Шу йил 9 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Литва давлати муфтийси Рамазон ҳазрат жанобларини қабул қилдилар. Меҳмонлар таркибида Литвадаги “Halal Control Lithuania” қўмитаси бош директори Фаррух Азимов ҳам келди.
Учрашув аввалида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги амалга оширилаётган янгиланишлар тўғрисида сўзлаб бердилар. Хусусан, масжид-мадрасаларнинг обод этилиши, диний таълим олиш имконияти кенгайиши ва диний соҳа ходимларига кўрсатилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталдилар.
Мулоқотда хориж мамлакатларидаги мусулмонлар идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани, ҳалол сертификат бериш бўйича юртимизда амалга оширилаётган ишлар, зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, масжид ва мадрасалардаги шарт-шароитлар, ҳатто олис ва чекка ҳудудларда ҳам жомелар янгидан қурилаётгани ҳамда ёшлар таълим-тарбияси йўналишида қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Рамазон ҳазратлари Литва диний идораси ташкил этилиши, тарихи, асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб берди. Литва ҳудудига мусулмонлар Олтин Ўрда ва Қрим минтақаларидан боргани, қадимда Литва Европанинг йирик давлатларидан бири бўлгани, қўшни давлатлардан ҳужум бўлган пайтларда қрим-татар мусулмонлари қарши курашда жонбозлик кўрсатгани, шундан сўнг мўмин-мусулмонларнинг обрў-эътибори ошгани, масжидлар қуриш учун ер ажратилгани, ибодат қилиш учун кенг имкониятлар яратилганига алоҳида урғу қаратди.
Литвадаги “Halal Control Lithuania” қўмитаси бош директори Фаррух Азимов Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларга ҳалол сертификат бериш ва зиёрат туризм йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича ўзининг таклифларини берди.
Учрашув якунида икки давлат муфтийлари соҳадаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бу борадаги алоқаларни ривожлантириш ҳақида келишиб олдилар.
Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, осори атиқалар ва Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин”. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида гўё ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.
Шифо оятларига қуйидагилар киради:
وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ
“(Аллоҳ) мўминлар қавми қалбларига шифо беради” (Тавба сураси, 14-оят).
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
“Эй, одамлар! Сизларга Роббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).
يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
“Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).
وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ
“Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур” (Шуаро сураси, 80-оят).
قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ
Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД