Буюк шоир ва мутафаккир аллома Алишер Навоийнинг бебаҳо илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихи ривожида алоҳида ўрин тутади. Аллома ўзининг асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Шу кунларда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан жойларда Навоий ижодини янада кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида адабий-бадиий анжуманлар, илмий-амалий конференциялар ва навоийхонлик кечалари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 8 февраль куни Ҳадис илми мактабида ҳам буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Навоийни ёд этиб” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур тадбир икки қисмда бўлиб ўтди. Дастлаб Олий мактаб мажлислар залида ўқитувчи ва талабалар учун “Навоий ижодини англаб” мавзусидаги илмий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Илмий мажлисга навоийшунос олимлардан Самарқанд давлат университети “Мумтоз адабиёт тарихи” кафедраси доцентлари С.Тохиров, А.Раззоқов ҳамда мазкур университет магистранти А.Собиров иштирок этди.
Тадбир аввалида мактаб ректори О.Юсупов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлади.
Шундан сўнг маърузачилар С.Тохиров, А.Раззоқов Алишер Навоий ижодида комил инсон ғояси, илоҳий ишқ васфи, хайру-саховат ва эзгулик каби ўлмас умуминсоний қадриятларнинг ёритилиши тўғрисида маърузалар қилди.
Албатта, Навоийхонлик кечаларини ғазал ва байтларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу тадбирда ташриф буюрган магистрант А.Собиров Навоий асарлардан ғазаллар ўқиб, уларни шарҳлаш асносида байтларда илгари сурилган илоҳий ишқ мавзусида илмий маъруза қилди.
Илмий-маърифий давра суҳбатидан сўнг Алишер Навоийни хотирлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Самарқанддаги Малака ошириш маркази минтақавий филиалида малака ошираётган имом хатиблар ҳамда мактаб ўқитувчи ва талабалар учун эҳсон дастурхони ташкил этилди. Тадбир якунида хатми Қуръон ўқилиб, диёримизда ўтган барча алломалар, хусусан, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларини ёд этиб дуои хайр қилинди.
Ҳадис илми мактаби Матбуот хизмати
Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида диний-маърифий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш янги босқичга кўтарилди. 2016 йилда 5 минг 200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини бажарган бўлса, 2024 йилда 15 мингдан ортиқ мўмин-мусулмонлар ҳожилик шарафига муяссар бўлди.
Бу йил ҳам 15 мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этишади. Мамлакатимизнинг 9 та ҳудудий аэропортидан зиёратчилар ҳар куни тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига ҳаж сафарига юборилади. Парвозлар “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси билан биргаликда Саудия Арабистонининг “FlyNas” ва “FlyAdeal” авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Юртдошларимизга Мадинаи мунавварада ҳамда Маккаи мукаррамада барча шарт-шароитни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан иборат дастлабки ишчи гуруҳ фаол иш олиб борди.
Мадина шаҳрида муҳташам беш юлдузли “Zam-zam Pullman” меҳмонхонаси, Маккаи мукаррамада “Marmara hotel”, “Romance hotel”, “Al-Ayyam elite”, “Concrete hotel”, “Abroj Dania”, “Paradise”, “Open hotel”, “Ayyed saha” каби саккизта меҳмонхона ҳожиларни юқори савияда кутиб олишга шай қилинган. Меҳмонхоналарда зиёратчилар учун намозхоналар, ошхоналар, тиббиёт пунктлари ҳамда бошқа зарур воситалар ҳозирланди.
13 май куни тонгда муборак ҳаж сафарини ният қилган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи дилда қувонч, тилда шукроналик билан муқаддас замин сари йўлга чиқди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, шунингдек, мутасадди ташкилотлар масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлди.
Орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж — 2025” мавсумининг илк зиёратчилари аэропортдан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Шу куни Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчилар “Ҳаж — 2025” ишчи гуруҳи ва мутасаддилар томонидан тантанали кутиб олинди.
Юртдошларимизга муҳташам “Zam-zam Pullman” меҳмонхонасига киришлари биланоқ зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, иззат-икром кўрсатилди. Ватандошларимиз шодлик ва шукроналик туйғулари билан зиёрат ва ибодатларни адо этишга киришди.
Айниқса, меҳмонхонанинг Масжиди Набавийга жуда яқин масофада жойлашгани ҳожиларимизни беҳад мамнун қилмоқда. Улар кунлик барча ибодатни ушбу муборак масжидда адо этмоқда. Улар ўз дуоларида Яратгандан юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга бундан-да фаровонлик сўрашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимиз 2025 йил 13 майдан 28 майга қадар ҳаж сафарига кузатилади.
«Халқ сўзи».