Гонконгдаги етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири "Belt & Road News" ахборот-таҳлилий онлайн порталида шу сарлавҳадаги мақола чоп этилди. У Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ва мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган муҳим чора-тадбирларга бағишланган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган мамлакат сифатида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо алоқалари ва маданий алмашинувлар ривожланишида тарихан муҳим ўрин тутган. Самарқанд, Бухоро, Хива каби кўҳна шаҳарлар маданият ва маърифат марказлари сифатида қадимги цивилизация ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Бугунги кунда ҳам неча-неча асрлардан буён қад ростлаб турган жуда кўплаб тарихий-меъморий обидалар бутун дунё сайёҳларининг эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Шунингдек, унда Ўзбекистон томонидан мамлакат сайёҳлик жозибадорлигини юксалтириш, ушбу соҳада фаолият юритаётган хусусий компаниялар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани жабҳани янада ривожлантириш учун хизмат қилаётганига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, нашр Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида жорий йил 1 мартидан эътиборан Хитой, жумладан, Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим жорий этилганини таъкидлар экан, яратилган бундай қулай тизим Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва Ўмон каби мамлакатларга ҳам тааллуқли эканини маълум қилади.
«Ўзбекистон 2025 йилга бориб йиллик хорижий сайёҳлар сонини 9 миллионга етказиш ниятида. Ҳозирги эпидемиологик вазият билан боғлиқ барча чекловларни ҳисобга олганда бу мураккаб вазифа ҳисоблансада, сўнгги йилларда мамлакатда ташқи туризм билан бирга ички туризм ҳам жуда фаол ривожланмоқда. Бу эса туризм соҳасидаги ривожланиш ўсувчанлигини сақлаб қолишда жуда муҳим аҳамият касб этмоқда», - деб ёзади «Belt & Road News».
Нашр ўз ўқувчиларини Ўзбекистонда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, сайёҳлик қадамжоларига бой шаҳарларда ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш ва хизмат кўрсатиш даражасини ошириш масалаларига катта эътибор қаратаётгани билан ҳам таништирган.
Таъкидланганидек, бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатда экотуризм, геотуризм, алпинизм, экстремал, маданий туризм, балиқ овлаш, рафтинг ва бошқа кўплаб янги йўналишларни жадал ривожлантириш учун қулай имкониятларни яратмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
حدثنا عباس الدوري نا محمد بن بشر العبدي نا مجمع بن يحيى عن عثمان بن موهب عن موسى بن طلحة عن طلحة قال: قلت: يا رسول الله كيف الصلاة عليك ؟ قال: قل :اللهم صل على محمد كما صليت على إبراهيم إنك حميد مجيد وبارك على محمد وعلى آل محمد كما باركت على إبراهيم إنك حميد مجيد.
Мусо ибн Талҳа розияллоҳу анҳу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга салавот қандай айтилади?” деб сўрадим.
У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин камаа соллайта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд. Ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммадин, камаа бааракта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд”, деб айт”, дедилар.
Салавотнинг маъноси: “Аллоҳим! Иброҳимга салавот йўллаганингдек, Муҳаммадга ҳам салавот йўллагин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан. Иброҳимга баракот берганингдек, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам баракот бергин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД