Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ражаб ойи Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар берган тўрт ҳаром ойнинг биттасидир. Бу ойларда қабилалар ўртасида уруш, йўлтўсарлик, қон тўкиш каби тажовузкорлик қилиш ман этилади — ҳаром қилинади.
Бу қоида жоҳилият даврида ҳам мавжуд эди, Ислом келгандан сўнг ҳам ўз кучида қолди ва Қуръони Карим ояти ва Суннат билан қувватланди.
Бу ойлардан учтаси: Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам кетма-кет ойлар, биттаси — Ражаб ойи эса алоҳидадир. Бунинг ҳикмати шуки, Зулҳижжа ойи Ҳаж ойидир. Аллоҳнинг Каъбасини ҳаж қилиш вақтида тинчлик сақланиши умумий халқаро қоида эди. Ҳаж ойининг аввалидаги Зулқаъда ва кейинги Муҳаррам ойларининг ҳаром ой деб саналиши ҳам Ҳаж амали билан боғлиқдир. Бу нарса Зулқаъда ойида ҳожилар соғ-саломат Маккага етиб келишлари, Муҳаррам ойида эса ҳожилар ўз ватанларига соғ-саломат етиб олишлари учун кафолатдир.
Ражаб ойининг алоҳида ҳолда ҳаром ойлардан бири деб саналиши эса Аллоҳнинг Каъбасига Умра зиёрати билан келувчиларга имкон яратган.
Ражаб ойининг рўзаси бошқа ойларда тутиладиган нафл рўзалардан афзаллиги йўқдир. Фақат бу ойнинг ҳаром ойлардан бири эканлиги унинг фазилатларидир.
Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: «Ражаб ойининг фазилатига, унда тутилган рўзанинг фазилатига, бу ойнинг муайян кечасида қоим бўлиб, фалон ракат намоз ўқишнинг фазилатига далолат қилувчи бирорта саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган» (Фиқҳус сунна, 1-ж. 453-с.).
Демак, «Бу ойнинг фалон фазилати бор, унда рўза тутилса, ундоқ бўлади, бундоқ бўлади, мана бу кечада фалон ракат намоз ўқилиши керак, ухламай бедор бўлиш керак, фақат ушбу мазмундаги дуоларнигина ўқиш керак», деган гаплар асоссиз бўлиб, бирор ояти карима ёки Пайғамбар ҳадислари билан ўз тасдиғини топмаган. Бироқ Аллоҳнинг ойларидан бири деб, одатдаги ибодатлар, нафл намоз ва нафл рўзаларни тутиш, Аллоҳнинг ҳузурига илтижо қилиб, истаган дуоларини ўқиш фойдадан холи эмасдир.
Ҳаром ойни асос қилиб қўйишига келсак, буни уруш ҳаром қилинган ойлар – Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларини яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.
Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди.
Аллоҳ таоло мазкур ойнинг ҳаром ойлардан бири эканини Қуръони Каримда шундай баён этади.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (Моида сураси, 2-оят).
Оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.
«Ҳижрий-қамарий тақвим» асосида тайёрланди
islom.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати