«Ислом тараққиёт банки» гуруҳи таркибига кирувчи «Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси» (ICD) Ўзбекистоннинг бир неча тижорат банкларида Ислом молия маҳсулотлари ва хизматлари тақдим этувчи дарчаларни («Ислом дарчалари») очиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб бормоқда.
Ушбу дарчалар фаолиятини йўлга қўйиш 2021 йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилиши режалаштирилган. Ислом дарчалари ўз фаолиятини бошлаганда мамлакатда фаолият юритувчи тадбиркорлар ва жисмоний шахсларга қандай молиявий хизматлар таклиф қилинади? Ислом дарчаларининг банклар ва уларнинг мижозлари учун қандай фойдали томонлари бор? Айнан мана шу саволларга қуйида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ислом банкчилиги ва анъанавий банкчилик
Ислом дарчалари фаолиятини тушуниш учун биринчи навбатда ислом банкчилигини анъанавий банкчиликдан қандай фарқлари борлиги ҳамда таклиф қилинаётган хизматлар ва маҳсулотлар турларини билиб олиш мақсадга мувофиқ.
Умуман олганда, Ислом молияси қарз бериш ёки молиялаштириш ишларида айнан шариат тамойиллари ва қоидаларига асосланган жараёнларни қамраб олиши ҳамда Ислом молия тамойилларига мос бўлган битимлар тузади. Шу билан, Ислом молияси анъанавий молиялаштириш ёки қарз беришдан фарқ қилади. Масалан, гўшт маҳсулотини олайлик, ҳайвон ёки парранданинг ислом дини талабларига риоя қилган ҳолда сўйилиши уни (яъни гўштни) ҳалол гўшт сифатида талқин қилинишига сабаб бўлади. Худди шу каби, молиялаштириш ёки қарз беришда, ёки бошқача айтганда, тарафларнинг молиявий муносабатларга киришишида ислом дини талабларига амал қилиниши молиявий маҳсулот ва хизматларни ҳалол/шаръий деб эътироф этилишига сабаб бўлади.
Қуйидаги сурат эса, айнан Ислом банкчилигининг анъанавий банкчиликдан қайси жиҳатлари билан фарқланишини бизга кўрсатади:
Юқорида келтирилган суратдан кўриниб турганидек, Ислом банкчилигида маблағларни жалб қилиш шариат тамойиллари асосида шерикчилик, қарз ёки сақлаб бериш (омонат) шартномалари асосида амалга оширилади. Анъанавий банкчиликда эса, кафолатланган фоиз эвазига маблағлар жалб қилинади.
Ислом банкингида жалб қилинган маблағларнинг ишлатилиши ҳам анъанавий банкчиликдан моҳиятан фарқ қилади. Маблағлар Ислом молияси тамойилларига биноан, сотиш, ижара/лизингга бериш ёки шерикчилик асосида ёхуд молиялаштириш/инвестиция шартномалари асосида амалга оширилиши мумкин.
Ислом дарчаси маҳсулот ва хизматлари
Юқорида келтирилган маълумотлар асосида Ислом дарчаси хизматлари ва маҳсулотларини (анъанавий банк хизматлари ва маҳсулотларига солиштирган ҳолда) қуйидагича тушунишимиз мумкин бўлади:
Юқоридаги ислом дарчаси томонидан кўзда тутилган молиявий хизматлар ва маҳсулотларни ҳозирда мавжуд анъанавий банк хизматлари ва маҳсулотларига муқобил эканлиги, шу билан бирга анъанавий банкчиликка нисбатан ҳатто мослашувчан эканлигини кўришимиз мумкин. Масалан, юридик шахсларга мўлжалланган асосий воситаларни молиялаштиришни оладиган бўлсак, ушбу турдаги молиялаштириш ислом дарчаси орқали бир неча усул билан (шартнома турига боғлиқ), мижознинг молиявий ҳолати, бизнес режаси ва фаолият туридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Яна бир мисол: ҳозирги вақтда юртимизда уй-жойга бўлган юқори талабни қондиришга қаратилган ипотека кредитларига муқобил сифатида ислом дарчалари бир неча усул билан уй-жой сотиб олишни молиялаштириши мумкин. Албатта, бу мамлакатимиздаги уй-жойни молиялаштириш билан боғлик муаммоларнинг яна бир ечими сифатида кўрилиши керак.
Ислом дарчалари ҳам жисмоний ва юридик шахслардан, ҳамда турли сармоядорлардан (жумладан хорижий) молиявий маблағлар жалб қилиш орқали фаолият юритади. Бу маблағлар анъанавий банкчиликда бўлгани каби талаб қилиб олингунча ёки муддатли омонат (депозит) шаклида жалб қилиниши мумкин. Қуйидаги чизмада айнан муддатли омонатларнинг ишлаш механизми ислом банкчилигида, жумладан ислом дарчаларида қандай ташкил қилинишини кўришимиз мумкин:
Ислом банклари муддатли жалб қилинган маблағларни асосан юқоридаги расмда тасвирланган механизм асосида молиялаштиришга йўналтиради ва лойиҳадан олинган фойдани муддатли депозит эгалари ёки сармоядорлар ўртасида уларнинг улушига мос равишда мутаносиб тақсимлайди. Бу механизм мураккаб банк дастурий таъминоти ёрдамида амалга оширилиб, ушбу дастурий таъминот депозит эгаларининг маблағларини тўғри, оқилона, ислом молияси тамойиллари асосида фаолият юритувчи лойиҳага ишлатилиши ва олинган даромадларни аниқлик билан омонат эгалари ёки сармоядорлар ўртасида уларнинг улушига мос равишда тақсимланишини таъминлайди.
Шуни таъкидлаб ўтиш ҳам лозимки, ҳозирги кунда анъанавий халқаро молия ташкилотлари ҳам ислом банк тизимини мамлакатлар иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этиши мумкинлигини тан олмоқда ва ушбу тизимни татбиқ этишни бошлади.
Ислом дарчаларининг фойдалари
Ислом дарчаси ушбу дарчани очишни режалаштирган тижорат банклари учун қуйидаги фойдаларга эга:
• Ички ва ташқи манбалардан молия маблағлари жалб қилиш ҳисобидан банкларда қўшимча молиявий маблағлар пайдо бўлади (яъни, ликвидлилик ошади);
• Банклар ўз активлари ва мажбуриятларини диверсификация қилишга эришади;
• Банклар ўзларида мавжуд анъанавий хизматларга қўшимча равишда ислом молия хизматларини ҳам таклиф этишади ва шу орқали ўз мижозларининг эҳтиёжларини янада тўлиқроқ қондиришади;
• Ислом дарчаси фаолияти натижасида келган даромад банкларнинг умумий даромади ошишига олиб келади;
• Ҳозирги вақтда анъанавий банк хизматлари ва маҳсулотларидан фойдаланмаётган мижозлар сони ислом дарчалари маҳсулот ва хизматларидан фойдаланишига эришилади, бу эса банкнинг умумий мижозлари сонининг сезиларли ўсишига олиб келади.
Ислом дарчаларининг бизнес, жисмоний шахслар ва мамлакат иқтисодиёти ривожланишига қўшиши мумкин бўлган ҳиссаси:
• Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда хусусий тармоқ вакиллари ихтиёрида бўлган бўш пул маблағларининг мамлакат иқтисодиётидаги иштирокини ошириш;
• Мамлакатда капитал бозорни ривожлантириш ва диверсификациялаш;
• Лойиҳаларни молиялаштириш орқали кўплаб янги иш ўринлари яратиш;
• Камбағалликка қарши курашиш давлат дастурини амалга оширишга ҳисса қўшиш;
• Аҳолининг молиявий саводхонлиги ва иқтисодий фаоллигини ошириш;
• Жисмоний ва юридик шахсларнинг молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондиришда муқобил хизмат турларини таклиф этиш;
• Банк тизимида рақобатни кучайтириш орқали банклар хизматлари турлари ва сифатини ошириш;
• Ислом молияси хизматларини татбиқ қилиш орқали мамлакатдаги хусусий тармоқ вакилларининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш.
Бир сўз билан айтганда, ислом молияси хизматлари мамлакатимиз тараққиётига жуда катта ҳисса қўшиши мумкин.
Ислом дарчасининг ташкил қилиниши
Ислом дарчаси кўп ҳолларда мамлакатларда ислом молия тизими ёки ислом молияси бўйича қонунчилик мавжуд бўлмаганда ташкил этилади. Чунки, Ислом дарчаси маълум мамлакатнинг мавжуд қонунлари ва хуқуқий базаси асосида чегараланган миқдордаги хизматлар ва маҳсулотларни анъанавий банкнинг таркибий бўлинмасининг маҳсулоти сифатида таклиф этади. Тўлақонли ислом банкчилиги хизматлари ва маҳсулотлари эса, одатда ўша мамлакатда тегишли қонунлар ишлаб чиқилганидан кейин тақдим этилади. Шу сабабли, кўпинча ислом дарчалари ташкил қилишдан қуйидаги мақсадлар кўзланади:
1) Мамлакатда ислом молия хизматларига талаб даражасини ўрганиш;
2) Ортиқча харажатларсиз банклардаги мавжуд инфратузилма (бинолар, ходимлар ва ҳоказо) асосида ислом молия хизматларини таклиф қилиш;
3) Ташкил этилган ислом дарчалари фаолиятини ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш орқали, мамлакатда ислом молияси ва банкчилигига оид қонун ишлаб чиқилиши юзасидан амалий таклифлар бериш;
4) Аҳоли ва хусусий тармоқ вакилларининг молиявий саводхонлигини ошириш орқали уларнинг мамлакат иқтисодиётидаги иштирокини ошириш;
5) Ислом дарчаси фаолияти натижаси таҳлили асосида банкларнинг келажакдаги ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш.
Ҳозирги вақтда дунё миқёсида 80дан ортиқ мамлакатда 1,400га яқин ислом молия муассасалари мавжуд бўлиб, Халқаро Валюта Жамғармаси маълумотига кўра, сўнгги 10 йил ичида банк тизимида ислом молия муассасаларининг муҳим ўрни борлигини кўрсатиб берди. Эътиборлиси, Ислом молия муассасалари нафақат мусулмон ўлкаларда, балки Европа давлатларида, Канада, Филиппин ва Сингапур каби мусулмонлар ҳамжамияти озчиликни ташкил қиладиган мамлакатларда ҳам мавжуд.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда шу йилнинг иккинчи ярмида очилиши режалаштирилаётган Ислом дарчалари банк тизимининг ривожланиши, молиявий хизматлар сифатининг ошиши, хусусий тармоқ вакиллари салоҳиятининг ўсиши, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланиши ҳамда мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиши нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Музаффар Низомиддинов
Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) етакчи мутахассиси, МДҲ давлатлари бўйича лойиҳа менежери
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Агар мадрасавий нақл мутавотир бўладиган бўлса, унда нима учун ҳанафийларнинг мутавотирида моликийларнинг мутавотирига тескари келадиган жойлар бор?
Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, моликий мазҳаби ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, нима учун бу мутавотирлар ўзаро бир хил эмас?
Имом Ҳафс роҳимаҳуллоҳнинг қироати билан имом Шўъбанинг қироати мутавотир эмасми? Етти қироат мутавотир эмасми? Лекин улар бошқа-бошқа-ку?!
Демак, «мутавотир бўлди» дегани бир хил бўлди дегани эмас экан. Шунингдек, Бухорийда келган баъзи саҳиҳ ҳадислар ҳам айнан ўша Бухорийда келган бошқа бир ҳадисга тескари келиши мумкин. Биз эса бу китобдаги барча ҳадисларнинг саҳиҳ эканига ишонганмиз.
Шунингдек, Бухорий ва Муслимда ҳам бир-бирига тескари ҳадислар бор. Униси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлиб етиб келган, буниси ҳам. Демак, саҳиҳ ва мутавотир бўлиш – нақлда бир хил бўлиш дегани эмас экан, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳодисалар турлича бўлган.
Баъзилар мутавотирни маълум бир кўринишда нақл қилишган, баъзилар эса мутавотирни ёки мустафизни бошқа бир жойда бошқа бир кўринишда нақл қилишган. Буларнинг барчаси китобларда бор. Бизнинг мавзуимиздаги нозик нуқта мутавотир бўлиш эмас, балки нақл бўлиши собитроқ ва кўп такрорланганлигидир. Бунга «мутавотир» деб ном бериш эса мажозий маънодадир.
Тўғри, баъзи далиллар мутавотир бўлиши мумкин. Лекин асосийси – нақл қилиш собит эканида энг юқори даражасига чиққан бўлиши керак. Шунингдек, улар келтирган нақл билан биз келтирган нақл хилма-хил бўлишининг зарари йўқ, чунки ҳанафийлар Кўфада истиқомат қилган Абдуллоҳ ибн Масъуд, Алий ибн Абу Толиб ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган бўлса, моликийлар Оиша, Ибн Умар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган. Моликийларнинг мазҳаби Зайд ибн Собитга, ҳанафийларнинг мазҳаби эса Абдуллоҳ ибн Масъудга бориб тақалади.
Ушбу мавзуга якун ясаш билан биргаликда, кўп хавотирга ўрин қолмаслиги учун қуйидагиларни ҳам айтиб ўтсак:
Фиқҳий масалаларга нисбатан ҳадисларнинг сони жуда ҳам оздир. Аввалги маълумотларимизда ҳукмлар келган ҳадисларнинг сони уч минг, икки минг, беш юз ёки етти юз атрофида эканини айтиб ўтган эдик. Бу жуда ҳам кам сон.
Шунингдек, оятларнинг ҳам сони чегараланган. Аммо масалалар эса миллионлаб топилади. Шунингдек, ҳадислар ҳам бор, марҳамат, кўришимиз мумкин. Олдинги ва кейинги уламоларимиз ҳукмий ҳадислар ҳақида қанчалаб китоблар ёзишган. Улар ўз китобларида «Мана бу ҳукмий оят, бу эса ҳукмий ҳадис», деб зикр қилишган. Аммо бу ўринда баҳс ҳукмий оятлар ёки ҳукмий ҳадисларда эмас! Сиз кутубхонадан бир неча динорга ҳукмий ҳадислар ёзилган китоб сотиб олишингиз мумкин. Қуръони Карим эса ҳамма жойда бор. Хўш, шу иккаласи билан имом мужтаҳид бўлиб қоладими?
Баҳсимиз бу нуқтада ҳам эмас! Баҳс ушбу масалаларни қандай қилиб чиқариб олиш, ҳукмларни жамлаш ва уларни қандай тушунишдадир. Бу ерда ҳадис етиб келиш-келмаслиги масаласининг аҳамияти қолмайди! Ахир орадан 1400 йил ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга суннат етиб келди-ку!
Мужтаҳид имомлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида эса бир неча йиллар, яъни 70-80-90 йиллар ўтган, холос! Уларнинг бутун турмуш тарзи Исломдан иборат эди, улар оила қуришда, ўзаро муносабатларда, бошқарувда ва барча ҳолатларда Ислом билан ҳамоҳанг эдилар. Қандай қилиб уларга ҳадис етиб бормаган бўлиши мумкин? Қандай қилиб биз ҳаётимизнинг турли жабҳаларида Исломдан узоқ бўла туриб, «Бизга ҳадис етиб келган», деймиз? Шунинг учун «Ҳадис етиб келган-келмаган», деб баҳс қилишнинг ҳеч бир қиймати йўқ! Қуръон ва Суннат бор. Энди бу ўриндаги баҳсимиз улардан қандай ҳукм чиқарамиз, қандай ижтиҳод қиламиз, уларни қандай тушунамиз ва улардан қоидаларни қандай чиқарамиз, деган маънода бўлиши керак.
Яҳё ибн Қаттон роҳимаҳуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган саҳиҳ ҳадисларни кўрсатишини сўраб, Аллоҳ таолога тўрт йил дуо қилдим», деганлар.
Биз ўрганаётган мавзу фақат ҳадис ривоят қилиш эмас, балки имом Шофеъийнинг муҳаддислар йўлидан юриб, мазҳаб туза олишидир. Муҳаддислардан олдингилар эса ҳадисларни ҳам ривоят қилишар, бир-биридан фарқли фатволар ҳам беришар эди. Гап ушбу ҳадисларга таяниш учун қандай қилиб мазҳаб ва қоидаларни чиқаришдадир. Албатта, ушбу мавзу биздан катта эътибор талаб қиладиган муҳим мавзулардандир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан