Энг гўзал ғазал шарҳи:
не ўткармакдурур
Мадфанинг айвониға
кўк гунбазидин иртифоъ.
“Масканинг, охир-оқибат борар манзилинг тупроқдир. Шундоқ экан, дафнгоҳинг, яъни қабринг айвонига кўк гумбаздан баланд бино кўтарганинг – юксак мақбара қурганинг нимаси? Бунинг нима нафи бор?”
Нуҳ сураси 17–18-оятларида айтилади (маъноси): “Аллоҳ, наботот каби, сизларни ердан ундириб чиқарди. Сўнгра сизларни яна унга қайтарур ва яна (маҳшар куни қабрлардан тирилтириб) чиқарур”.
ИЗОҲ. “Аллоҳ, наботот каби, сизларни ердан ундириб чиқарди”, яъни: «Отангиз Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратди» (Жалолайн тафсири). Оятларда келганидек, қабрдан тирилиб чиқишлар охиратдаги тирилишдир.
* * *
“Тазкиратул-авлиё” китобидан: “Нақлдирки, Ҳасан Басрий ҳазратлари бир гал бир жанозага борди. Маййитни дафн қилганларидан кейин Ҳасан мозор бошида ўтириб, шу қадар йиғладики, тупроқ лой бўлди. Сўнгра деди: «Эй инсонлар! Ишнинг авали ҳам, охири ҳам лаҳаддир! Қарангиз, дунё манзилининг охири қабрдир, охират манзилининг боши ҳам қабрдир. Зеро (айтилгандир)ки: «Қабр – охират манзилларидан бир манзилдир». Охири шу лаҳад бўлган дунёда қандай шод бўлиб кезарсизлар?! Нечун авали шу лаҳад бўлган оламдан қўрқмассизлар?! Модомики, сизларнинг аввалу охирларингиз шу мозор экан, эй ғафлат аҳли, аввалги ва охирги манзил учун ҳозирлик кўрингиз!»
Мирзо Кенжабек,
“Навоий муҳаббати”
китобидан.
"Вақф" хайрия жамоат фондининг Хоразм вилояти филиали томонидан кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган 35 нафар болажонларнинг суннат тўйи байрамона кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Тадбирда "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Ойбек домла Хушвақтов, маҳаллий мутасаддилар, нуронийлар, ҳомийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар юртимизда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва хайр-саховат қадриятларини мустаҳкамлаш, айниқса, етим ва эҳтиёжманд болаларга қувонч улашиш энг улуғ ва савобли амаллардан бири эканини таъкидлади.
Байрам дастури болалар учун тайёрланган махсус шоудастурлар ва қизиқарли ўйинлар билан бойитилди. Тадбир якунида барча болажонларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашдаги фидокорона хизматлари учун "Вақф" фонди Хоразм вилояти филиали раҳбари Алижон домла Матяқубовга ташаккурнома топширилди.
Файзли ўтган тадбир якунида ушбу саховат тадбирига ҳисса қўшган барча ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати