАЛИ ЎТМАГАН! 6-7 синфдаги бола ушбу мавзуни мактабида ЎТИБ, УҚИБ, ТУШУНИБ, АНГЛАБ, БИЛГАНИ учун БЕМАЛОЛ аниқ ва ТЎҒРИ жавоб берди.

Қуйидаги масала ҳам ҲУДДИ шундай...

Мақола шу зайлда бошлангани бежиз эмас. Негаки, ҳар сана баҳор фасли яқинлашгач, битта савол ғужғон айланади.

Табиийки, кимлардир бу саволни “билиб” сўрашади, айримлар билмай. Билганларнинг мақсади гўё ўзини оммага кўрсатиб қўйиш, риёкорлик қилиш, динга, дин пешволарига тош отиш, халқ ибораси билан айтганда, сувни лойқалатишдан бошқа нарса эмас. Акс ҳолда ҳар йили бу савол такрор бўлавермас эди. 

Ўзи байрам қачон пайдо бўлган?

Аввало, ўқувчига тушунарли бўлиши учун ушбу байрам тарихи ҳақида тўхталсак. 8 март 1908 йил биринчи марта Америка Қўшма Штатларида байрам қилинган. 1909 йилдан 1913 йилгача, февраль ойининг охирги якшанбасида нишонланган. Дастлаб байрамнинг қайси куни нишонланиши борасида кўп чалкашликлар бўлган. 1911 йилдан Халқаро хотин-қизлар куни Германия, Австрия, Дания ва Швейцарияда 19 мартда нишонлана бошланган. Кейинчалик 12 май санасида нишонланган. 1914 йилдан 8 март байрам куни сифатида белгиланган.

Бу кун Ангола, Гвинея, Камбоджа, Хитой, Конго, Лаос, Македония, Непал, Жанубий Корея ва Уганда давлатларида дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳозир бу байрам кўпгина давлатларда дам олиш куни ва аёллар байрамидир.

8 март байрами ҳақида ҳамма ҳар хил фикрда... Кимлардир уни нишонласа, кимлардир нишонланиши керак эмас, деб ҳисоблашади. Лекин, ҳеч ўйлаб кўрганмизми, аслида оналаримиз, опа-сингилларимизни табриклашимиз, уларни кўнгилларини шод этиб, қадрлашимиз учун 8 мартни кутишимиз шартми? Уларга фақат йилда бир кун, 8 март кунигина эътибор қаратишимиз, ширин сўзлаб, табриклашимиз керакми? Улар учун ҳар бир кунни 8 март байрамидек завқли ва чиройли кунга айлантиришимиз шарт эмасми?!

Шу ўринда бир мулоҳаза. Баъзи мўмин-мусулмонлар ҳам 8 мартни байрам қилиш динимизда йўқ, дейишади. Лекин муҳтарама аёлни эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатиш – динимиз амри, Парвардигори оламнинг фармони, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан, нега энди биз айнан 8 март куни хотин-қизларни эъзозламаслигимиз керак экан?!! 

“Табрик”, “Муборак”, “Баракот”!

1)Ҳадиси шарифларда айтилишича, тўлиқ, мукаммал саломнинг бир тури – "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу" дейишимиз экан.

2)Намозни ичида салавотда "Аллоҳумма борик аъалаа Муҳаммадин..." деймиз.

3)Доно халқимиз ҳанузгача бир инсонга яхшиликни тилаганда ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган "Баракалла!"(Боракаллоҳ!) деган иборани ишлатади.

4)"Барака топ!", "Барака топинг!" ёки "Умрингдан барака топгин!", "Умрингиздан барака топинг!" деган олқишларни ким эшитмаган?

5)”Улуғ айёмларингиз муборак бўлсин!” деб байрамларда ўз яқинларини табрикламайдиган инсон бормикан?

6)Ойларнинг подшоси Рамазон ойлари кирганларида ҳам "Рамазон ойларингиз муборак бўлсин!" дейиладими?

7)Ҳаж ибодатини адо қилиб келганимизга "Ҳажингиз муборак бўлсин!" дейилса керак?

8)Ҳар икки ҳайитларда "Ҳайитингиз муборак бўлсин!" деган иборани ишлатмаган одам йўқ, шекилли?

9)Кундаги ҳаётимизда ҳам миллатидан, жинсидан, ирқидан, ёшидан, маълумотидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ҳар қандай ақл-заковатли, ота-онасидан нафақат тарбия кўрган, балки шу тарбияни олган инсон бирон яқин кишисига янги уй олса, янги мошина олса, янги ишга ўтса, ўз соҳасида бирор ютуқга эришса, тўй қилса, уйланса, янги кийим кийса, "муборак бўлсин!" дейди. Бир сўз билан айтганда, яқинимизнинг ҳаётида бирон яхшилик ёки янгилик содир бўлса, ўз-ўзидан тилимизга беихтиёр "муборак бўлсин!", "табриклайман!" деган иборалар келади.

Юқорида зикр этилган ўринларда ҳаммасининг ичида "барака" деган сўз мавжуд.

1)"Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу",

2)"Аллоҳумма борик аъалаа Муҳаммадин...",

3)"Баракалла!"(Боракаллоҳ!),

4)"Барака топ!", "Барака топинг!","Умрингдан барака топгин!", "Умрингиздан барака топинг!",

5) ”Улуғ айёмларингиз муборак бўлсин!”,

6)"Рамазон ойларингиз муборак бўлсин!",

7)"Ҳажингиз муборак бўлсин!",

8)"Ҳайитингиз муборак бўлсин!",

9)"Муборак бўлсин!", "табриклайман!"

Араб тилида нафақат сўзлари бир неча маънони, балки 28 та харфлари ҳам луғавий сўздан ташқари рақамли маъноларни ҳам ифода этишини билмайдиганлар "Барака" араб тилидаги сўз булиб, унинг ўзбек тилига таржимаси “Аллоҳ таолонинг баракаси”, “Илоҳий файз”, “Худонинг раҳмати”, ”Илоҳий бахт”, ”Улуғ ризқ”, “Барака”, “Мўл-кўллик”, “Серҳосиллик”, “Серобчилик”, “Беҳисоб бойлик”, ”Бандасигагина бериладиган беқиёс неъмат” деган маъноларни англатишини қаердан ҳам билишсин?! 

“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё,

Иллат излаганга иллатдир дунё” 

Аслида улардан хафа ҳам бўлиш ножоиз, чунки уларни Худои таолонинг Ўзи шундай қилиб яратган-да! Тошбақа билан чаён ҳикоясидаги чаён каби.

Хўш, шундай экан, йилда бир марта дастурхон атрофида оилавий йиғилишиб, буви, она, опа, сингил, хуллас, аҳл аёлларини табриклаш мумкин эмасми?!

Дарвоқе, нафақат бирор байрам, балки исталган санада, хохлаган кунда ҳам Худои таоло ман этган ёки шариатимиз қайтарган нарсаларни истеъмол қилиш қатъиян мумкин эмаслигини билмаган одам йўқ...   

Асл мақсад-муддао нима?

Биз бугун ахборот технологиялари ривожланган асрда яшаяпмиз. Бугун савоб қозониш имконияти қанчалик кенг бўлса, гуноҳга ботиш йўллари ҳам шунчалик кўп. Мўмин-мусулмон киши ҳар доим эҳтиёт бўлиши, бўлар-бўлмас гапларни айтавермаслиги, тилини тийиши ва ҳар ким ҳақида яхши гумонда бўлиши зарур. Акс ҳолда, Парвардигори оламнинг ҳузурига ким қай аҳволда боришни ҳеч ким билмайди...

Одам билмаган нарсасига душман”, деган бир доно ҳикмат бор. Дарҳақиқат, шундай. Айниқса, оддийгина ўрта мактабнинг 5-6 синфларида ўтиладиган дарсларини билмаган 4-5 нафар на одоб-ахлоқдан, на дину диёнатдан, на диний-на дунёвий илмлардан бехабарларнинг, дунёқараши ўта тор бўлиб, бурнидан у ёғини кўраолмайдиганларнинг муқаддас ва пок Ислом динимизнинг аҳкомлари хусусида турли саволлар тарқатиб, мўмин-мусулмонларни чалғитишга нима ҳақлари бор?!? 

Исломда аёл

8 март илк тарихи – хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, тенгҳуқуқлилик талаб этилган. Хўш...

  • Аёлларнинг ўзларини ҳам, ҳуқуқларини ҳам улуғлаш биринчи марта Клара Цеткин томонидан жорий этилганми ёки Қуръони каримда Аллоҳ таоло томонидан ҳукм этилганми?
  • Дастлаб Қуръони карим нозил бўлганми ёки Клара Цеткин шу таклиф билан чиққанми?!

Аллоҳ таоло инсоният наслини давом эттириш учун аёлга оналик имконини берди. Аёл эркак учун таскин, осойишталик ва либос тимсолига айланди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир” (Аъроф сураси 189-оят). Бошқа бир оятда эса: “Улар (Аёллар) сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз” (Бақара сураси 187-оят),  деб марҳамат қилинган.

Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган (масалан: Исро сураси 23-24 оятлар, Луқмон сураси 15-оят, Аҳқоф сураси 15-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: «Жаннат – оналар оёғи остидадур!»  – деб марҳамат қилганлар. Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши билан баробар, оилада унинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳам борлиги айтилган (масалан: Бақара сураси  228-оят).

Аёлларга чиройли муомала қилишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга намуна бўладилар! Аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини белгилаб беришда нафақат Ислом оламига, балки бутун жамиятга ибратдирлар. У Зоти шарифнинг муборак охирги васиятларида бундай машҳур жумлалар бор эди: “Огоҳ бўлинглар, аёлларга яхши муомала қилинглар!..” (Имом Термизий ривоятлари).

Бошқа ҳадиси шарифларида: “Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир!” (Имом Термизий ривоятлари);

«Кимнинг бир қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматларидан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осонгина қутулиб, жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлади»;

«Мўминларнинг энг имони мукаммали – гўзал хулқлисидир! Сизларнинг энг яхшингиз – ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир!», дейилган.

Абу Умомадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банда Аллоҳга бўлган имондан сўнг эришган яхши нарса солиҳа аёл бўлиб, унга амр қилса – итоат қилади, қараса – хурсанд қилади, қасам ичса – уни оқлайди ва ғойиб бўлса – ўз нафсида ва молида унга яхшиликда бўлади, – дер эдилар» (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Олмониялик таниқли олима Аннамарие Шиммелнинг  “Жонон менинг жонимда” китобида бундай жумлалар келади: “Ислом жамиятида энг катта ҳурматга лойиқ зот – аёл, она ҳисобланади”.

Исломда Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги биринчи ўринга қўйилган амал силаи раҳм бўлиб, уни энг яқин жигарлардан, яъни оналар, фарзандлар, опа-сингил, амма ва холалардан бошлашга тарғиб этилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аёллар – эркакларнинг ажралмас қисмидирлар», деган ҳадисларига биноан, аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. 

Шикоятини Аллоҳ таоло эшитган аёл

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу асҳоблар билан масжиддан қайтаётганларида бир аёл йўлларини тўсиб, таъна қила бошлади: «Эй Умар, сени бир вақтлар “Умарча” дейишарди, кейин “Умар” деб аталадиган бўлдинг. Бугун эса сени “мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, масъулият бобида Аллоҳдан қўрқ, ким Қиёмат кунидан қўрқса, ўша олис кун унга яқинлашиб қолади, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар уни қўрқувга соладиган бўлади”. Ҳамроҳлари Ҳазрат Умарга: “Шу кампирнинг гапига қулоқ солиб ўтирибсизми?” – дейишди. Шунда Ҳазрат Умар: “Бу аёлнинг кимлигини билмайсизларми?  У – Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба бўлади. Унинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?” – дедилар». 

Аёл билан маслаҳатлашинг!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтларда аёллари билан маслаҳатлашганлар. Ҳудайбия сулҳи воқеасида мушриклар билан сулҳ тузилгандан кейин саҳобаларга: “Туринглар, қурбонликларингизни сўйинглар ва сочингизни олинглар”, – дедилар. Ана шу гапларини саҳобаларга уч марта такрорлаб айтсалар ҳам, бирор киши ўрнидан турмади.

Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Салама разияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, воқеани айтдилар. Умму Салама разияллоҳу анҳо: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Шундоқ қилишларини хоҳлайсизми? Чиқинг-да, улардан бирортасига бирор сўз айтмасдан, қурбонлигингизни сўйинг, соч олувчингизни чақиринг, сочингизни олсин”, – дедилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Салама разияллоҳу анҳо маслаҳат қилганларидек иш тутдилар. Саҳобалар У Зот саллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, қурбонликларини сўйдилар ва сочларини олдириб, У Зотга дарҳол эргашдилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Ер юзида Ислом динини илк қабул қилган инсон – айнан аёл (!) киши бўлгани аёлларнинг фахрланишлари учун етарлидир!  Бу аёл – Хадича разияллоҳу анҳодирлар.

1500 га яқин китоб ёзган ҳиндистонлик буюк олим Ашраф Али Таҳонавий “Баёнул Қуръон” деб номланган тафсирни ёзаётган пайт аёли у кишига: “Уйдаги қушларга дон бериб, сўнг мадрасага кетинг”, – деди.

Ҳазрат “Баёнул Қуръон”нинг хаёлида аёлининг гапини эсдан чиқариб, мадрасага кетаверибди. У зотнинг шогирдларидан Шафеъ Усмоний айтади:

“Агар бир одамнинг 1500 та китоб ёзишига кимки шубҳа қиладиган бўлса, унга ўзим кўрганимни айтиб берай: “Мен Таҳонавийнинг қаламини қўли тегмаган ҳолда китобнинг устида айланиб ёзаётганини кўрганман”.

Ўша куни тафсирни давом эттирмоқчи бўлган олимнинг қалами қимирламабди. Ҳарчанд уриниб, уни юргизишга ҳаракат қилмасин, қалам жойида қотиб тураверибди. Шунда Яратганга “Ё Аллоҳим, мен ҳар доим ёзишга ўтирганимда, қалам ўзи ёзишни бошларди, мендан нима гуноҳ содир бўлдики, бугун қаламим ёзмаяпти?” – деб нола қилибди. Шунда уйдан чиқаётганида аёли қушга дон беришни айтгани эсга тушиб, қаламни ташлаганча, уйга югуриб кетибди.

Уйга бориб, қушга дон бериб келганидан сўнггина қалам қимирлаган экан.

Қалам ёзишни бошлаган жой эса Қуръони каримнинг Нисо сурасидаги «Аёлларингиз билан яхши муомалада бўлинглар!» деган оят экан.

Модомики шундай экан, Онага, Аёл зотига юксак эҳтиром кўрсатиш –  азалий қадриятларимиздан биридир. Соҳибқирон Амир Темурнинг: “Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим”, деган ҳикматли сўзи асрлар ошса-да, ўз моҳиятини йўқотмаган.  Қадимдан аёлни эъзозлаган давлат гуллаб яшнаган, равнақ топган. Аёлни ардоқлаган оила эса бу дунёнинг жаннатига эришган.

Аёл ердан чиққан эмас, эркак – унинг отаси.

Ўғил кўкдан тушган эмас, аёл – унинг онаси. 

Хулосаи калом

Динимизда аёлга эътибор нақадар юксак эканини бугун ҳамма эътироф этади. Қуръони каримда ҳам аёлларга эҳтиром кўрсатиш эркаклар зиммасига юкланган, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аёлларни эъзозлаган эканлар, наҳотки биз бу ишни бир кунга – 8 мартга хослаб олган бўлсак. Шундай экан, ҳар куни аёлларни эъзозлашимиз, улар учун ҳар кунни “8 март” қилишимиз керак эмасми?!

Она ўрнин ато тутмас ўғилға,

Ки мумкиндур ўғил бўлмоқ атосиз,

Масиҳо бирла Марямдин қиёс эт,

Ки имкон йўқтурур бўлмоқ аносиз

                                     (Алишер Навоий).

Клара Цеткин исмли аёл 1910 йил Копенгагенда ўтказилган Иккинчи халқаро аёллар конференциясида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан булса, динимизнинг асосий манбаси Каломуллоҳда 14 асрдан зиёдроқ вақт аввал аёлни эъзозлаш илоҳий амр билан буюрилган.

Сен ҳаммадан суюксан, суюклигинг унутма, аёл!

Фарзанд деб дил куюксан, куюклигинг унутма, аёл!

Пайғамбару авлиё, жаҳонгирга сен Она,

Шу боис ҳам буюксан, буюклигининг унутма, аёл!   

Ҳақиқий бахт эса, аёлни асл маскани – оиласи бағрига, фарзандлари қучоғига, эркакларнинг ардоғига қайтаришда! Унга оналик бахтини, аёл мукаррамлигини ва гўзаллигини, назокатини, ҳаё ва иффатини қайтариб беришда. Шундай экан, аёлни эъзозлаш, улар учун ҳар кунни 8 март қилиш зарур!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръондаги мўъжизалар

21.11.2024   3559   2 min.
Қуръондаги мўъжизалар

1. Қуръони каримда доимо кеча кундуздан олдин зикр этилади:

وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ
“У кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни яратган Зотдир” (Анбиё сураси, 33-оят).
Бу Ислом динида кун Қуёшнинг ботиши, яъни кечанинг кириши билан бошланишига далолат қилади.

2. Қуръони каримда доимо ўлим ҳаётдан олдин зикр этилади:

كَيْفَ تَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَكُنتُمْ أَمْوَاتًا فَأَحْيَاكُمْ
“Ўлик эканингизда сизни тирилтирган Аллоҳни қандай инкор этасиз?” (Бақара сураси, 28-оят).

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا
“У сизларни қайси бирингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси, 2-оят).
Бунинг сабаби, инсон аввал бошда ўлик бўлган, сўнгра Аллоҳ таоло уни тирилтирган.

3. Қуръони каримда доимо ейиш ичишдан олдин зикр этилган:

كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا
“Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар” (Аъроф сураси, 31-оят).

كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ
“Сизлар қилиб ўтган яхши амалларингиз эвазига бемалол еб-ичинглар” (Тур сураси, 19-оят).
Бунинг сабаби, таом тановул қилингач албатта, кетидан суюқлик ичиш фойдалидур.

4. Қуръони каримда доимо мевалар гўштдан олдин зикр этилган:  

وَأَمْدَدْنَاهُم بِفَاكِهَةٍ وَلَحْمٍ مِّمَّا يَشْتَهُونَ
“Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева ва гўшт билан қувватлантирурмиз” (Тур сураси, 22-оят).

وفاكهة مما يتخيرون ولحم طير مما يشتهون
“Ўзлари танлаб оладиган мева ва иштаҳалари тортадиган қуш гўштлари билан таъминлармиз” (Воқеа сураси, 20-21-оятлар).
Бунинг сабаби, таомланишда аввал мева еб, ундан кейин гўштли таомни тановул қилиш фойдалидир.

Валлоҳу аълам биссавоб.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ