Саудия Арабистони рассомлари жамоаси Макка кўчаларини ўзига хос чиройли қилиш учун бирлашдилар. 14 кундан ортиқ вақт ичида 15 нафар мутахассис Маккани Тоиф Ал-Ҳада билан боғлайдиган Ал-Авалий кўпригини безаб турган 33 метрлик фрескани яратди. Картина араб ҳаттотлигининг замонавий санъатидан фойдаланиш билан ишлаб чиқилди. Сунбули ҳаттотлиги 1900-йилларнинг бошларида турк ҳаттоти Ориф Ҳикмат томонидан яратилган ва Девоний ҳаттотлик услубидан келиб чиққан. Девоний шрифти қачонлардир Усмонли империясининг султонлари томонидан ишлатилган, унинг ҳарфлари силлиқ ва уйғун кўринишга эга эди. Сунбули ёзувларга аниқ ўткир қирраларнинг бериш учун кичик ўзгаришларни киритади.
Islam.ru маълумотларига кўра, Макка муниципалитетидаги ободонлаштириш ва инсонпарварлаштириш бошқармаси бошлиғи Муса бин Сулаймон Ал-Соҳибийнинг айтишича, яқин келажакда бундай картиналар шаҳардаги кўплаб объектларни безаб туради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Молик Саъид ибн Мусаййибдан ривоят қилади:
«Бир мусулмон ва бир яҳудий хусуматлашиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Яҳудий ҳақ бўлиб чиқди. Умар унинг фойдасига ҳукм чиқарди. Шунда яҳудий унга:
«Аллоҳга қасамки, ҳақ ила ҳукм чиқардинг», деди.
«Сен қаердан билдинг?» деди Умар, уни дарра ила уриб.
«Биз Тавротда: «Қайси қози ҳақ ила ҳукм чиқарса, албатта, ўнг томонида битта, чап томонида битта фаришта уни қувватлаб туради. Модомики, у ҳақда экан, ишини тўғрилаб ҳам турадилар. Қачон ҳақни тарк қилса, улар ҳам уни тарк қилиб, кўтариладилар», дейилганлигини топамиз», деди».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг илоҳий адолат уммонидан сув ичган адолатларини кўргандан кейин, ундан баҳраманд бўлгандан кейин яҳудий ҳам эриб кетиб, мусулмонлар халифасини алқашга ўтган. У яҳудийларнинг бошқалардан беркитиб юрадиган китоблари, яъни Тавротдаги ҳақиқатни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳукмида кўрганлигини эътироф этган.
Ҳа, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Ислом жамияти раҳбари сифатида олиб борган ишларига бутун дунё қойил қолган ва ҳалигача қойил қолиб келмоқда.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бунга ўхшаш адолатли ишларни ташвиқот учун қилмас эдилар. Балки буни вазифа, Аллоҳ таоло олдидаги бурч, деб ҳис этганларидан қилар эдилар. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир одам у киши учун Аллоҳ таоло нозил қилган шариат ҳукми олдида баробар эди. Мусулмонми, зиммийми ёки бошқами, ҳазрати Умар учун барибир эди. Ҳақ ким тарафда бўлса, ҳукм ўшанинг фойдасига чиқарилар эди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди