Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ва қатор таниқли инфлюенсерлари Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга келишди. Меҳмонлар 5 кун давомида мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳияти билан яқиндан танишади. Мазкур турдан Ўзбекистон имижини тарғиб қилиш ва зиёрат туризмини ривожлантириш кўзланган. Ушбу ташриф “Asialuxe Travel” миллий туроператори Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган.
Меҳмонлар орасида Йилмаз Али Абдусселам (7,21 миллион обуначи), Гўк Керем (528 минг обуначи), Бекар Ҳалил Иброҳим (88,1 минг обуначи), Катана Йилмаз Ҳусейн (297 минг обуначи) ва Генч Меҳмет (492 минг обуначи), Ёсир Йилмаз (853 минг обуначи) каби фаол You-Tube блогерлар бор.
Медиа-гуруҳ 12 февралдан 17 февралга қадар Ўзбекистонда бўлиб, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишни режалаштирилган. Саёҳат давомида инфлюенсерлар гуруҳи юртимизнинг муқаддас қадамжоларида зиёрат қилишади. Шунингдек, мамлакатимиз маданияти, қадриятлари ва туризм тармоқлари хусусиятлари билан яқиндан танишади. Ташриф доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида медиа-гуруҳ ва масъуллар иштирокида учрашув ўтказилади.
Маълумот ўрнида: «Asialuxe Travel» туроператори 2018 йилда ташкил этилган. Унда инновацион ёндашув, барча фойдаланиши учун максимал ва содда қулай шароитларни яратишни мақсад қилган. Компаниянинг Ўзбекистон ва Туркияда ваколатхонаси бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шу йил 11 январь куни Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ҳамда Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги дўстона муносабатлар жадал ривожланаётгани, Аллоҳ таолонинг меҳмони бўлган зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатилаётгани алоҳида қайд этилди.
Айниқса, ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилгани, кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж амалларини бажаргани юқори баҳоланди. Умра сафарлари учун чекловлар олиб ташлангани, қонуний тартибга солингани таъкидланди.
Сўнгги йилларда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан юртимизда ҳаж ва умра сафарлари йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташкилий тадбирлар, ҳуқуқий асослар, рақамлаштириш жараёнлари ва ўзбекистонлик зиёратчиларнинг тартиб-интизоми Саудия томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа сўзининг давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этиш баробарида заминимиздан нафақат ислом уламолари, балки дунё цивилизациясига катта ҳисса қўшган Ибн Сино, ал-Хоразмий каби буюк мутафаккирлар, илм-фан намоёндалари етишиб чиққани ва юртдаги бугунги ўзгаришлар яна мана шундай алломалар чиқишига пойдевор бўлишини таъкидлади.
Мулоқот якунида томонлар эсдалик совғалари топширдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати