Буюк Алишер Навоийнинг номи кўҳна тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзилганига шубҳа йўқ. Унинг битган асарлари жаҳон адабиётининг дурдоналаридан ҳисобланади. Уларда башариятни руҳий, маънавий камол топиши учун диний, инсоний одоб - ахлоқ қоидалари, намуналари мукаммал акс этган. Эътиборлиси шундаки, айни шу жиҳати билан ўқувчини буюк мақсад - маънавий камолот сари етаклайди.
Бу зоти шариф бошқа ижодкорлардан фарқли ўлароқ инсоннинг бунёдкорлик фазилатини нафақат тараннум этган, балки ўзи бунёдкорлик намунасини амалда кўрсатиб берган улуғлардандир. Инсон ҳайрон қолади. Ижодидан ортиб, эл - юрт манфаати учун нақадар гўзал иншоотлар барпо этганки, у гўёки шоирлик шарафига бунёдкорлик сифатини ҳам қўшиб юборган, десак хото қилмаган бўламиз.
Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, Алишер Навоий қисқа умри давомида 4 та мадраса, 25 дан ортиқ масжид, 11 та хонақоҳ, 25 та работ, 20 та ҳовуз, 16 та кўприк, 1 тўғон, 9 та ҳаммом қурдирган. Навоийнинг бош бўлиб қурдирган барча иморат - иншоотлари ҳисобланганда 300 тадан ошиб кетиши аниқланган.
Бобур ўзининг машҳур "Бобурнома"сида Навоийни васф қилиб, "Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмас... Мунча биноий хайрким, ул қилди кам киши мундоққа мувофиқ бўлмиш бўлғай", деб ёзади.
Аммо бу камтарликни қарангки, шунча иншоотлар қуриб, хайрли ишлар қилиб, бебаҳо асарлар ёзишига қарамай, ҳамиша ўзини ўзи маломат қилиб, гўёки дунёга келиб ҳеч иш қилмай кетаяпман, дегандек нафсининг хоҳишига қарши фикрлар билдиради:
Навоий нафс зулматига қолмиш,
Сен ўлмай Хизри руҳ, чиқмоқ не ёро?!
Қиёматда гуноҳин авф этарға
Расулингни шафиъ эт кирдигоро.
Бугун биз улуғ Навоий бобомиздан ўрнак олиб, ўқиб, ўрганиб маънавий оламимизни бойитишимиз, эл манфаати йўлида бутун борлиғимизни фидо этмоғимиз даркор. Зеро, унинг асарлари миллатимиз, маънавиятимиз қуёши одамийликнинг барча жиҳатлари билан ҳар доим ҳамнафасдид.
Шофиркон туман "Қори Фазлиддин" масжиди имоми Мустақим Исоев.
Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда.
Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.
Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати