Шу йил 6 февраль куни Нукус шаҳридаги Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди катта мажлислар залида Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус Ислом таълим муассасаси талабалари 2020-2021 ўқув йили биринчи семестр натижалари бўйича тадбир ўтказилди.
Тадбир Қуръони карим тиловоти ва хайрли дуолар билан бошланди. Уни билим юртининг катта ўқитувчиси Ж.Искендеров кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича мудири ўринбосари С.Кудайбергеновнинг 2020-2021 ўқув йили биринчи семестр натижалари бўйича ҳисоботи тингланди.
Шундан сўнг 2020-2021 ўқув йили биринчи ярим йилида барча фанларни “аъло” баҳоларга ўзлаштирган талабаларга билим юрти раҳбариятининг “Фахрий ёрлиқ” ва қиммат баҳо совғалари топширилди.
Ҳар бир ота-она фарзанди қўлга киритган ютуқлар билан фахрланади. Жорий ўқув йили биринчи ярим йилини “аъло” баҳоларга якунлаган талабаларнинг ота-оналарига билим юрти раҳбариятининг “Ташаккурнома”лари почта хизматлари орқали уйларига жўнатилди.
Тадбир давомида билим юрти ёшлари тайёрлаган “Таълимда – устоз ва талаба ҳамҳиҳатлиги” мавзусидаги видеоролик тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Тадбир маҳаллий телевидение орқали тасвирга олинди.
Саламат Кудайбегенов
Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний
ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича
мудир ўринбосари
Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда.
Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.
Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати