Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон делегациялари, шунингдек, халқаро молия институтлари вакиллари иштирокида Тошкентда ўтказилган «Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар» темир йўли қурилиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокамасига бағишланган юқори даражадаги учрашув Покистоннинг сиёсий ва эксперт-таҳлил доиралари вакиллари орасида катта қизиқиш уйғотди, хабар бермоқда «Дунё» АА.
«National Herald Tribune» ахборот агентлиги ва «Al-Akhbar» газетаси халқаро эксперти ва муҳаррири Риаз Аҳмад Маликнинг айтишича, Афғонистон орқали таклиф этилаётган темир йўл қатнови икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун стратегик аҳамиятга эга бўлади. Икки мамлакат аллақачон дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаб келаётган бўлса-да, бу қатнов одамлар ўртасида ўзаро муносабатлар ва икки томонлама савдони янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
"Бундан ташқари, келажакда темир йўл қурилиши ҳам Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида зиёрат туризмини тарғиб қилишга хизмат қилади", - деб ҳисоблайди Риаз Аҳмад Малик. "Ўзбекистоннинг темир йўл линияларини қуриш ва ҳам йўловчи, ҳам турли юкларни ташиш учун вагонларни ишлаб чиқариш борасидаги тажрибаси минтақа мамлакатларида, жумладан Покистонда доимо зарур".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бир қишлоқда жаҳли тез чиқадиган, ўзини бошқа олмайдиган ўспирин йигит бор экан. Кунлардан бирида отаси унга ҳар гал жаҳли чиққанида бир мих олиб, уйнинг олдидаги дарахтга қоқишини айтди.
Ўғил шундай қила бошлади. Бир неча мих қоқилган дарахтни кўриб, йигитнинг унга раҳми келди. Ўзини бошқаришни, сабрли бўлишни ўрганди. Дарахтга мих қоқмай қўйди. Буни кўрган ота энди ўғлига қоқилган михларни суғуриб ташлашни буюрди. Ўғил отасининг айтганини бажарди.
Дарахтнинг яралари битиб, ўрнида чандиқлар пайдо бўлди. Ота ўғлига:
– Қара, ўғлим! Қоқилган ҳар бир мих бу дарахтни яралаган эди. Уларни суғуриб ташлаган тақдирингда ҳам, ўрни, чандиқлари қолди. Энди дарахтнинг ана шу жойлари мўртлашиб, қурт тушади ва уни емиради.
Ўғил бошини эгиб қолди. Ота сўзида давом этди:
– Бу-ку бир дарахт экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсон зотининг қалб аталмиш дарахтига ҳам баъзан тил аталмиш болға билан сўз аталмиш михлар қоқилади. Гарчи кейин хатолар тан олиниб, узр сўралиб, у “мих”лар суғуриб олинса-да, ўрнида чандиғи, доғи қолади... Сен ўшандай михларни қоқишдан сақлан. Ўзингни идора қилишни, жаҳлингни жиловлашни ўрган!..
Дарҳақиқат, инсон қалби гўё нафис бир ойнага ўхшайди. У дарз кетса, кейин ҳеч қачон аслидагидек тикланмайди. Шундай экан, ҳар доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб муомила қилишни ўрганайлик ҳеч бўлмаса ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Зеро, кўнгил – Яратганнинг назаргоҳидир.
Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло: “Мен сизларнинг на суратингизга ва на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деган.
Акбаршоҳ Расулов