Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашрга тайёрланган “Тўрт мазҳаббоши имомлардан гўзал ибратлар” рисоласи чоп этилди. Мазкур рисолада тўрт мазҳаб – ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари имомларининг ҳаётига оид ибратли воқеалар баён этилган.
Рисолада одоб-ахлоқ, таълим-тарбия, инсонийлик фазилатларини бойитишга хизмат қилувчи ҳамда инсон руҳиятини камолотга етказувчи сифатлар ҳақида сўз боради. Шунингдек, аждодларимизнинг урф-одат ва анъаналари асосида шаклланган гўзал одобларимиз батафсил ёритилган.
Уламоларнинг ҳаётига бағишланган табақот асарлари асосида Абдушукур Муратов томонидан тайёрланган мазкур рисола кенг китобхон оммаси учун мўлжалланган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати
#xabar #mahorat #imom
Бугун, 16 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритаётган 80 нафардан зиёд воиз имом домлалар учун Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида “Замонавий ахборот маконида диний-маърифий соҳа мутахассисларининг медиа-тарғибот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари” мавзусида 72 соатлик малака ошириш ўқуви бошланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида бўлиб ўтган ўқув курсининг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, мазкур институт директори Ҳусниддин Аҳмедов ва тингловчилар иштирок этди.
Тадбирда Ҳомиджон домла бугунги мураккаб давр барча соҳа вакиллари қаторида имом домлалардан ҳам ўз билим ва малакаларини доимий ошириб бориш, инсонларни тўғри йўлга бошлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш йўлида жидду жаҳд қилишни талаб этаётганини таъкидлади. Шунингдек, нотиқлар мазкур курснинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Икки ҳафта давом этадиган мазкур ўқувда бугунги кунда долзарб бўлган мавзуларда дарс машғулатлари олиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати