Қўшма Штатлар бўйлаб бир неча мусулмон гуруҳлар ва Ислом марказлари оғир дамларда муҳтожларга ёрдам бериш учун кўп меҳнат қилишди. Техас штатининг Хьюстон шаҳрида етакчи мусулмон нотижорат ташкилоти барча диндаги одамларга хайр-эҳсон қилади. 2005 йилда Хьюстонда ўз ишини бошлаган ICNA Relief фуқароларни озиқ-овқат, тиббий ёрдам ва уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳаракатларни олиб боради.
"Ташкилотимиз логотипига қарасангиз, у ерда "инсоният учун мусулмонлар"деб ёзилган. Бу динимизнинг асоси", - дейди Хьюстон шаҳридаги ICNA Relief вакили Семи Бухорий.
ICNA ишининг катта қисми қочқинларга ёрдам беришга қаратилган бўлса-да, аммо барчаси 2020 йилда дунёни COVID-19 пандемияси қамраб олганидан кейин ўзгарди. Islam.ru маълумотларига кўра, Houston Food Bank билан ҳамкорликда барча миллат вакилларига ICNA Relief дан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб туришди.
"Биз бир ойда (пандемиядан олдин) 450 га яқин оилани озиқ-овқат билан таъминлаётган эдик", - дейди Бухорий. - Июль ва август ойларида бу кўрсаткич 1200 дан 1400 нафар кишига етди".
ICNA – Шимолий Америкадаги энг йирик нотижорат мусулмон ташкилотларидан бири.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати