Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

ЖАННАТДА АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ БАЁНИ. ЖАННАТДАГИ ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ. АЛЛОҲ АДОЛАТЛИ ВА РАҲМАТЛИ ЗОТДИР.

20.02.2021   3604   23 min.
ЖАННАТДА АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ БАЁНИ.  ЖАННАТДАГИ ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ.  АЛЛОҲ АДОЛАТЛИ ВА РАҲМАТЛИ ЗОТДИР.

 

 

ЖАННАТДА АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ БАЁНИ

02 – يَرَاهُ الْمُؤْمِنُونَ بِغَيْرِ كَيْفٍ    وَإِدْرَاكٍ وَضَرْبٍ مِنْ مِثَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Мўминлар Уни (бандаларга маълум) қандайдир бир ҳолатсиз ҳамда бирор идрок қилишсиз, ва “зарбул масал”сиз кўрадилар.

 

Назмий баёни:

Мўминлар кўрарлар Уни шаклсиз

Ҳамда идроксизу, “зарбул масал”сиз.

 

Луғатлар изоҳи:

يَرَاهُ – феъл ва мафъул. هُ замир жумлада зикр қилинмаган Аллоҳ лафзига қайтади. Кўзланган маъно аниқ бўлгани учун зикр қилинмаган лафзга ҳам замир қайтарилган. 

الْمُؤْمِنُونَ – жам музаккар солим. Фоилликка кўра раф бўлиб турибди.

بِ – “сабабия” маъносида келган жор ҳарфи.

غَيْرِ – ҳол бўлиб келган. Жор мажрур يَرَاهُ га мутааллиқ.

كَيْفٍ– Бу калима, аслида, ҳолатни сўраш учун ишлатилади. Масалан كَيْفَ رَأَيتَ فُلاَنًا (фалончини қандай ҳолатда кўрдинг?), дейилса, бунга жавобан “фалон жойда кўрдим”, “ўтирганини кўрдим”, “турганини кўрдим” каби жавоблар берилади. Нозим бу ерда бандалар Роббиларини ана шундай бандаларга хос сифатларсиз кўришларини баён қилган. 

وَ – мутлақ жамлаш учун келтирилган атф ҳарфи.

اِدْرَاكٍ – идрок қилиш деганда бирор нарсанинг моҳиятини тўлиқ қамраб олиш тушунилади. Бу билан Нозим кўзлар Аллоҳ таолони идрок эта олмаслиги оятда баён қилинганига ишора қилган. 

مِنْ مِثَالِ ضَرْبٍ – бу жумлада келган مِنْ зоида жор ҳарфидир. “Зарбул масал” деганда ақлан ҳис қилинадиган нарсани тасвирлаб бериш тушунилади. Нозим мўминлар Аллоҳ таолони қандай кўрганларини тасвирлаб бера олмасликларини ушбу калималар билан баён қилган.

 

Матн шарҳи:

Мўминлар жаннатга киргач, уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар ато қилинади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бундай улуғ бахтга муяссар бўлган бандалар Аллоҳ таолони кўрадилар. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари қандай бўлиши ҳақида сўз юритиб, Уни шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўришларини баён қилган. Шаклсиз ва тимсолсиз кўриш ҳақидаги сўз худди Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганлари кабидир: 

Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай

Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай[1].

Яъни инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ўтсин, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса кўринсин, Аллоҳ таоло барчасидан бошқача бўлган, олий ва буюк Зотдир.     

Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шу маънода мўминлар Аллоҳ таолонинг жамолига шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз равишда назар ташлайдилар. Бу ҳақида шундай хабар берилган:

﴿وُجُوهٞ يَوۡمَئِذٖ نَّاضِرَةٌ٢٢ إِلَىٰ رَبِّهَا نَاظِرَةٞ٢٣

“У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар”[2].

Кофирлар эса ўша кунда Аллоҳ таолони кўришдан тўсиладилар. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича хабар берилган: 

﴿كَلَّآ إِنَّهُمۡ عَن رَّبِّهِمۡ يَوۡمَئِذٖ لَّمَحۡجُوبُونَ١٥

“Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар”[3].  

“Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор”, – деган. 

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: “Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (ўзини намоён) қиладики, У зотни кўрадилар”, – деган.

Бошқа бир ояти каримада кўзларнинг Уни идрок эта олмаслиги хабар берилган:

﴿لَّا تُدۡرِكُهُ ٱلۡأَبۡصَٰرُ وَهُوَ يُدۡرِكُ ٱلۡأَبۡصَٰرَۖ

“Кўзлар Уни идрок этмас. Кўзларни У идрок этар”[4]

Бу ояти кариманинг маъноси беш хил таъвил қилинган:

  1. Уни кўзлар иҳота қила олмайди. У кўзларни иҳота қилади;
  2. Кўзлар Уни кўрмайди. У кўзларни кўради; Бу сўзни айтувчилар иккита далил келтирадилар:

а) кўзлар олдиларидаги нарсаларни кўради. Кўзлар билан кўриладиган нарсалар орасида фазо бўлиши керак. Шу боис ўзларига жипс бўлиб турган нарсаларни кўрмайди. Агар кўзлар Уни кўрса, У чегараланиб қолиши лозим бўлиб қолади, шунинг учун кўзлар Уни кўрмайди;

б) эшитиш овозларни идрок этганидек, кўриш рангларни идрок этади. У зотни ранглар билан васф қилиш мумкин бўлмаганидек, кўриш билан ҳам васф қилиш мумкин бўлмайди.

  1. Бу дунёда махлуқларнинг кўзлари Уни идрок эта олмайди. Охиратда эса "Роббисига назар солувчилар" маъносидаги оятнинг тақозосига кўра Уни идрок этадилар. У зот эса дунёю охиратда кўзларни идрок этади;
  2. Дунёю охиратда золимларнинг кўзлари Уни идрок эта олмайди. Мўминларнинг кўзлари Уни идрок этади. Чунки идрок этиш осийлардан ман қилиниб, мўминларга ато этиладиган иззат-икромдир;
  3. Кўзлар Уни дунёю охиратда идрок эта олмайди. Лекин Аллоҳ таоло Ўзининг дўстларига улардаги бешта сезгилардан[5] бошқа олтинчи сезгини яратади, Уни ўша алоҳида сезги билан кўрадилар[6].

Аллоҳ таолони кўришнинг ҳақ экани ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган.

عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ البَجَليِّ قَالَ كُنَّا عِنْدَ النبيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَنَظَرَ إِلَى القَمَرِ لَيْلَةَ البَدْرِ فَقَالَ إنَّكُمْ سَتَرَونَ رَبَّكُمْ كَمَا تَرَوْنَ هَذَا القَمَرَ لا تُضَامُّونَ في رُؤْيَتهِ فَإنِ اسْتَطَعْتُمْ أنْ لاَ تُغْلَبُوا عَلَى صَلاَةٍ قَبْلَ طُلُوعِ الشَّمْسِ وَقَبْلَ غُرُوبِهَا فَافْعَلُوا. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

 Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдилар-да: “Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар”, – дедилар”. Муттафақун алайҳ.  

Шарҳ: “Уламолар айтадиларки, Аллоҳ таолони кўриш ҳақидаги сўзда бу икки намознинг зикр қилиниш сабаби шуки, намоз тоатнинг афзалидир. Қолаверса, бу икки намоз, (бомдод ва аср) фаришталар жамланиши, амалларнинг кўтарилиши каби фазилатлар билан бошқа намозлардан афзаллиги собит бўлган. Бу икки намоз  намозларнинг энг афзали бўлганидан кейин уларни ўз вақтида адо этувчиларга энг афзал мукофот муносиб бўлади. Энг афзал мукофот эса Аллоҳ таолога назар солишдир”[7].

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бу ойни кўргандек кўрасизлар” дейишлари кўриладиганни кўриладиганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир. Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор:

  1. Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмайди;
  2. Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қатъи назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар”[8].

                                                    

ЖАННАТДАГИ ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ

 

12 - فَيَنْسَوْنَ النَّعِيمَ اِذَا رَأَوْهُ    فَيَا خُسْرَانَ أَهْلِ الاِعْتِزَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Уни кўрган вақтларида неъматларни унутадилар, бас, эй (одамлар) мўътазилийларнинг адашишлари (дан эҳтиёт бўлинглар).

 

Назмий баёни:

Неъматлар унутилар Уни кўрсалар қачон,

Ҳазир бўлинг, мўътазила аҳлига зиён.

 

Луғатлар изоҳи:

فَ – “таъқийб” маъносида келган атф ҳарфи. Жумлани жумлага атф қилган.

يَنْسَوْنَ – тарк қиладилар, маъносидаги музориъ феъли.  

النَّعِيمَ – мафъулликка кўра насб бўлиб турибди.

اِذَا – “шартия” маъносида келган зарф ҳарфи.

رَأَوْهُ – феъл, фоил ва мафъул. رَأَى феъли кўз билан қарашга нисбатан ҳам, ақлий назарга нисбатан ҳам ишлатилади. Бу ерда кўз билан қараш маъносида ишлатилган.

فَ – “таълилия” (изоҳлаш) маъносида келган.

يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи. Мунодоси маҳзуф.

خُسْرَانَ – маҳзуф феълнинг мафъули бўлганига кўра насб бўлиб турибди. Луғатда “зарар кўриш”, “ҳалок бўлиш” ва “адашиш” маъноларини англатувчи масдар исм.

الاِعْتِزَالِ أَهْلِ – музофун илайҳ. Эътизол аҳлидан мўътазилий фирқаси назарда тутилган. إِعْتَزَلَ феъли бировнинг бирор нарсадан воз кечиб, уни ўзи ташлаб кетишига нисбатан ишлатилади. إِنْعَزَلَ феъли эса бировнинг бошқа биров томонидан четлаштирилишига нисбатан ишлатилади.

 

Матн шарҳи:

Жаннатийларга кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар ато қилинади. Жаннатдаги  неъматлар шундай васф қилинган:

﴿عَلَىٰ سُرُرٖ مَّوۡضُونَةٖ١٥ مُّتَّكِ‍ِٔينَ عَلَيۡهَا مُتَقَٰبِلِينَ١٦ يَطُوفُ عَلَيۡهِمۡ وِلۡدَٰنٞ مُّخَلَّدُونَ١٧ بِأَكۡوَابٖ وَأَبَارِيقَ وَكَأۡسٖ مِّن مَّعِينٖ١٨ لَّا يُصَدَّعُونَ عَنۡهَا وَلَا يُنزِفُونَ١٩ وَفَٰكِهَةٖ مِّمَّا يَتَخَيَّرُونَ٢٠ وَلَحۡمِ طَيۡرٖ مِّمَّا يَشۡتَهُونَ٢١ وَحُورٌ عِينٞ٢٢ كَأَمۡثَٰلِ ٱللُّؤۡلُوِٕ ٱلۡمَكۡنُونِ٢٣ جَزَآءَۢ بِمَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ٢٤

(Улар олтиндан) ясалган сўриларда, ястанган ҳолларида бир-бирларига юзма-юз бўлиб (ўтирурлар). Устиларида эса мангу ёш болалар айланиб (хизматда) юрурлар оқар чашмадан олинган (май тўла) қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар. Яна ўзлари танлаб оладиган мева билан, иштаҳалари тортадиган қуш гўштлари билан ҳам (таъминлаб турурлар). Яна (улар учун) оппоқ юзли катта ва чиройли кўзли ҳур қизлар ҳам бўлурки, улар худди (пардага) ўралган дурлар кабидирлар. Бу улар (дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир[9].

Шунчалик ажойиб нозу неъматлар ичида бўлган жаннатийлар Аллоҳ таолонинг жамолини кўрган пайтларида олдиларидаги барча неъматларни унутар эканлар. Шу маънода Ҳишом ибн Ҳассон: “Албатта, Аллоҳ таоло жаннат аҳлига Ўзини намоён қилади. Жаннат аҳли Уни кўрган пайтларида жаннат неъматларини унутадилар”, – деган[10].

Аммо жаннатийлар Аллоҳ таолони кўрганларидан сўнг жаннат неъматлари уларга арзимас бўлиб қолмайди. Балки жаннатийлар Аллоҳ таолони кўрган вақтларида, Унинг тасвирлаб бўлмайдиган даражада улуғлигидан бошқа неъматларни унутиб, унга маҳлиё бўлиб қоладилар. У зот жамолини тўсгандан кейин эса кўрилган нарсани тасвирлаб, тушунтириб бера олмасликлари, ёдда сақлаб қола олмасликлари, қандай эканини идрок эта олмасликлари сабабли яна жаннат неъматларидан роҳатланиб яшайверадилар.

Мулла Али Қори байтдаги فَيَا خُسْرَانَ маъносидаги сўзни грамматик жиҳатдан шарҳлаб, ҳарфи нидонинг мунодоси маҳзуф деганлар ва бу сўзларига имом Шотибийнинг[11] сўзларидан далил келтирган:

وَلَوْ أَنَّ عَيْناً سَاعَدتْ لتَوَكَّفَتْ سَحَائِبُهَا بِالدَّمْعِ دِيماً وَهُطّلاَ

وَلكِنَّها عَنْ قَسْوَةِ الْقَلْبِ قَحْطُهاَ فَيَا ضَيْعَةَ الأَعْمَارِ تَمْشِى سَبَهْلَلاَ

Агар кўз ёрдам берса, булутлари қуярди,

Давомли ёш ёмғирларин киприклардан бетиним.

Лекин қалб қаттиқлиги уларни қуруқ қилди.

Эй (халойиқ, сақланинглар) умрларнинг  зое ўтишидан[12].

Яъни ушбу فَيَا ضَيْعَةَ الْأَعْمَارِ  ҳам нидо ҳарфидан сўнг “халойиқ” деган мунодо ҳазф қилинган. 

Мулла Али Қори “Ҳазир бўлинг мўътазила аҳлига зиён” деган байтда мўътазилий фирқасидагилар борди-ю жаннатга кирсалар ҳам, Аллоҳни кўришни инкор қилганликлари сабабли ушбу улуғ  неъматдан маҳрум бўлишларига ишора бор, – деган. Чунки банда Аллоҳ таоло тўғрисида қандай ўйласа, унга бериладиган жазо ё мукофотнинг ўша ўйга мувофиқ бўлиши хабарларда келган:

 عَنْ حِبَّانَ بْنِ أَبِي النَّضْرِ قَالَ خَرَجْتُ عَائِدًا لِيَزِيدَ بْنِ الأَسْوَدِ فَلَقِيتُ وَاثِلَةَ بْنَ الأَسْقَعِ وَهُوَ يُرِيدُ عِيَادَتَهُ فَدَخَلْنَا عَلَيْهِ فَلَمَّا رَأَى وَاثِلَةَ بَسَطَ يَدَهُ وَجَعَلَ يُشِيرُ إِلَيْهِ فَأَقْبَلَ وَاثِلَةُ حَتَّى جَلَسَ فَأَخَذَ يَزِيدُ بِكَفَّيْ وَاثِلَةَ فَجَعَلَهُمَا عَلَى وَجْهِهِ  فَقَالَ وَاثِلَةُ  كَيْفَ ظَنُّكَ بِاللهِ قَالَ ظَنِّي بِاللهِ وَاللهِ حَسَنٌ  قَالَ فَأَبْشِرْ فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ قَالَ اللَّهُ  عَزَّ وَجَلَّ  أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي إِنْ ظَنَّ خَيْرًا فَلَهُ وَإِنْ ظَنَّ شَرًّا فَلَهُ.  رَوَاهُ  أَحْمَدُ بْنُ حَنْبَلٍ

 Ҳиббон ибн Аби Назрдан ривоят қилинади: “Язид ибн Асвадни (бемор бўлиб ётган эди) кўргани чиқдим. Йўлда Восила ибн Асқоъга йўлиқдим, у ҳам Язид ибн Асвадни кўргани кетаётган экан. Иккаламиз унинг ёнига кирдик. У Восилани кўргач, унга қўлларини чўзиб, ёнига ишора қилди. Восила унинг ёнига бориб ўтирди. Язид Восиланинг иккала кафтларини ушлаб, ўз юзига босди. Восила унга: “Аллоҳ тўғрисида қандай ўйдасан”, – деди. У: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ тўғрисидаги ўйим яхшидир”, – деди. Восила унга: “Хурсанд бўлавер, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ азза ва жалла айтдики: “Мен бандамнинг мен тўғримда қилган ўйидаман, агар яхши  ўйлаган бўлса, ўзига яхши, агар ёмон ўйлаган бўлса, ўзига ёмон”, деганларини эшитганман”, – деди”.  Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.  

Шунинг учун ҳар бир мўмин киши, иншааллоҳ, Аллоҳ мени кечиради, жаннатига киритади ва у ерда Унинг жамолини кўраман, деган ўйда бўлиб, шу ўйига яраша ҳаракат қилиб бориши керак.

 

АЛЛОҲ АДОЛАТЛИ ВА РАҲМАТЛИ ЗОТДИР

 

22 – وَمَا إِنْ فِعْلُ أَصْلَحَ ذُو افْتِرَاضٍ  عَلَى الْهَادِي الْمُقَدَّسِ ذِي التَّعَالِي

 

Маънолар таржимаси:

Олийлик соҳиби муқаддас (махлуқларнинг сифатларидан холи) Ҳодийга “аслаҳ иши” асло фарз бўлмайди.

 

Назмий баёни:

“Аслаҳ  иши” фарз эмас улуғ Ҳодийга,

Нуқсонлардан холи Мутаолийга.

 

Луғатлар изоҳи:

مَا – нафий ҳарфи. Нафийни таъкидловчи зоида إِنْ билан бирга келгани сабабли لَيْسَ нинг амалини қила олмайди[13].

إِنْ – нафийни таъкидлаб келган зоида ҳарф.

فِعْلُ – мубтадо. Музоф бўлгани учун танвинли бўлмайди.

أَصْلَحَ – музофун илайҳ, ғойру мунсориф бўлгани учун фатҳа билан мажрур бўлиб турибди.

ذُو – хабар бўлгани учун марфуъ бўлиб турибди. Таҳқиқларга кўра ушбу таркиб мўътабар ҳисобланади.

افْتِرَاضٍ – музофун илайҳ. Луғатда “зиммага юклаш” маъносидаги масдар.

عَلَى – “истеъло” (устун бўлиш) маъносида келган жор ҳарфи.

الْهَادِي – Ҳодий Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, луғавий жиҳатдан икки хил маънони ифодалайди:

  1. Тўғри йўлни кўрсатувчи;
  2. Ҳидоятни яратувчи.

الْمُقَدَّسِ – луғатда “нолойиқ сифатлардан холи” маъносини англатади. Нозим бу сўз билан Аллоҳ таолонинг اَلْقُدُّوسُ исмига ишора қилган.

 التَّعَالِي ذِي – луғатда “олийлик соҳиби” маъносини англатади. ذِي “асмои ситта”дан бири бўлиб, “соҳиб” маъносини англатади. الْهَادِي га сифат бўлгани учун мажрур бўлиб турибди. Бу сифат билан Аллоҳ таолонинг اَلْمُتَعَالِي исмига ишора қилинган.

 

Матн шарҳи:

Ушбу байт ҳам мўътазилий фирқасига раддия тарзида ёзилган байтлардан биридир.  Ўзларини “Адолат ва тавҳид тарафдорлари” деб аташган бу фирқа “Аллоҳ адолатли зот, шунинг учун Унга бандаларга яхши бўлган ишни ихтиёр қилиш вожиб бўлади”, деган даъвони қилишгани учун уларга раддия маъносида мазкур баҳслар қилинган. Уларнинг ўзлари ҳам бу масалада ўзаро ихтилоф қилишган. Уларнинг асосий даъволари шуки, “Солаҳ” (яхшилик қилиш) ва “Аслаҳ” (ҳиммат кўрсатиш) Аллоҳ таолонинг зиммасига вожиб бўлади. “Солаҳ” деганда  куфрнинг муқобилидаги иймон, касалликнинг муқобилидаги соғлик каби, фасод ишнинг муқобилидаги яхши ишлар тушунилади. Агар бандага икки ишдан бири – ё унинг жаннатга кириши, ё дўзахга кириши каби иш рўбарў бўладиган бўлса, Аллоҳ таолонинг зиммасига банда учун “солаҳ” бўлган ишни қилиши ва шунга кўра, уни жаннатга киритиши вожиб бўлади. “Аслаҳ” (ҳиммат кўрсатиш) деганда эса банданинг қилган амалига яраша савоб бериш муқобилидаги амалидан кўпроқ савоб бериш каби ишлар тушунилади. Агар банда учун “солаҳ” бўлган жаннатда бўлиши ё “аслаҳ” бўлган” ундаги олий мақомда бўлиши каби икки иш кўндаланг келиб қолса, Аллоҳ таолонинг зиммасига “аслаҳ” вожиб бўлгани учун уни жаннатдаги олий мартабага кўтариши лозим бўлади”. 

Мўътазилийларнинг ушбу даъвоси Имом Ашъарийнинг уларнинг йўллари хато эканини англаб етишига сабаб бўлган масала ҳисобланади. Ушбу масала ҳақида имом Ашъарий ва мўътазилий етакчиси Абу Али Жуббоий ўртасида қуйидаги баҳс-мунозара бўлиб ўтган:

Имом Ашъарий: “Уч киши ҳақида нима дейсиз, улардан бири мўмин ҳолида, иккинчиси кофир ҳолида, учинчиси ёш бола ҳолида дунёдан ўтган бўлса, уларнинг оқибати нима бўлади”, – деди.

Жуббоий: “Мўмин жаннат билан мукофотланади, кофир дўзах билан жазоланади, ёш бола эса мукофотланмайди ҳам, жазоланмайди ҳам”, – деб жавоб берди.

Имом Ашъарий: “Агар ёш бола жаннатга киришни хоҳласа, унинг жаннатга кириши мумкин эмасми”, – деди.

Жуббоий: “Йўқ, унга: “Жаннатга солиҳ амал қилган мўмин киради, сенинг эса солиҳ амалинг йўқ” деб жавоб берилади”, – деди.

Имом Ашъарий: “Агар ёш бола: “Айб менда эмас-ку, агар мен улғайганимда албатта солиҳ амалларни қилиб жаннатга кирган бўлар эдим”, деса унга нима дейилади”,  – деди.

Жуббоий: “Аллоҳ таоло унга: “Агар сен улғайганингда исён қилиб жазога гирифтор бўлишингни билган эдим. Шунинг учун сенга “солаҳ” (яхши бўлган иш)ни ихтиёр қилиб ёшлигингда вафот эттирдим, – дейди” – деб жавоб берди.

Имом Ашъарий: “Ундай бўлса дўзахга гирифтор бўлган кофир: “Унинг ҳолатини билганингдек меникини ҳам билгансан-ку, нима учун менга “солаҳ” (яхши бўлган иш)ни ихтиёр қилмадинг”, деса унга нима жавоб бўлади”, – деди.

Жуббоий нима дейишни билмай жим қолди. 

  Ана шундан кейин Имом Ашъарий мўътазилий фирқасининг қарашларини чуқур таҳлил қилиб уларнинг хато эканини англаб етган ва омма халққа тўғри йўлни кўрсатишга киришган.

Мўътазилий фирқасининг даъволарига қатъи далиллар асосида кескин раддиялар берилган. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақида Аҳли сунна вал-жамоанинг қарашларини қисқа ва лўнда қилиб:    

“Аслаҳ  иши” фарз эмас улуғ Ҳодийга,

Бирор бир нуқсонсиз Мутаолийга.

дея баён қилиб қўя қолган. Ҳа, махлуқотларнинг сифатларига ўхшашдан олий бўлган Аллоҳ таолога ҳеч қачон бирор нарсани қилиш фарз бўлиб қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч қачон бирор нарсани мажбур бўлиб қилмайди, мажбур бўлиб бажариш бандаларга хосдир.

Мўътазилийларнинг қилган даъволари ботил эканига кўплаб далиллар келтирилган: 

﴿وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ لَجَعَلَكُمۡ أُمَّةٗ وَٰحِدَةٗ وَلَٰكِن يُضِلُّ مَن يَشَآءُ وَيَهۡدِي مَن يَشَآءُۚ وَلَتُسۡ‍َٔلُنَّ عَمَّا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ٩٣

“Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин У, ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва ўзи хоҳлаган кишиларни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Албатта, (сизлар бу дунёда) қилиб ўтган ишларингиздан сўралурсиз”[14].

Яъни агар Аллоҳ хоҳлаганида бутун инсониятни бир-бирлари билан ихтилоф қилмайдиган, фирқаларга бўлинмайдиган бир миллат вакиллари қилиб қўйган бўларди. Лекин У зотнинг ҳикмати уларни ўз ихтиёрларига қўйиб қўймоқни тақозо қилди. Баъзи инсонлар залолатни ихтиёр қилдилар, баъзи инсонлар ҳидоятни ихтиёр қилдилар. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани ёрдамсиз қолдириши билан залолатга кетказди, хоҳлаганини эса фазлу марҳамати билан ҳидоятга муваффақ қилди. 

 Ушбу оятда банда учун энг яхши ва энг манфаатли бўлган ҳидоятнинг Аллоҳ таолога вожиб эмаслиги, балки хоҳлаганини залолатга кетказиши ва хоҳлаганини ҳидоят қилиши баён қилинмоқда. Бундан бировни залолатга кетказиши Унинг адолати, ҳидоятга йўллаши  эса Унинг фазлу марҳамати экани, асло ва асло Унга ҳеч нарса вожиб бўлиб қолмаслиги тушунилади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳикамул Атоия”да шундай деган: “Барча нарслар Аллоҳ таолонинг хоҳишига суянади. Унинг хоҳиши эса ҳеч нарсага суянмайди”.

Шарҳ: борлиқдаги барча нарсалар Аллоҳ таоло хоҳлагани сабабли вужудга келган бўлади. Аллоҳ таолога эса уларни хоҳлашини вожиб қиладиган бирор сабаб бўлмайди. Чунки У зотнинг хоҳиши сабаблар билан чегараланган эмасдир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ПАЙҒАМБАРЛАР ВА ФАРИШТАЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ БАЁНИ:

Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлар;

Пайғамбарларга иймон келтириш тушунчаси;

Пайғамбарларнинг умумий адади ҳақида эътиқодимиз;

Фаришталарга иймон келтириш тушунчаси;

Фаришталарга иймон келтиришнинг мўмин ҳаётидаги таъсири;

Фаришталар қачон яратилган?

Фаришталарни асл қиёфаларида кўриш мумкинми?

Фаришталарнинг ададлари қанча?

Фаришталар ухлайдиларми?

Фаришталар гўзал суратда бўладиларми?

 

[1] Сўфи Оллоҳёр. Саботул ожизин. – Тошкент: “Чўлпон нашриёти”, 1991. – Б. 9.

[2] Қиёмат сураси, 22, 23-оятлар.

[3] Мутаффифун сураси, 15-оят. 

[4] Анъом сураси, 103-оят.

[5] Инсондаги сезгилар: 1. Эшитиш; 2. Кўриш; 3. Ҳидлаш; 4. Там билиш; 5. Теккизиб билиш.

[6] Али ибн Муҳаммад. Нукату вал Уъюн. “Мактабатуш шомила”. – Б. 151.

[7] Файсол ибн Абдулазиз. Татрийзу Риёзис солиҳийн. “Мактабатуш шомила”. – Б. 99.

[8] Ибн Ражаб. Фатҳул Борий.  “Мактабатуш шомила”. – Б. 134. 

[9] Воқеа сураси, 15, 24-оятлар.

[10] Ибн Батто. Ибонатул Кубро 6-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 96. 

[11] Имом Шотибий қироат имомларидан бири бўлиб, ҳижрий 590 йилда вафот этган. Қироат илмига бағишлаб ёзилган “Ҳирзул аманий” асари 1173 байтдан иборатдир. Имом Шотибий қироат илми имоми бўлиши билан бир қаторда луғат ва грамматика илмининг ҳам билимдони бўлган. У зот шу қадар иқтидорли бўлганки, мазкур 1173 байтдан иборат бўлган шеърий асарининг ҳар бир қаторини لا ҳарфи билан тугаллаб ёзган. 

Уламолар араб тили билимдони сифатида машҳур бўлган зотларнинг сўзларини наҳв сарф қоидаларидан бирортасини исботлаш учун келтирадилар. Шу маънода Мулла Али Қори ҳам бу зотнинг сўзларини далил қилиб келтирган.  

[12] Имом Шотибий “Ҳирзул аманий” 82-83-байтлар. “Мактабатуш шомила”.

[13] Бу ҳақидаги маълумот 11-байтнинг изоҳида баён қилинди.

[14] Наҳл сураси, 93-оят.

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги

22.11.2024   2147   15 min.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти

Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.

У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.

У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.

Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.

Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.

Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.

Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.

«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».

Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.

 

Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат

Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.

Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.

 

Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти

Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.

Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.

Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда ва­фот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.

 

Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)

Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.

 

Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши

Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.

 

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши

Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.

 

Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон

(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692705)

Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги

Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.

Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.

 

Фатҳлар

Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.

Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.

 

Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)

Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.

У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.

Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.

 

Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий

Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.

Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.

 

Хаворижлар

Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.


Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар

– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.

– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.

– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.


Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти

Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.

 

Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.