Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Бош котиби Бағдод Амреев Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқандга сафар қилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Б.Амреев Самарқанднинг Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда ансамбли, Улуғбек расадхонаси ва Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси каби диққатга сазовор жойларини зиёрат қилди.
Ушбу сафар якунида Бош котиб маҳаллий оммавий ахборот воситаларига интервью бериб, шаҳарнинг маданий-тарихий мероси ҳақидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Унинг таъкидлашича, асрлар давомида бу қадимий ва муаззам шаҳар дунёнинг турли тамаддунлари ўртасидаги савдо-сотиқ, маданий-гуманитар, илмий-мафкуравий алоқаларнинг ривожланиши тарихида жуда муҳим рол ўйнаган.
У туркий халқлар Самарқанд билан фахрланишини урғулади. Бағдод Амреев таъкидлашича, Марказий Осиёда икки Уйғониш даврида ривож топган Самарқанднинг тарихий ва маданий диққатга сазовор жойлари унда чуқур таассурот қолдирган. Бу даврларда юксак ақл-идрок соҳиблари ва олимлар жаҳон илм-фани равнақига улкан ҳисса қўшган.
Б.Амреев Самарқанд меъморчилиги нафақат туркий халқларнинг, балки бутун дунёнинг ўзига хос маданий мероси эканини таъкидлаб, шаҳарни халқаро майдонда кенгроқ тарғиб этишга кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 1 июнь куни Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Жидда шаҳрида ташкил этилган 49-ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси вазирлар, муфтийлар, уламолар ва ҳаж хизматига алоқадор турли соҳалар етакчилари билан бирга иштирок этди.
Мамлакатимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ва бир қатор соҳа мутасаддилари қатнашди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган анжуманни мамлакат Ҳаж ва умра ишлари вазири кириш сўзи билан очиб, мартабали меҳмонларни Маккаи мукаррамага ташрифлари ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида сўзлади.
Халқаро анжуман доирасида ҳаж ибодатини енгиллаштириш, зиёратчиларга қулай шароит яратиш, жорий ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётгани, ҳожилар саломатликларига эътибор қилишлари, Арафот ҳудудидаги Раҳмат тоғига чиқишдан сақланишлари, шунингдек, ҳаж хизматидаги ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Халқаро анжуманда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг зиёратчиларга хизмат кўрсатиш соҳасида амалга ошираётган кўламли ишлари ҳақида сўз юритилди. Мусулмонларга хизмат қилиш учун Икки Муқаддас Масжиддаги энг муҳим лойиҳа ва катта ўзгаришлар тақдимот қилинди. Шунингдек, ҳаж амалини адо этишда қонуний рухсатномаларга ва амалдаги қоидаларга риоя қилиш алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказилади. Бу йилги анжуманда 50 дан ортиқ давлатдан 500 дан зиёд олим ва мутафаккирлар мавзу юзасидан муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати