Мўмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошиға раво кўрмас —
Неким ўз нафсиға раво кўргай.
Алишер Навоий
6-7 февраль кунлари «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган «Арбаъин» танловининг эркак ва аёл-қизлар ўртасидаги мусобақаси ўтказилди.
Ушбу танлов Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш ва мутафаккирнинг қирқ ҳадис тўплами – «Арбаъин»ни билиш кўникмасига асосланди. «Арбаъин» – «қирқта» дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат ҳадис китобларига айтилади. Шу услубда асар яратиш Ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос ва туртки бўлган:
«Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ҳамда Қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан».
(Имом Байҳақий, Дайламий, Абу Нуъайм ва Ибн Жавзийлар ривоят қилган).
Дарҳақиқат, Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди Аллоҳга иймон келтирган, Қуръони Каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, нақшбандия тариқатини қабул қилган шоир ва мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодидир.
Шунингдек, ҳадисларнинг деярли барчаси комил инсон ахлоқига оид қарашларни ўзида акс эттирганини кўриш мумкин. Бу ҳадисларда инсонлар яхшилик қилишга чорланади, ёмон иллатлардан қайтарилади, умуман олганда, улар инсоннинг ҳаёт ва жамиятдаги вазифасини англатади. Масалан, «Инсонларнинг энг яхшиси – инсонларга фойдаси тегадиганидир» деган ҳадисни Алишер Навоий туркий тилда шундай ифода этади:
Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?
Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Етса кўпрак улусқа нафъ андин.
Умуман олганда, «Арбаъин» асари инсоннинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Islom.uz портали томонидан ташкил этилган танловни жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Танлов икки йўналишда ўтказилди.
Биринчи йўналиш иштирокчиларидан ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва Навоийнинг тўртликларини ифодали ёддан ўқиб бериш сўралди.
Иккинчи йўналишда эса ҳадисларнинг арабча матни ва ўзбекча таржимасини, ҳадис ровийсини айтиш ҳамда тўртликни ифодали ёддан ўқиб бериш сўралди.
Ҳар икки йўналишда ҳам иштирокчилар билет танлади ва ундаги 4 тадан саволга жавоб берди.
Аёл-қизлар ўртасидаги «Арбаъин» танлови мусобақа ғолиблари:
Ҳадиснинг ўзбекча таржимаси ва арабча матни ҳамда уни ровийлари, шунингдек, тўртликларни ифодали ёд олган ҳолда айтиш бериш бўйича:
Танловнинг энг кичик ёшдаги қатнашчиларидан бири, тошкентлик Тоҳирахон Аббосова олий ўринга муносиб кўрилди. Иккинчи ўринни Гўзалой Алишерова, фахрли учинчи ўрин эса Оиша Мирзажоновага насиб этди.
Ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва тўртликларни ифодали ёддан айтиб бериш йўналиши бўйича:
Биринчи ўринни Маҳлиё Шуҳратова, иккинчи ўрин эса Шабнам Ғаниевага ҳамда учинчи ўрин Маҳфуза Мамажоновага насиб этди.
Эркаклар ўртасидаги «Арбаъин» танлови мусобақа ғолиблари:
1-йўналиш бўйича Ҳабибуллоҳ Ўринбоев биринчи ўрин, Исфандиёр Шокиржонов иккинчи ва Нодир Муродиллаев учинчи ўринларни қўлга киритди.
2-йўналиш бўйича Абубакр Баратов олий ўрин ғолиби, Қурбон Исматов иккинчи ҳамда Достонбек Султонов учинчи ўринларга муносиб кўрилди.
Барча ғолиб ва совриндорларга, шунингдек, иштирок этганларга «Ҳилол-нашр» нашриёти томонидан эсдалик совғалар топширилди.
Навоий ҳазратлари ҳақида kun.uz сайтида «Навоий – музей экспонати эмас, у биз билан яшаши керак» сарлавҳали мақола берилди. Ушбу мақолада Навоий ҳазратлари ҳақида долзарб ва муҳим бўлган маълумотлар ёритиб берилган.
Жумладан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти, навоийшунос олим Акром Малик шундай дейди: «Кейинги пайтларда шундай бир уринишлар бўлдики, Навоийни дунёга танитиш керак». — Буни сунъий уриниш деб баҳолайман, яъники шарт бўлмаган бир иш. Чунки биз ҳали аждодларимизни яхши танимаймиз. Нега ўзимиз яхши билмаган ҳолатда дунёга танитишимиз керак. Гарчи туркий тилда ижод қилган ижодкор бўлса-да, омматан айтаман, моҳиятига етиб борганимиз йўқ. Ҳар йили анъанага мувофиқ ҳазрат Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш, асарларининг тарғиботи одатда 9 феврал арафасида бошланади. Агар шу тарғибот йил давомида олиб борилса эди, «Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса», деб фарёд чекмаган бўлардик. Ёки «Ҳар бир калла, ҳар бир бош Навоийни ўқиши керак» дея айтилган гаплар ўз тасдиғини топган бўларди.
Шунингдек, «Навоий ташаббуси билан Қуръони каримга иккита тафсир ёзилган», дея таъкидлайди Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжиди имом-ноиби Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид. — Ҳазрат Навоий бош вазир бўлиб турган пайтларида Қуръони каримга хизмат қилиш борасида катта эътибор берганлар. У кишининг бевосита ташаббуси билан форс тилида иккита тафсир ёзилган. Шулардан бирини Ҳусайн воиз Кошифий ёзган. Шунингдек, «Дорул ҳуффоз» деб номланган қорихона ҳам қурдирган. Қорихонага ўзларининг бир тўртлигини илдириб қўйган эканлар.
Бу даврда йўқ сен кеби хушхон ҳофиз,
Ҳуффоз аро сарҳалқайи даврон ҳофиз.
Қуръонға сен ўлған кеби яксон ҳофиз,
Бўлсун санга барча ишда Қуръон ҳофиз.
У кишининг фаолиятлари Қуръонга, дин илмларига мана шундай боғлиқ бўлган, зотан, у даврда дин илми, бошқа илм деган айирмачилик бўлмаган. Шунинг учун Навоийнинг ижодини Қуръон ва ҳадиссиз тасаввур қилолмаймиз.
Афсуски, ўртадаги динсизлик даврида халқимиз асл манбалардан узоқлашиши оқибатида Навоий ижодини Қуръондан айри ҳолатда талқин қилиш давр талаби ҳам бўлган. Халқимиз бошқаларнинг юзаки қарашларини қабул қилишга мажбур бўлди.
Навоий ижодида Қуръон оятлари мазмунини ҳар қадамда учратамиз. Ҳадис маъноларини учратамиз, ислом ақидасини кўрамиз. Мисол учун, «Хамса» ишқий афсонадан иборат эмас, балки тасаввуфий мазмунга эга асар ҳисобланади. Низомий Ганжавий Навоийнинг таъкидлашича 40 чилла ўтириб ёзган. Чилла ўтириш бу тасаввуф аҳлининг узлати ҳисобланади. Аллоҳга узлат қилиб ёзилган асар қанақасига тасаввуфдан айри оддий ҳикоялар ёки шаҳвоний ишқ бўлиши мумкин.
Навоийнинг тасаввуфи бу – ислом тасаввуфи. Бу бошқа бир динлардан таъсирланиб шаклланган эмас, тўла-тўкис Қуръон ва ҳадис ҳамда тасаввуф уламоларининг фикрларидан хулосаланган тасаввуф. Шулардан сизиб чиққан ўз фалсафий қарашларини назмда ва насрда баён қилганлар.
Шунинг учун ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, Навоий ижоди Қуръон ва ҳадисдаги фалсафий қарашлар, тасаввуфий ёндашувларнинг назмдаги инъикоси, Навоий тилидаги жаранги. Ислом фалсафаси, ислом эътиқоди умуминсоний тушунчалар билан жуда кўп жиҳатдан ҳамоҳанг, шунинг учун ҳам Навоий дунё миқёсидаги мутафаккир ва айни вақтда ислом фалсафасини тараннум этган мутафаккир.
Улуғ бобокалонимизнинг меросларини тўла ва тўғри тушуниш ҳамда шундай талқин қилиш, бу олтин меросни ҳақиқий, соф ҳолатда кейинги авлодларга етказиш биз, фарзандларнинг шарафли бурчимиздир. Бундай улкан вазифани шараф билан адо қилиш бахтини ҳозирги илм ва маърифат кишиларига, алалхусус, Алишер Навоийга ўзини авлод деб билган сизу бизлар – барчамизга Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб этсин!
Islom.uz сайти
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ