Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳу улуғ саҳобалардан. Ансорларнинг нотиғи. Уҳуд жанги ва Ризвон байъати қатнашчиси. Онаси: Ҳинд бинти Руҳм Тоиа. Бошқа бир ўринда: “Кабша бинти Воқид. Мўмина, оқила аёл бўлган”, дейилади. Она бир ака-укалари: Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Амра бинти Равоҳа.
Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳу ясрибликлар орасида Исломни биринчи қабул қилганлардан. Маккалик ўсмир Мусъаб ибн Умайр розийаллоҳу анҳу Қуръони каримни ёқимли овозда қироат қилганда Собитнинг қалби юмшаб, Исломга мойил бўлди ва имон билан шарафланди.
Энди у Ясрибга асрлар оша кутилган Пайғамбар алайҳиссаломнинг ташриф буюришларига интиқ бўла бошлади. Ҳам руҳан, ҳам маънан тайёргарлик кўрди.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Собит ибн Қайс у зот алайҳиссаломни мамнуният билан кутиб олди. Сўнг: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ўзимиз ва фарзандларимиз каби ҳимоя қиламиз. Бунинг эвазига бизга нима берилади?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Жаннат”, дедилар. Жаннат сўзини эшитган саҳобалар: “Биз розимиз, биз розимиз, биз розимиз!”, деб баралла айтишди. Шундан кейин Набий алайҳиссалом Собитни ўз воизлари этиб тайинладилар.
Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳунинг тўнғич фарзанди туғилганда, уни Набий алайҳиссалом ҳузурларига олиб келди. У зот алайҳиссалом боланинг танглайини кўтариб, унга Муҳаммад, деб исм қўйдилар. Шу кундан бошлаб Собит “Абу Муҳаммад” кунясини олди.
Зуҳрий айтади: «Бани Тамим қабиласидан элчилар келиб, нотиқлари нутқ сўзлади ва ўз хутбасидан фахрланди. Шунда Набий алайҳиссалом Собит ибн Қайсга: “Тур, уларнинг нотиғига жавоб қайтар”, дедилар. Собит розийаллоҳу анҳу Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, сўнг уларга Ислом даъватини етказди. Унинг хутбасидан Набий алайҳиссалом ва мусулмонлар хурсанд бўлишди».
Собит ибн Қайс саҳобалар орасида тақвоси, саховати, шижоати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кучли муҳаббати билан, шунингдек, Аллоҳ таоло йўлида инфоқэҳсон қилишни яхши кўриши билан ажралиб турарди. Бир куни Собит мусулмонлардан бирининг уч кун узлуксиз рўза тутаётгани, ифторга бирон егулик тополмаётганини билиб қолди. Хотинига бориб, бу кеча уйга меҳмон олиб келишини, унга сездирмай чироқни ўчириб қўйишини айтди. Меҳмон ҳеч бир хижолатсиз таомга тўйиб олмагунига қадар ўзлари таомдан емасликларини тайинлади. Боиси, уйларида бир ёки икки кишига етаретмас таом бор эди.
Кеч кириб, меҳмон келганда Собитнинг аёли ўзини гўёки пиликни тўғрилаётгандай кўрсатиб, уни ўчириб қўйди. Меҳмон олдида ҳаммалари таомга қўл узатишиб, ўзларини таомланишаётгандай кўрсатишди. Меҳмон тўйиб олмагунига қадар, бирор луқма ейишмади.
Эртасига Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борди. У зот алайҳиссалом: “Эй Собит, меҳмонингга қилган кечаги ишингдан Аллоҳ ажабланди”, дедилар. Шундан сўнг: «Ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар» (Ҳашр сураси, 9) ояти каримаси нозил бўлди.
Ҳужурот сурасининг: “Эй имон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз!” ояти нозил бўлганида Собит ибн Қайс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ яхши кўришига қарамасдан ҳузурларига бормай қўйди. Уйидан фақат жамоат намозларини адо этиш учун чиқадиган бўлди.
Бу орада Набий алайҳиссалом Собитни суриштириб: “Ким бизга у ҳақида хабар олиб келади?” дедилар. Ансорлардан бири: “Ё Расулуллоҳ, мен билиб келаман”, деб Собитнинг уйига борди. Уни боши эгик, хафа ҳолда ўтирганини кўрди. Кейин: “Эй Абу Муҳаммад, аҳволинг қандай?” деб сўради. У: “Ёмон”, деб жавоб қилди. Ансорий: “Нима учун?” деб сўради. Собит: “Биласанку, овози баланд одамман. Кўп бор овозимни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг овозларидан баланд кўтарганман. Бу ҳақда Қуръони каримда сен билган нарса нозил бўлди. Энди ўзимни дўзах аҳлидан деб ҳисобламоқдаман”, деди.
Ансорий Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб, кўрган ва эшитганларини сўзлаб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ансорийга: “Собитнинг олдига қайтиб бор, унга дўзах эмас, балки жаннат аҳлидан эканини айт”, дедилар.
Жаннат башоратини олсада, Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳу илм, амал ва ибодатда пешқадамликни қўлдан бермади. Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид айтади: «Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Кўрдингизми, кеча Қайс ибн Собит ибн Шамоснинг уйида чироқлар ўчмади?” дейишди. Набий алайҳиссалом: “Шояд Бақара сурасини ўқиган бўлса”, дедилар. Бу ҳақда Собитдан сўрашганда у: “Бақара сурасини ўқигандим”, деб жавоб берди».
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18) ояти Собит ибн Қайсга қаттиқ таъсир этди ва йиғлай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан йиғиси сабабини сўраганларида у бундай жавоб берди: “Қавмимдаги энг ранги қора киши бўлишимга қарамай, мен гўзалликни яхши кўраман”, деди. Набий алайҳиссалом: “Сен оятда зикр қилинганлар тоифасига кирмайсан. Бахтли ҳаёт кечириб, яхшилик устида вафот этасан. Сўнг Аллоҳ таоло сени жаннатга киритади”, деб марҳамат қилдилар. Бу унинг иккинчи бор жаннат башоратини олиши эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳудан рози ҳолда вафот этдилар. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу халифалиги замонида ридда жанги бошланди. Бу орада Мусайлама Каззоб Ямомада ўзини пайғамбар деб эълон қилди. Собит ибн Қайс ҳам бошқалар қатори Ямомага – сохта пайғамбарга қарши жанг қилиш учун борди.
Бир вақтлар Аллоҳнинг элчиси айтган башоратга эришиш учун ўлимга тик боқди. Жангга кираркан: “Ё Аллоҳ, улар (каззоблар) қилган ишларидан мени узоқ қил”, деб дуо қилди. Мардлик ва қаҳрамонликлар кўрсатиб, шаҳид бўлди.
Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳу вафотидан сўнг саҳобалардан бирининг тушига кириб, бир одамда совути борлиги, уни сотиб, пулини камбағалларга эҳсон қилишини айтди. Саҳоба тушини Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳуга айтди. Халифа тушда айтилган кишига одам жўнатди. Ҳалиги одам совутни эътироф этди. Сўнг уни сотишиб, пулини эҳсон қилишди.
Шундай қилиб, Собит ибн Қайс вафотидан кейин васиятини айтган ягона инсон сифатида тарихга муҳрланди.
Манбалар асосида Ромитан туманидаги “Мулла Нарзи” жоме масжиди имом-хатиби
Суннатуллоҳ ФАХРИЕВ тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.
Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфрга кетганликда айблайдиган даражага етди.
Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.
Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.
Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.
Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.
Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.
Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўшлаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.
Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.
Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.
Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.
Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.
Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.
Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бошқа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.
Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.
Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жамоа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг тарафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айтган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўлганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.
Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.
Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:
«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди