Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июл, 2025   |   27 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:54
Хуфтон
21:24
Bismillah
22 Июл, 2025, 27 Муҳаррам, 1447

«Belt & Road News»: "Ўзбекистон 2025 йилда йиллик хорижий сайёҳлар сонини 9 миллионга етказмоқчи"

23.02.2021   1707   2 min.
«Belt & Road News»:

Гонконгдаги етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири "Belt & Road News" ахборот-таҳлилий онлайн порталида шу сарлавҳадаги мақола чоп этилди. У Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ва мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган муҳим чора-тадбирларга бағишланган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган мамлакат сифатида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо алоқалари ва маданий алмашинувлар ривожланишида тарихан муҳим ўрин тутган. Самарқанд, Бухоро, Хива каби кўҳна шаҳарлар маданият ва маърифат марказлари сифатида қадимги цивилизация ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Бугунги кунда ҳам неча-неча асрлардан буён қад ростлаб турган жуда кўплаб тарихий-меъморий обидалар бутун дунё сайёҳларининг эътиборини ўзига жалб этмоқда.

Шунингдек, унда Ўзбекистон томонидан мамлакат сайёҳлик жозибадорлигини юксалтириш, ушбу соҳада фаолият юритаётган хусусий компаниялар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани жабҳани янада ривожлантириш учун хизмат қилаётганига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, нашр Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида жорий йил 1 мартидан эътиборан Хитой, жумладан, Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим жорий этилганини таъкидлар экан, яратилган бундай қулай тизим Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва Ўмон каби мамлакатларга ҳам тааллуқли эканини маълум қилади.

«Ўзбекистон 2025 йилга бориб йиллик хорижий сайёҳлар сонини 9 миллионга етказиш ниятида. Ҳозирги эпидемиологик вазият билан боғлиқ барча чекловларни ҳисобга олганда бу мураккаб вазифа ҳисоблансада, сўнгги йилларда мамлакатда ташқи туризм билан бирга ички туризм ҳам жуда фаол ривожланмоқда. Бу эса туризм соҳасидаги ривожланиш ўсувчанлигини сақлаб қолишда жуда муҳим аҳамият касб этмоқда», - деб ёзади «Belt & Road News».

Нашр ўз ўқувчиларини Ўзбекистонда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, сайёҳлик қадамжоларига бой шаҳарларда ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш ва хизмат кўрсатиш даражасини ошириш масалаларига катта эътибор қаратаётгани билан ҳам таништирган.

Таъкидланганидек, бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатда экотуризм, геотуризм, алпинизм, экстремал, маданий туризм, балиқ овлаш, рафтинг ва бошқа кўплаб янги йўналишларни жадал ривожлантириш учун қулай имкониятларни яратмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонда 52 метрли “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” яратилмоқда

21.07.2025   1362   7 min.
Ўзбекистонда 52 метрли “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” яратилмоқда

Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” бўйлаб жойлаштириладиган миниатюраларнинг тайёрланиш жараёни билан танишиш учун олимлар, мутахассислар иштирокида оммавий ахборот воситалари вакилларига пресс тур ташкил этилди. 


    Иккинчи Ренессанс даври миниатюраларини ўз ичига олган  “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” узунлиги қарийб 52 метр, бўйи бир метрли ганчкор безак билан ҳисоблаганда 5 метрни ташкил этади.


    Девор бўйлаб жами 10 дан ортиқ миниатюра ўрин олади. Деворий суратнинг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда миниатюраларни 50 га яқин рассомлар икки ойдан буён тиним билмай меҳнат қилмоқда.


    Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, рассом Беҳзод Ҳожиметовнинг маълум қилишича, девор учун Ҳирот Бухоро, Самарқанд ва қисман ҳинд миниатюра мактаблари асосида ишланган миниатюралар саралаб олинган. 

    “50 га яқин миниатюралар орасида Шероз, Исфаҳон, Табриз миниатюра мактаблари услубида ишланганлари ҳам бор эди, аммо ўзимизнинг алломалар, тарихий воқеликлар акс этган расмлар танлаб олинди. Бундан ташқари ов, жанг каби манзаралардан воз кечилди. Сабаби деворий суратлар концепцияси биринчи ўринда цивилизациялар, шахслар ҳамда кашфиётлар мавзуларини ўз ичига олади. Миниатюралар ҳам шу мавзулардан четлаб ўтилмаган ҳолда сараланган. 10 дан ортиқ миниатюра чизиш ишларининг 80 фоизини бажариб бўлдик. Музей деворининг баландлиги 8 метрни ташкил қилиб, унинг 3 метрдан юқори қисмига айнан ушбу миниатюралар девори жойлаштириши кўзда тутилган. Mиниатюралар ҳажмини инобатга оладиган бўлсак, уни Гиннесс рекордлар китобига ҳам киритишимиз мумкин. Композицияларимиз юқори сифатли матога, сифатли бўёқлар билан чизилди ҳамда Италиядан келтирилган тилла суви билан ишлов берилди. Эндиликда устахонада ишланган барча ишларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши якунига етган биносига олиб бориб, махсус елимлар билан деворга жойлаштириш ишлари қолган. Миниатюраларни танлашда экспозицияда жойлаштирилган факсимеллар, экспонатлар ва қўлёзмаларни такрорламасликка эътибор қаратилди. Шунингдек, бош ғоя сифатида кашфиётлар ва цивилизациялар мавзусига эътибор берилди.
 
   Миниатюраларнинг айримлари бизгача тўлиқ етиб келмаган, уларни девор ҳажмига мослаштириб, ўз услубидан чиқмаган ҳолда композицияни тўлиқ тикладик. Шунингдек, ҳар бир миниатюралар орасига ўша даврда ишлатилган нақшлар билан ҳошиялар чизилди. Ушбу нақшларни икки хил – Бухоро ҳамда Ҳирот мактаби услубида чиздик. Нақшлардан айнан биттаси илмий кенгаш аъзолари томонидан танланиб, барча миниатюралар орасига жойлаштирилади” – деди рассом Беҳзод Ҳожиметов. 

    
    Қайд этилишича, девордаги миниатюралардан Амир Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилиниши ва унинг илм-фан, маданият ва меъморчилик ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилади. Бу тарихий жараённи ифодалашда Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарининг Лондонда, Британия кутубхонасида сақланаётган нусхасидаги миниатюралардан фойдаланилган. Девор марказида Амир Темурнинг тож кийиш маросими акс этган “Балх қурултойи” миниатюраси жойлаштирган. Асосий эътибор Амир Темурнинг маърифатпарвар ҳукмдор сифатидаги сиймосини кўрсатиб беришга қаратилади. Жумладан, ушбу йирик тасвирий санъат асарида Амир Темур даврида қурилган иморатлар тасвирланади. Шу билан бирга Самарқандда Беҳзод томонидан акс эттирилган Бибихоним масжидининг қурилиш жараёни ҳам алоҳида кўрсатилади. Мирзо Улуғбек ва унинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Улуғбекнинг ҳаётлигида чизилган иккита миниатюра – улардан бири Низомий “Хамса”сидан олинган миниатюра, иккинчиси Ас-Суфийнинг “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” китобидаги Цефей юлдуз туркуми суратидир. Мирзо Улуғбекнинг асл қиёфасини тиклашда бу суратлар катта ўрин тутади. Шу боис рангтасвир асарида ушбу миниатюраларни ҳам акс эттириш назарда тутилади. 


    Хуросондаги Темурийлар даври Ренессансида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг ҳиссаси алоҳида кўрсатилади. Бунда қадимий миниатюралар орқали Ҳирот манзаралари, Навоий, Ҳусайн Бойқаро, уларнинг даврасида турган Абдураҳмон Жомий, Камолиддин Беҳзод, Хондамир сингари Ҳирот маданий муҳити намояндалари кўрсатиб берилади. Шунингдек, Ҳусайн Бойқаронинг илм ва маданият ҳомийси сифатидаги ролини ҳам кўрсатиб бериш мақсад қилинган. Бунда ҳам турли қўлёзмаларда акс этган ана шундай миниатюралардан фойдаланилади. 


    Мазкур экспозицияда Бобур ва Бобурийлар меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бобурга бағишланган қисмда унинг тарихий қўлёзмалардаги миниатюраларидан кенг фойдаланилади. Айниқса, Амир Темурнинг Бобур ва ва унинг авлодлари қуршовида яратилган миниатюраси алоҳида ўрин тутади. 

 

    Шунингдек, Марказий Осиёда Темурийлардан сўнг давлатни узоқ вақт идора қилган Шайбонийлар ва Аштархонийлар давридаги илм-фан, таълим ва маданий ҳаёт ўша даврда чизилган тарихий суратларда ўз аксини топади.


    Ўтказилган тақдимотда бир қатор тарихчи ва санъатшунос олимлар, ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда рассомлар иштирок этиб, “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди. Айрим кўзга ташланган камчиликларни тузатиш бўйича таклифлар берилди.  


   Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов ҳам миниатюралар деворини шакллантиришда рассомлар билан биргаликда фикр алмашиб, ўзининг тавсияларини берган.

   “Марказнинг музей экспозицияси ички контентини бойитиш, марказ деворларини ўз даврига хос миниатюра ҳамда суратлар билан безатиш юзасидан қизғин жараён давом этмоқда.  Марказнинг кенгайтирилган йиғилишлари муҳокамасида олимлар ва мутахассислар томонидан айнан “Иккинчи Ренессанс даври” бўлимини миниатюралардан иборат композиция билан бойитиш таклифи берилган эди. Иккинчи Ренессанс даври Амир Темур тахтга ўтирган пайтдан бошланишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу деворда айнан шу мавзуга мос миниатюра ҳам жойлаштирилади. 1450 йилга оид Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асаридаги миниатюра бугунги кунда Британия кутубхонасида сақланади. Эндиликда биз ушбу миниатюрани Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида кўришимиз мумкин бўлади. 35 ёшли навқирон Амир Темур беклар, саркардалар, сарой амалдорлари ҳамда устозлари қуршовида тасвирланган сурат қўш саҳифада чизилган. Уни рассомларимиз девор ҳажмига мослаштирган ҳолда яхлит композиция сифатида тиклаган. Ушбу миниатюраларнинг ҳар бирининг асоси мавжуд. Ўйлашимча, Марказга ташриф буюрадиган томошабин "Иккинчи Ренессанс даври" залида айнан ўша пайтдаги муҳитни ҳис қилади. Сабаби айни шу даврда миниатюра санъати тараққий этган. Ўша даврнинг энг буюк рассомларидан Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мусаввирлар ижод қилишган. Девор учун танланган миниатюралар ҳам айнан шу мусаввирлар ҳамда уларнинг шогирдлари томонидан ишланган. Бу миниатюраларда ўша пайтдаги давлатчилик, халқ ҳаёти, ижтимоий ҳимоя, аёллар, ёшлар каби масалалар акс эттирилган”, – дейди Рустам Жабборов.


    Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музейида Иккинчи Ренессанс даври миниатюраларини ўз ичига олган  “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” ташриф буюрувчилар кўз ўнгида тарихни жонлантирса, ажабмас. 


Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати

Ўзбекистонда 52 метрли “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” яратилмоқда Ўзбекистонда 52 метрли “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” яратилмоқда
Ўзбекистон янгиликлари