frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

БОБУР ВА ИСЛОМ: «МУБАЙЯН»НИНГ ЁЗИЛИШ САБАБИ

17.02.2021   4289   4 min.
БОБУР ВА ИСЛОМ: «МУБАЙЯН»НИНГ ЁЗИЛИШ САБАБИ

Бобур Мирзо «Мубайян» асарини Ҳиндистон юришлари даврида, ҳижрий 928 (милодий 1521) йилда  шеърий йўлда тасниф этган. Китоб хотимасида айтади:

Маккийдан Расул кетганидин

Ҳижрат айлаб, Мадина етганидин –

Йил тўқуз юз йигирма секиз эди,

Фиқҳда Бобур ушбу назм деди.

 

Асарда соғлом исломий ақийда – Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди ва ислом дини рукнлари фиқҳий масалалари равшан баён қилинган бўлиб, валиаҳд Ҳумоюн Мирзо  ва Комрон Мирзога дастуруламал сифатида мўлжалланган. Чунончи, «Китоб назмининг сабаби» бўлимида фарзандларига хитоб қилиб айтади:

 

Билгасен, эй хужастаи фарзанд,

Жигарим бирла жонима пайванд;

Масъалаларки, ул зарур эрди,

Билмасанг, динингга қусур эрди.

 

Яъни: «Эй муборак, яхши, бахтли фарзандим, жон ва жигаримга пайвандим! Шундай зарур масъалалар бор эдики, агар уларни билмасанг, дину иймонингга қусур – нуқсон етар эди”.

 

Етди кўнглумғаким, йиғиштурсам,

Назм тартибида сиғиштурсам,

То ани забт қилгасен осон,

Ул масоилни билгасен яксон.

Тонглалиқ кундаким, ҳисоб ўлғай,

Менга ажру сенга савоб ўлғай.

 

“Шу сабабдан кўнглимга келдики, бу масъалаларнинг барчасини жамласам ва назм тартиби билан баён этсам, токи бу фиқҳий масалаларни осон эгаллаб, уни бирдай билиб олгайсан. Бундан эрта қиёмат куни ҳисоб-китоб бўлган вақтда сенга ажр-мукофот, менга ҳам савобу самара бўлгай».

Демак, Бобур бу асарни ўз фарзандларига ва уларнинг сиймоси орқали бутун туркий китобхонларга ислом илмларини эгаллашлари учун ёдгор қилиб қолдирган. Яна ушбу васиятомуз сатрларни ҳам битадики:

 

Бебақо дунё иши саҳлдурур,

Дин ишин қилғай улки, аҳлдурур.

 

Яъни: “Ўткинчи дунё иши енгилдир, осондир, аммо дин ишини эса фақат аҳли – лаёқати, ҳаққи-ҳуқуқи бўлган кишилар қилади”.

Бутун умри меҳнат, машаққат, дард ва жангу жадаллар  билан ўтган шоҳ Бобур дунёнинг ишини енгил ва осон деб санаши ва охират ишига улкан аҳамият бериши у зотнинг қандай улуғ қалб, сабот ва матонат эгаси эканлигини англатади.

 

Дину донишда ҳар кун афзун бўл,

Давлату бахт ила Ҳумоюн бўл.

Комрон бўл жаҳонда, давлат кўр,

Юз туман обрўю иззат кўр.

 

Бобур бу байтларда икки фарзандининг исмини айтиш орқали исмлар маъносига ҳам эътиборни қаратади ва шу номларга муносиб-мувофиқ  инсонлар бўлишни уларга васият қилади: «Дину донишда ҳар кун ортиб, ривожланиб, давлату бахт билан Ҳумоюн – муборак, бахтиёр бўл. Жаҳонда Комрон – муродига етган бахтли инсон бўлиб, давлат кўр ва юз минг обрўю иззат кўр!» – дейди.

Таъкидлаш жоизки, Бобур Мирзо “Бобурнома” асарида ҳам бир неча ўринда нозик фиқҳий масалаларга тўхталиб ўтади. шунингдек, унда масофа ўлчов бирлиги бўлган ҳиндча “куруҳларни мил (ўлчов бирлиги) билан тайин қилилди” дейди ва шу ўринда “Мубайян” асаридан уч байт келтириб, олти мисрада ўлчов бирлигининг арабча, ўзбекча, форсча, ҳиндча мил, куруҳ, қадам, қари, тутам, элик, жави арзий каби еттита истилоҳини қўллайди: “Бир мил тўрт минг қадамдир (1848 метрдир). Билгинки, ҳинд эли уни бир куруҳ (4000 газ) дейди. Бу қадамни бир ярим қари дедилар[1] (қари – бир метр чамасидаги ўлчов бирлиги). Билки, ҳар қари олти тутамдир. Бир тутам тўрт эликдир, яна бир элик олти жави арзий (олти бармоқ эни) бўлди, бу илмни билиб ол”. Яъни, Бобур Мирзонинг донишманд фақиҳ  эканлиги бошқа асарларидан ҳам маълум бўлиб туради.

 

[1] Бобурнома, Тўқуз юз ўттиз бешинчи (1528) йил воқеалари, Ўзбекистон Фанлар академияси  нашриёти,  1963  йил,  423-бет.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

14.08.2026   26069   1 min.
Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.

Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари