Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан ҳисобланган «Haber» АА сайтида «Биз Бухорода, сиз ҳам келинг!» («Buhara’dayız, siz de gelin!») ва «Aydindenge» сайтида «Ўзбекистон гул юзли одамлар мамлакати» («Güleç yüzlü insanlar ülkesi ÖZBEKİSTAN») сарлавҳали мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Материаллар мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва тарихий шаҳарларимизга бағишланган.
Ушбу нашрларда Ўзбекистоннинг бой маънавий-тарихий мероси, йил сайин ривожланиб бораётган туризм салоҳияти хорижда тобора катта қизиқиш уйғотаётгани таъкидланган.
Муаллифлар Ўзбекистон, хусусан, Бухоро шаҳрига саёҳати, улуғ алломаларимиз мақбаралари зиёратидан олган таассуротларини баён қилган. Уларнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг жозибадорлигини оширадиган қатор жиҳатлар бор. Хусусан, Самарқанддаги дунёга машҳур қадамжолар ва Регистон майдони, Бухородаги «Етти пир» зиёратгоҳлари ҳар қандай кишини ўзига жалб этиши тайин.
Турк журналистларининг ёзишича, жаҳон тарихида муносиб из қолдирган ушбу қадимий гўзал мамлакатнинг тарихий дурдоналарни ҳар бир инсон умри давомида бир марта бўлсада ўз кўзи билан кўриши шарт.
Материалларда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги зиёратгоҳлар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилган. Шунингдек, туркияликларни Ўзбекистонга имкон қадар узоқроқ вақт давомида қолиш ва зиёрат қилишга даъват этилган.
«Бир ҳафталик саёҳат Ўзбекистонни кашф қилиш учун етарли эмас. Бу серқуёш диёрга имкон қадар кўпроқ муддатга сафар қилинг», - деб ёзади муаллифлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати