ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бир ҳадисда “Бани исроил ҳақида гапиринглар”, дейилган экан. Шу сўзнинг маъносини тушунтириб берсангиз. Айрим маърузаларда Мусо алайҳиссалом, Бани Исроил ҳақида айтилаётган гаплар шу ҳадисга тушадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазкур ҳадиси шарифнинг тўлиғини қуйидагича:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
بَلِّغُوا عَنِّي ولو آيَةً وَحَدِّثُوا عن بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ وَمَن كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ.
“Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини тайёрлайверсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Мазкур ҳадиси шарифни шарҳлаган уламолар, “Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ”, деган ибора борасида турли гапларни айтганлар.
Кўпчилик уламолар бу ибора Бани Исроил ҳақида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда зикр қилинган қиссаларни айтсангизлар бўлади, деган маънода дейишган. Чунки бунда одамлар учун ибрат ва ваъз-насиҳатлар бор.
Шунингдек, саҳиҳлиги борасида аниқ ҳукм айтилмаган, лекин инсонларни яхшиликка тарғиб қиладиган ривоятларни гапириш ҳам мумкин. Аммо улардаги Ислом шариатига зид келган шаръий ҳукмларни айтиш мумкин эмас, чунки аввалги шариатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келишлари билан бекор бўлиб, амалдан қолган.
Шунингдек, улар ҳақидаги тўқималиги, ёлғон экани аниқ бўлган гапларни ҳам айтиш жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази