Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

УЧ МУБОРАК ОЙ ДАВРИ БОШЛАНДИ

14.02.2021   2664   4 min.
УЧ МУБОРАК ОЙ ДАВРИ  БОШЛАНДИ

Ражаб, Шаъбон, Рамазон – янги бир
маънавий юксалиш даври

اعوذ بالله من اشيطان الرجيم
بسم الله الرحمن الرحيم
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ


«Ҳамма-ҳаммангиз бирликда Аллоҳга тавба қилингизлар, эй мўминлар, токи нажот топгайсизлар» (24/Нур сураси, 31-оят).


Ҳижрий 1442 йилги Ражаб ойининг биринчи куни бу гал милодий 2021 йилнинг 13 февраль, шанба кунига тўғри келди; ражабнинг еттинчи куни бу муборак ойнинг илк жумъасидир. «Уч қутлуғ ой» (ражаб, шаъбон, рамазон) деб аталадиган бир нурли давр, маънавий хайр ва барака, файз ва фазилат мавсуми бошланди.

Атоқли Нақшбания шайхи, марҳум доктор, профессор Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратлари уй ойлар кириб келиши билан бара инсонларни огоҳлантириб, бу хушхабарни оламга ёйиб, қуйтдаги сўзларни айтар эдилар:
“Биз бу янги даврда ўзимизга қайтадан жило беришимиз; кундан-кунга покланиб, юксала-юксала шаъбондан рамазонга комиллик билан ўтишимиз керак; шунда – ҳам моддий, ҳам маънавий-руҳий жиҳатдан ҳақиқий байрамга – ийди рамазонга эришамиз.

Улуғ ориф зотлардан бўмиш ҳазрати Абдулқодир Гийлоний қуддиса сирруҳу (вафотлари ҳижрий 561, милодий 1166) «Кунятут-толибийн» номли асарида ёзадилар: «Ражаб – тавба ойи; шаъбон – муҳаббат ойи; рамазон эса қурбат ва вуслат, яъни Ҳақ таолога яқинлик ҳосил қилиш ва етишиш ойидир» .

Ражаб гуноҳ ишларни, зулм ва жабрни тарк этиш; шаъбон солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳ таолога садоқатини кўрсатиш; рамазон эса ҳақиқат ва ҳузур-ҳаловатга эришиш ойидир.

Ражаб ойида сидқидилдан қилинган тавба ва солиҳ амаллар қабул бўлади; шаъбон ойида эса эски гуноҳлар авфу мағфират қилинади; рамазон ойида бандага илоҳий эҳсон ва икромлар берилади.

Шунинг учун ҳам, бошимизнинг тожи, кўзимизнинг нури ва кўнглимизнинг сурури бўлмиш свевикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу уч ой ҳақида: «Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, рамазон эса умматимнинг ойидир» деб марҳамат қилганлар. Ҳамма ойлар ҳам Аллоҳнинг ойидир. Лекин “Аллоҳнинг ойи, менинг ойим” дейилиши бу ойларнинг фазилати ва қадр-қиммати юксаклигини билдириш учундир.

Улуҳ вқалийлардан бўлмиш ҳахрати Зуннуни Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ (вафоти ҳижрий 245, милодий 859) айтадиларки: «Ражаб уруғ қадаш ойи, шаъбон унган экинни суғориш ва парваришлаш ойи, рамазон эса ўрим-терим ва ҳосилни йиғиштириб олиш ойидир».

Йилни бир дарахтга қиёслайдиган бўлсак, ражаб ўша дарахтнинг куртак-япроқ чиқариши; шаъбон гулга кириб, мева тугиши; рамазон эса пишиб етилган ҳосилнинг йиғиштириб олинишидир.

Хулоса қилиб айтганда, гуноҳкор, осий, мужрим, ғофил бандаларнинг эгри йўлни тарк этиб, тўғри йўлга, ботилни тарк этиб, ҳақиқатга, ёмонликни тарк этиб, яхшиликка юзланиши, яъни тавбаи насуҳ қилишидир; ...Бандаи ожизлигини англаб, ўйлаб иш қилиши, масъулиятни ҳис этиши, азиз ва жалил бўлмиш Раббимиз Аллоҳга маҳбуб ва мақбул банда бўлишга ҳаракат қилиши... ...Намунаи имтисолимиз, раҳбаримиз Расулуллоҳ жанобимизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хос холис уммат бўлишга интилишидир...

... Бу уч ой ҳар йили такрорланадиган буюк бир имкон, бебаҳо фурсат, энг мақбул онлар, олтин дамлардир.

Бу муборак ойнинг ҳар бири фазилатли кечалар билан зийнатланган: ражаб ойининг 26-кунидан 27-га ўтар кечаси Меърож кечаси, Шаъбоннинг 14-кунидан 15-га ўтар кечаси Барот кечаси, муборак рамазоннинг 26-дан 27-га ўтар кечаси Қадр кечасидир.
Эй азиз биродар, бу буюк лутф, марҳаматнинг қадрига етинг! Тавба-тазарру мавсумини беҳуда ўтказманг. Фурсатни бой бермай, танбаллик ва ғафлатни қувиб, ғайратли бўлинг, Ҳақ таолога юзланинг. Унинг кенг марҳаматига талабгор, йўлида қоим, зикрида бардавом бўлинг, чунки жамиъи нажот шундадир”.

 

Мирзо Кенжабек

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дунё тарихидаги энг яхши уммат

9.01.2025   1495   10 min.
Дунё тарихидаги энг яхши уммат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.

Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфр­га кетганликда айблайдиган даражага етди.

Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.

Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.

Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.

Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.

Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.

Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўш­лаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.

Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.

Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.

Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.

Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.

Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.

Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бош­қа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.

Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.

Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жа­моа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг та­рафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.

Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айт­ган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўл­ганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.

Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.

Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг маш­ҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:

«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар