Жорий йилнинг январь ойи ўрталарида бахтсиз ҳодиса сабаб, пойтахтимизнинг Юнусобод тумани «Бободеҳқон» маҳалласида жойлашган учта хонадон аланга ичида қолади. Олов хонадон эгаларининг уйлари билан бирга, бор-будини, кийим-кечак ва ҳатто ҳужжатларини ҳам кулга айлантиради.
Мазкур ҳолатдан хабар топган Вақф фонди мутасаддилари томонидан 29 январь куни “Обод хонадон” акцияси эълон қилиниб, 18 февралга қадар зарур бўлган 90 миллион сўм маблағ йиғилди.
Бугун, Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Абдураҳмонов, «Бободеҳқон» маҳалласига ташриф буюриб ушбу хонадон эгаларининг ҳар бирига 30 миллион сўмдан жами 90 миллион сўм хайрия маблағлари ва озиқ овқат-маҳсулотларини топширди.
Уйи қайта қурилаётганидан хурсанд бўлган 84 ёшли Абдували бобо: “Вақф фонди ходимлари, хайрия қилган ва ҳисса қўшган барча инсонлардан Аллоҳ рози бўлиб, ўйлаган эзгу ниятларига етказсин”, дея дуо қилди.
“Қисқа фурсатда, маҳалламиз аҳолиси ва саховатпеша ватандошларимиз томонидан, кўплаб моддий ёрдамлар, озиқ овқат маҳсулотлари ҳамда қурилиш моллари эҳсон қилинди. Аксарият кишилар манзилларингизни Вақф фонди ходимларидан олдик деб айтишди. Маҳалламиз номидан фонд ходимлари ва эҳсон соҳибларига ташаккурлар изҳор этамиз”, деди, «Бободеҳқон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Бекмуҳаммедов.
Вақф фонди мазкур акцияда иштирок этган барча саҳоватпеша ватандошларимизга ўз миннатдорлигини билдиради.
Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати
Шу йил 23 декабрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳар ва вилоятлар вакилликларининг ҳуқуқшунослари, кадрлар масалалари бўйича мутахассислари учун онлайн семинар-тренинг ўтказилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Ҳуқуқшунослик бўлими мудири в.б. Жаҳонгир Хотамов ва Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов ҳуқуқий ва ҳужжат юритиш бўйича нутқ қилдилар. Жумладан, диний ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини барча масъул ходимларга етказиш орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам равишда ошириб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ижрочиларга тўлиқ етказиш, меҳнат қонунчилигига оид ҳужжатларни тўғри юритиш ва масъул ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, диний соҳа ходимларини қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиб бориш, кадрлар фаолиятига оид буйруқларни тўғри расмийлаштириш, ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ тизимлаштириш, рўйхатдан ўтказувчи ташкилотларга ўз вақтида ҳисобот тақдим этиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш каби масалаларга ҳам урғу қаратилди.
Йиғилишда мутахассислар томонидан берилган саволларга масъуллар жавоб бериш баробарида келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати