Мамлакатимизнинг Бокудаги элчихонаси Озарбайжон туризм ва менежмент университетида таҳсил олаётган ватандошимиз Маҳмуд Қораев кўмагида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг онлайн-тақдимотини ўтказди. Унда Озарбайжон туризм ва менежмент университети раҳбарияти ва талабалари, «Yayra Tour» ва «More Tour» сайёҳлик компаниялари вакиллари қатнашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тақдимот иштирокчилари Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, мамлакат туризм саноатининг янги қиёфаси, унинг халқаро стандартларга жавоб берадиган ривожланган инфратузилмаси билан таништирилди.
Шунингдек, мамлакатимиз тарихи, ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Фарғона водийси шаҳарлари меъморчилиги ва маданиятининг энг қадимий ёдгорликлари ҳақида маълумот тақдим этилди.
Бундан ташқари, зиёрат туризми салоҳияти, янги виза сиёсати, сайёҳлик визалари беришнинг соддалаштирилган тартиби, туризм соҳасидаги сармоявий имкониятлар ҳақида сўзлаб берилди.
Элчихона ўзбекистонлик сайёҳларни Озарбайжонга ва озарбайжонлик сайёҳларни Ўзбекистонга етказиш учун икки томонлама чартер авиақатновларини ташкил этишга кўмаклашиш орқали Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги сайёҳлик оқимини тиклаш бўйича амалий чоралар кўраётгани таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Одатда одам бир натижа кўрсатса, нимагадир эришса бунда ўзининг куч ва имкониятлари, ҳаракатларини бирламчи санай бошлайди ва шунда хатога йўл қўяди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг фазлисиз ҳеч ким ҳеч бир нарсага эга бўла олмайди.
UFC чемпиони Жозе Альдо 10 йил мобайнида ҳечам енгилмаган. Лекин Лигада янги жангчи билан урушганида эса 13 секундда нокаутга учраган.
Криштиану Роналдо энг чўққига чиққан эди. Лекин Лига чемпионатида гол ура олмади.
Югуриш бўйича рекордчи Усейн Болт финалда оёғи қайрилиб, финишга етиб бора олмаган.
Машҳур Михаэль Шумахер эса оёғини синдириб олиб, чемпионатни ўтказиб юборган.
Афсонавий шахматчи Роберт Фишер ҳаётидаги энг муҳим ўйинда ёш бола қиладиган хатога йўл қўйиб, ютқазган...
Демак, ҳаётда нима бўлишидан қатъий назар эсда тутинг: насибада борини оласиз. Ҳаракат ва уринишлар сабаблар, холос.
Шундай экан, ҳар ишга сиқилманг. Аллоҳга суянинг. Ҳаммасини Унинг амридан, деб билинг! Адашиб, улоқиб кетишдан паноҳ тиланг. Зотан, инсон барибир ожиздир.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасининг 73-оятида бундай мисол келтиради: “...бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар”. Ростдан ҳам, бир пашша чақса, уни тутишга, биздан олганини қайтариб олишга қодир эмасмиз. Бас, Раббимизга таяниб, ўзимизни, ишларимизни ҳавола қилиб яшайлик, азизлар! Ишонинг, бу энг улуғ саодатдир.
Акбаршоҳ Расулов