Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрларини зиёрат қилдилар ва йиғладилар. Ҳатто атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар.
Бурайда розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти). Имом Аҳмад ва Имом Термизийларнинг ривоятида: “Бас, уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки улар сизларга охиратни эслатади”; Имом Ибн Можанинг Абдуллоҳ Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса: “Албатта, у дунёда зуҳд қилдирувчидир”, деган қўшимча сўз бор.
Ҳадисдаги “Зиёрат қилинглар” буйруғи аксар усул уламолари наздида вожибни ифодалайди. Жумҳур уламолар наздида эса қабр зиёрати суннат ёки мустаҳаб ҳисобланади. Уни мубоҳ деган фақиҳлар ҳам бор. Ҳанафийларнинг мужтаҳид олимларидан Камол ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ бу борада мўътадил гапни айтганлар: “Бу буйруқ аввалги ҳукмга қайтади: аслида қабр зиёрати суннат эди. Шундай экан, ҳукм унга қайтади”. Яъни, аслида қабр зиёрати суннат амал бўлиб, у ман қилинган. Энди қачон ўша амалга амр қилинса, уни ўз ҳолига, яъни суннатлигига қайтариш бўлади. Содда қилиб айтганда, ман қилинган суннат амалдан тақиқ олиб қўйилди ва у суннатлигича қолди.
Динимизда қабрларни зиёрат қилиш суннат ёки мустаҳаб амаллардан ҳисобланар экан. Чунки бу иш бандага дунёнинг фонийлигини ва охират Зиёрат ҳам ибодатдир нинг ҳақлигини эслатиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам Бақиъ қабристонига тез-тез чиқиб турар эдилар.
Бу борада бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, бизнинг мазҳабимизда эркагу аёл марҳумлар ҳақига дуо-истиғфор айтишда, ота-онаси, ака-укаси ва яқинларининг қабрларини зиёрат қилишда тенгдир.
Аёллар нозик хилқат бўлганлари учун қабр устида ҳис-ҳаяжонга берилиб, дод-вой солишдан, оҳ-воҳ қилишдан ўзларини тийишлари керак. Акс ҳолда уларнинг қабр зиёратига чиқишлари мумкин эмас. Аёлларнинг очиқ-сочиқ кийимларда зиёратгоҳларга боришлари шариатга зиддир.
Қабрларни зиёрат қилишда нафақат тирикларга, балки марҳумларга ҳам манфаат бор: тириклар ундан ўлим ва охиратни эслаш билан фойда олишса, марҳумлар зиёратчиларнинг дуоларидан баҳраманд бўлиш орқали манфаат кўрадилар. Зотан, қабрларни зиёрат қилишдан икки маъно кўзланади: биринчиси – қабрдагиларнинг аҳволини кўриб, ибрат олиш ва охиратни эслаш; иккинчиси – марҳумлар ҳақига дуо-истиғфор айтиб, Аллоҳнинг раҳматини сўраш.
Қабр зиёратига боришда марҳумлар ҳолидан ибрат олиш ҳамда уларга салом бериб, дуо-истиғфор ва Аллоҳнинг мағфиратини сўрашни ният қилиш керак. Шунингдек, қабристонзиёратгоҳда тавозе билан юриш, овозни баланд кўтармаслик, дунё гапларини кўпайтирмаслик суннатдир. Қабристон-мақбарага киришда қабр аҳлига, ҳадисларда келганидек, салом бериб кирилади:
“Ассалому алайкум, мўмин-мусулмонлар диёрининг аҳли. Албатта, биз ҳам, иншоаллоҳ, сизларга қўшилувчидирмиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз” (Имом Муслим ривояти).
Зиёратчи Қуръон ўқиши, салавот, истиғфор, тасбеҳ, таҳлил айтиб, савобини марҳумларга бағишлаши мумкин. Дуосида ўзини ҳам қўшиши мандубдир. Юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларига, ҳам марҳумларга офият сўраганлари кўриниб турибди.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари дуо ва садақаларнинг савоби маййитга етиб бориши, ундан манфаат олишига иттифоқ қилишган. Шунингдек, барча асрларда мусулмон уммати Қуръони каримни қироат қилиб, унинг савобини марҳумга бағишлаш жоизлигига ижмо қилишган. Мана бу ҳадислари ҳам ушбу маънони қўллаб-қувватлайди: “Агар инсон вафот этса, унинг барча амаллари тўхтайди. Фақатгина учтасининг савоби етиб тураверади: садақаи жориянинг, манфаат берадиган илмнинг ва ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзанднинг” (Имом Муслим ривояти).
“Ақоидун Насафия”да айтилади: “Тирикларнинг маййитлар ҳақига қилган дуолари ва улар номидан қилган садақалари марҳумлар учун манфаат беради. Зотан, бу борада кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Маййитга жаноза ўқишдан мурод ҳам унинг ҳақига дуо қилишдир. Агар дуо-истиғфорнинг марҳумга нафи бўлмаганида, у ҳолда жаноза ўқишдан ҳам маъно бўлмас эди”.
Манбалар асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2021-йил, 1-сонидан
Ғийбатнинг таърифини ушбу ҳадисдан билиб оламиз:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар” (Абу Довуд ривоят қилган).
Баъзилар “Мен биродаримнинг йўқ айбини гапирмаяпман. Балки бор айбини айтяпман” деб даъво қилишади. Мазкур ҳадисга кўра уларнинг даъвоси асоссиз бўлиб, улар ғийбат қилаётган бўлишади.
Қуръони каримнинг Ҳужурот сурасида Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир".
Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.
Афсуски, уч-тўртта улфатлар йиғилиб қолса, суҳбат орасида кимнидир ғийбат қилиш ҳам содир бўлади. Иймони комил мусулмон бировни ғийбат қилмаслиги, ғийбатчиларни бу гуноҳдан қайтаришга уриниши, агар улар ғийбатдан тилларини тиймасалар, ўзи ундай мажлисни тарк этиши керак. Чунки ғийбатчилар билан бирга ўтириб, уларни бу ишдан қайтармай ўтираверган киши ўша кимсаларнинг гуноҳига шерик бўлади.
Ғийбат биродаримизнинг унга ёқмайдиган нарса билан эслаш экан, бу нарса унинг ташқи кўриниши, шаклига оид бўлиши ҳам мумкин. Масалан, баъзилар “Фалончи пакана”, “Фалончи чўлоқ”, “Фалончи найнов”, “Фалончи қора” каби гапларни кўп ишлатишади. Бу гапни ўша инсон эшитса, хафа бўлади. Демак, бу ҳам ғийбат ҳисобланади.
Ғийбатчини ҳеч ким ёқтирмайди. Ундай кимсага охиратда ҳам аламли азоб бордир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Оддий тирноқ билан юзингизни ёки танангизнинг бирор жойини қашийверсангиз, бориб-бориб ўша жой ярага айланади. Энди мисдан бўлган тирноқлар билан юз ва кўкракларни тирнаш жуда қўрқинчлидир. Ҳадиси шарифда ғийбатчилар “одамларнинг гўштларини ейдиганлар” деб васф қилинмоқда. Бу Ҳужурот сурасида келтирилган ғийбатчи мисолининг ҳадисда ҳам келтирилишидир. Ғийбатчи кимса ғийбат қилаётган пайтда дўстининг, диндошининг гўштини еб ўтирган бўлади.
Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Абу Барза Ал Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: “Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг авратлари орқасидан (номусларига тегувчи гап тарқатиб) тушманглар! Чунки ким ўз биродарининг аврати ортидан тушса, Аллоҳ унинг аврати ортидан тушади. Кимки, Аллоҳ унинг ортидан тушган бўлса, уни шарманда-ю шармисор қилади, гарчи уйининг ичкарисида бўлса ҳам!”.
Саъд ибн Абу Ваққос билан Холид ибн Валид розияллоҳу анҳумонинг орасидан гап ўтиб қолди. Кейин бир киши Саъднинг олдида Холидни ғийбат қилмоқчи эди, Саъд унга бундай деди: «У билан ўртамизда бўлиб ўтган нарсанинг асло динимизга алоқаси йўқ!».
Ғийбат ҳаром бўлгани каби ёмон гумон ҳам ҳаром. Биродарингиз ортидан ёмон гаплар сўзлаш ҳаром бўлганидек, ундан асоссиз равишда ёмон гумон қилишингиз ҳам ҳаром. Ёмон гумон деганда биров ҳақида қалбда чиқарилган ҳукм ёки мустаҳкам эътиқодни назарда тутяпмиз. Аммо хаёлга келган турли нарсалар, ўй-фикрлар авф қилинган, ҳатто шак ҳам кечирилган.
Гумон қалбнинг ўша томонга кўпроқ мойил бўлиши, кўпроқ таянишидир. Аллоҳ таъоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Ёмон гумон ҳаром қилинишининг сабаби шуки, қалблардаги сир-асрорларни фақат ғайбни билувчи Зотгина билади, шундай экан сиз биров ҳақида ёмон эътиқодда бўлишга ҳаққингиз йўқ. Магар сизда бунга етарлича асослар бўлса ва уларни яхши тарафга таъвил қилиш имкони бўлмаса, унда кўрган, гувоҳи бўлган нарсангиздан бошқани эътиқод қилишдан ўзга имконингиз йўқ. Аммо кўзингиз билан кўрмасангиз ҳам, қулоғингиз билан эшитмасангиз ҳам ичингизда гумон пайдо бўлаётган бўлса, билингки, бу шайтондандир.
Биринчидан, ғийбатни эшитган пайтда ғийбат қилинаётган инсон ҳақида ёмон гумонга бормаслик, у ҳақда зикр этилаётган ёмон сифатларни рост деб билмаслик, бошқа одамлар ҳузурида уни накл қилмаслик, ғийбат қилган кишини гуноҳи кабира қиляпти деб билиш, унинг гапини эътиборсиз деб ҳисоблаш, «Эҳтимол, ғийбат қилинган инсонга унинг адовати бордир, шунинг учун шундай гапларни гапираётгандир», деб ўйлаш лозим.
Иккинчидан, ғийбатни эшитгач, унга шерик бўлиб, мусулмон биродарининг қолган айбларини ҳам очмасин. Ғийбат қилувчи киши Аллоҳ таолонинг итобига қолади, агар мен унга шерик бўлсам, Аллоҳ таоло мендан норози бўлади ва қиёмат куни азоблайди, деган фикрда бўлсин.
Учинчидан, бир мусулмон биродарининг ғийбат қилинаётганини эшитса, ўша мусулмонни мақташни бошласин ва унга ёрдам берсин. Ажаб эмаски, шунда ғийбат қилувчи ғийбатдан тийилса.
Тўртинчи иш шуки, ғийбат қилувчини тил билан айтиб ёки қўл ва кўз билан ишора бўлса ҳам, ғийбатдан тўхтатиш лозим.
Агар бинамки нобинову чоҳаст,
Агар хомуш бинишинам гуноҳаст.
Назмий маъноси:
Агар кўрсамки кўр олдида чоҳдур,
Индамай ўтирсам, бешак, гуноҳдур.
Насрий баëни:
Агар кўзи кўр кишининг олдида чуқурни кўрсам-у, индамай ўтираверсам, гуноҳдир.
Агар уни ғийбат қилишдан қайтариш имкони бўлмаса, ўша мажлисдан туриб кетиш лозим. Борди-ю, туриб кетишнинг ҳам иложи бўлмаса, у ҳолда бўлаётган ғийбатни дилда ёмон кўриб ўтириш керак. Рози бўлиб, жим ўтириш жоиз эмас.
Яна бир гап. Ғийбатчига «Жим бўл» деб туриб, лекин бўлаётган ғийбатни дилда хоҳлаб туриш мунофиқликдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, агар бир киши бошқа кишини “бу итни эмган” деб айблаганда, куни келиб ўзи, албатта, итни эмган бўларди».
Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсонларнинг энг хатокори бошқаларнинг айбини кўп гапирадиганидир”. Саҳобалар ва тобеъинлар гуноҳнинг касофатига шунчалик аниқ ишонишган экан.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ