Ўзининг азиз китобида “Сўнгра китобни бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик” дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.
Ўзлариниг муборак ҳадиси шарифларида “Қуръон аҳли Жаннат аҳлининг орифларидир” дея марҳамат қилган саййидимиз, ҳабибимиз, набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва саловатларимиз бўлсин.
Жорий йилнинг 13 февраль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида аёл-қизлар ўртасида Қуръони Карим мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа 3 йўналишда ўтказилди:
1.Ҳифз: 30 пора ёд олганлар ўртасида;
2.Ҳифз: 10 пора ёд олганлар ўртасида;
3.Тиловат.
Қуръони Карим мусобақасини 2018 йилги Республика Қорилар мусобақаси тиловат йўналиши ғолибаси Қуръон тиловати билан бошлаб берди. Шундан сўнг билим юрти ректори У.Ғафуров мусобақани очиб бердилар.
ТИИ ректори У.Ғафуров бошчилигидаги ҳакамлар Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбаев ва Жаҳонгир қори Убайдуллоҳлар иштирокчиларни баҳолаб бордилар.
Ўз йўналишлари бўйича ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларга билим юрти раҳбарияти томонида диплом ва қимматбаҳо эсдаллик совғалар топширилди.
Ғолиблар:
1.Ҳифз йўналиши: 30 пора:
Биринчи ўрин – Раимкулова Бибихадича;
Иккинчи ўрин – Мираҳмадова Ҳуснора;
2.Ҳифз йўналиши: 10 пора:
Биринчи ўрин – Журабоева Моҳигул
Иккинчи ўрин – Абдуллаева Робия
Учинчи ўрин -Кадиркулова Рисолат
3.Тиловат йўналииши:
Биринчи ўрин – Норхўжаева Нилуфар
Иккинчи ўрин – Ўринова Лутфия
Учинчи ўрин – Азизова Зилола
ТИИ Матбуот хизмати
Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.
Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.
“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.
Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.
Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).
Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).
Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.
Даврон НУРМУҲАММАД