Тўлиқ исми – Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий, ҳижрий 113 йилда туғилган. У зот фақиҳ, тафсир илмлари, ғазотлар ва араблар тарихи билимдони эди.
Аббосийлар халифаси Ҳорун Рашид у зотни ниҳоятда ҳурмат қилар, иззатикром кўрсатарди. У ўз замонасида мағрибу машриққа “Қозул қузот (бош қози)” этиб тайинланган эди. Усулул фиқҳ бўйича биринчи китоб ёзган ва фиқҳий масалаларни имло қилдирган зотдир. Ибн Самоа айтади: “Абу Юсуф қозиликка тайинлангач, ҳар куни юз ракат намоз ўқирди”. Абу Юсуф дастлаб, Ибн Абу Лайло раҳимаҳуллоҳга шогирд тушган. Сўнг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан фиқҳни ўрганган. Абу Ҳанифа вафотига қадар у зот этагини маҳкам тутган. Бу ҳақда унинг ўзи бундай деган: “Мен илм ўрганиш учун Ибн Абу Лайло ҳузурига борардим. У киши мени ҳурмат қиларди. У бирор масалада ҳукм чиқаришга қийналса, Абу Ҳанифанинг сўзини олар эди. Мен Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳалқасига боришни жуда истардим. Бироқ Ибн Абу Лайлодан ҳаё қилганимдан бора олмасдим. Бир куни у билан ўртамизда кўнгилсиз воқеа содир бўлди. Бу Ибн Абу Лайлога оғир ботди. Мен эса, вазиятдан фойдаланиб, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг олдига бориб, у зот этагидан маҳкам тутдим. Мен Абу Ҳанифага ўн етти йил шогирд бўлдим. Ҳатто Рамазон ва Қурбон ҳайитларида ҳам ундан ҳечам ажрамадим. Фақат касаллигим сабабли бирга бўлолмаган баъзи вақтларим бундан мустасно”. Шунингдек, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ дарслардаги муноқаша қилинган масалаларни ёзиб борар, сўнг устозига кўрсатар эди.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуфнинг фазли ва илмини эътироф қилар эрди. У оғир касал бўлганида: “Мабодо, бу йигит вафот этса, ер юзидаги энг илмли инсон вафот этган бўлади”, деган экан. Яна бундай деган: “Мени ҳеч ким Абу Юсуфчалик маҳкам тутган эмас”, “У шогирдларим орасида барча илмларни ўзида жам қилганидир”. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аъмаш мендан бир нечта масала ҳақида
сўради. Унинг саволларига жавоб бердим.
Кейин: “Бу жавобларни қаердан олдинг?” деди. “Сиз менга ривоят қилиб берган ҳадисдан олдим”, деб ўша ҳадисни эслатдим. У: “Эй Яъқуб, мен бу ҳадисни ота-онанг турмуш қурмасдан олдин ёд олгандим, лекин ҳозиргача унинг таъвилини билмас эдим”, деди. Абу Юсуфдан икки буюк имом – Муҳаммад ибн Ҳасан ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумаллоҳ ҳам илм ўрганишган.
Имом Аҳмад айтади: “Дастлаб, ҳадис талабида Абу Юсуф ҳузурига борганман”. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 182 йили Бағдодда вафот этган. У зот уч аббосий халифа – Маҳдий, Ҳодий ва Ҳорун Рашид даврларида бош қози бўлган. Ривоят қилинишича, вафот этаётганида, бундай деган: “Мен умрим бўйи берган фатволаримнинг ҳаммасидан қайтдим. Фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ келадигани бундан мустасно”.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳанафий мазҳабини ривожлантириш борасида уч босқичда фаолият олиб борган.
1. Тадрис. Ҳанафий мазҳабнинг ёйилишига дарс беришнинг таъсири кучли бўлган. Шу боис устоз вафотидан сўнг шогирдлар унинг илмий фаолиятини давом эттиришди. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ устозининг ҳаётлик чоғидаёқ юксак илмий салоҳиятга эришган. У масалалар муноқашасида иштирок этиб, усул қоидаларини ёзиб борарди. Устози вафотидан кейин унинг Муҳаммад ибн Ҳасан, Ҳасан ибн Зиёд каби шогирдларига фиқҳдан дарс берди. Сўнгра барчалари кўплаб юртларда бу мазҳабни ёя бошлашди.
2. Қозилик. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ то вафотига қадар аббосийлар давлатида узоқ муддат бош қози бўлиб фаолият юритган. Машриқу мағрибдаги ҳар бир қози унинг маслаҳати билан тайинланар, мазҳабни ёйиш ва унинг нуфузи йўлида ҳанафий уламолардан истаганини қози этиб тайинлар эди. Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳни ҳам Раққа шаҳрига қозиликка тавсия қилган. Зеро, у зот Абу Ҳанифа фиқҳини қозилик орқали ёйишда бошқалардан кўра Имом Муҳаммадни афзал билган.
3. Тадвин. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ “Китобул осор”, “Ихтилофу Абу Ҳанифата ва Ибн Аби Лайло”, “АлХарож” ва “АрРадду ала сиярил Авзоий” каби асарларни ёзиб қолдирди. У илк бор ҳанафий мазҳаби бўйича китоб ёзиб, масалаларни имло қилган ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ илмини дунёга тарқатган киши сифатида эътироф этилади. Бундан ташқари, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ муҳаддис бўлгани учун ҳанафий фиқҳини ҳадис билан қувватлади. Жарҳ ва таъдил имоми Яҳё ибн Маин раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуф тўғрисида бундай деган: “Асҳобур раъй ичида Абу Юсуфдан кўра ҳадис илмида собитлироқ, ҳифзи кучлироқ, ривояти саҳиҳроқ бирор кишини кўрмадим”.
Муҳаммад ибн Шайбоний раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуфдан ривоят қилади: “Биз Абу Ҳанифа билан баъзи масалаларда суҳбатлашардик. Қачон у бир сўз айтса ва шогирдлари ҳам унга қўшилса, уни қўллаб қувватлайдиган ҳадис ё осор бормикин, деб Куфа шайхларининг олдига борардим. Кўпинча бу борада иккита ёки учта ҳадис топиб, уларни Абу Ҳанифага айтсам, баъзиларини қабул қилиб, баъзиларини “Бу саҳиҳ эмас, бу маъруф эмас”, деб рад этарди. Ҳақиқатда, ўша ҳадисларнинг ҳукми у зотнинг айтганидай бўлиб чиқарди. “Буни қаердан биласиз?” деб сўраганимда: “Мен Куфа аҳлининг илмини биламан”, деб жавоб берган.
“Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари” китоби асосида тайёрланди.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан
Ота-онангиз ҳаққига дуо қилинг.
“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).
Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам кўра муҳтожроқдирлар”.
Ота-онангиз қабрини зиёрат қилинг.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).
Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳаққига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.
Ота-онангиз ҳаққига истиғфор айтинг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.
Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.
Ота-онангиз номидан садақа қилинг.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имрм Муслим, Имом Насоий ривояти).
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).
Ота-онангиз дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилинг.
Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».
Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД