Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Январ, 2025   |   23 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:42
Пешин
12:40
Аср
15:47
Шом
17:31
Хуфтон
18:48
Bismillah
23 Январ, 2025, 23 Ражаб, 1446

Руҳий истаклар камайса, моддий истаклар кўпаяди

4.02.2021   2371   3 min.
Руҳий истаклар камайса, моддий истаклар кўпаяди

Очкўзлик ҳам зеҳнни заифлаштиради, руҳ ва ақлни парда билан ўраб ташлайди. Бу ҳол нафсни тарбиялаш ва уни нуқсонлардан халос этишга тўсқинлик қилади. Бу билан инсон одамийликдан ҳайвонийликка юз тутади.

Алишер Навоий асарларини сўфийлик нуқтаи назаридан тадқиқ қилиш бу улуғ алломанинг ўзи том маънода сўфий бўлганлигини намоён этади. Эътиқодда қойим, тақвода шойим – бир сўз билан айтганда, шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўла-тўкис динимиз равнақи, эл-юрт ривожига хизмат қилган.

Навоий ўз ижодида нафснинг ўпқон экани ҳақида кўп далиллар келтиради. Жумладан, “Лисон ут-тайр” достонида қушлар ўзларининг раҳнамоси –  Ҳудҳудга шариатга доир саволлар беришади. Ҳудҳуд саволларга жавоб берар экан, шариат ақидаларини тасаввуфий руҳда талқин қилади. Масалан, қушлардан бири сўрайди: “Лаънати иблис мени доимо васвасага солиб, ножўя хаёлларни кўнглимга келтиради, ундан қутулиш чораси нимада?”. Ҳудҳуд ўз жавобида айтади: “Иблис ташқаридаги ғайритабиий куч эмас, балки сенинг нафсинг ва хулқингдаги иллатларнинг ифодасидир, чунки сенинг қалбинг кибру ғурур ва нуқсонларга тўлиб-тошган, уларни кўриб шайтоннинг ўзи ҳам қўрқиб, чўлу биёбонларга қочган бўлур эди”. 

Бу - парҳезкорлик, яъни ўзни тийиш, ҳазар қилиш. Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.) “Кимки дунёдан парҳез этса, унинг нури тажаллиёт нури кирадиган жойга айланади” деганлар.

Навоий унга шундай таъриф беради: “Зуҳд дунё орзуларидан кечмоқдур ва нафс аларнинг мавто заҳрини ичмоқдур ва молу жоҳ хаёли риштасин кўнгулдин узмоқдур ва нангу номус бутларин ушатурға ўзин тузмоқдур ва қабул умидиға риёзат тариқин тутмоқдур. Ва шариат жодасида мардона турмоқдир”.

Ҳазрат Навоий руҳий истаклар озайгач, моддий истаклар кўпаяди, дейди. Айни тарзда очкўзлик ҳам зеҳнни заифлаштиради, руҳ ва ақлни парда билан ўраб ташлайди. Бу ҳол нафсни тарбиялаш ва уни нуқсонлардан халос этишга тўсқинлик қилади. Бу билан инсон одамийликдан ҳайвонийликка юз тутади.

Зуҳд – нафс истакларини камайтириш, фикрни унинг орзулари ила банд этмаслик. Кунни чиройли матоҳлар ва лаззатли овқатлар ҳақидаги суҳбат ва баҳслар билан ўтказмаслик. Чунки ҳайвонлар ҳам деярли дуч келган жойда ўтлайди, доимий жун либосида юради, кўп-кўп ухлайди. На ўтмишдан ибрат олиш, на истиқбол андишаси бор уларда. Шундай ҳолда ҳайвонларнинг бахтли ёхуд иззатли бўлишлари ҳақида ўйлаб кўриш мумкинми? Йўқ, албатта. Бу зуҳдга мутлақо мувофиқ келмайди. Аммо ҳеч кутилмаган ва таъмасиз келган неъматлар қабул қилинади ва шукри лозим бўлади.

  Алқисса, Ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижодини покиза ахлоқ ва гўзал тарбиянинг юксак намунаси сифатида тадқиқ қилиш даркор. Суфиёна қарашлар билан суғорилган унинг асарлари бугунги кунда ҳам, қолаверса келажак учун ҳам, айниқса ёш авлодни тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Ботиний оламни ислоҳ қилиш билан зоҳирий оламни кўркамлаштириш илми, бу – тасаввуф экан, унинг таъсири атрофда ҳам кўринади. Адолат, қаноат, матонат, маърифат, шижоат каби эзгу фазилатлар улуғланган, ёшларининг қалбида шу каби сифатлар маърифий йўл билан сингдирилган жамиятда залолат, жаҳолат, қабоҳат каби иллатларга ўрин қолмайди.

Зайниддин Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръон ўқимасдан хотиржам яшаш мумкинми?! 

14.01.2025   4753   2 min.
Қуръон ўқимасдан хотиржам яшаш мумкинми?! 

Банда оламдан ўтса, уни ювиб кафанлаш, жаноза ўқиб дафн этиш ортда қолган мусулмонлар зиммасига тушади. Одамлар маййит ҳурматини жойига қўйиб, жаноза ўқиб дафн этишлари, Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлашлари мумкин. Бироқ улар марҳум зиммасидаги фарз ибодатларни тўкис бажаролмайдилар. Ҳамма гап шунда. 
Бошқа тарафдан олиб қараганда, кўпчилик Қуръон ўқимай юргани учун ҳам руҳий тушкунликка, депрессияга тушиб қоляпти. Ҳар қадамда стресс (руҳий зўриқиш, асаббузарлик) кузатилади. Баъзи одамлар асаби чатоқ, сал нарсага ловуллаб ёниб кетади, сиркаси сув кўтармайди. Бунинг сабабини суриштирсангиз, Қуръон ўқимаслиги, Исломдан бехабарлигидан экани билиниб қолади. Ҳатто Қуръон таржимасини олиб ўқишга ҳам қунт қилмайди. Аллоҳнинг Каломини ўқимасдан қандай қилиб хотиржам яшаш мумкин?! 

Хуллас, айни дамда ечими қийин бўлиб турган глобал руҳий муаммонинг оддий давоси – Қуръон ўқиш, охиратни эслаш. 
Унутмайлик: Қалб зангини, кўз ширасини зеб-зийнатлар, бойлик, обрў-эътибор билан кетказиб бўлмайди. Қалби зилол сувдек мусаффо, икки дунёси обод бўлишини истаган инсон охиратни унутмайди, Аллоҳнинг Каломини қунт билан ўқиб-ўрганади. 
Ҳозирги пайтда ҳар хил касалликлар кўпайган, авваллари маълум бўлмаган иллатлар пайдо бўлган. Одамлар улардан қутулиш учун пулларини, олтиндан қиммат вақтларини сарфлаяптилар. Шунга қарамай, шифохоналар касаллар билан тўла, беморлар сафи камайишидан дарак йўқ. Бунинг боиси нимада? 

Сабаби, кўп одамлар мукаммал шифо нимадалигига аҳамият бермайдилар. Тиббиёт ходимлари бор эътиборларини моддий муолажаларга қаратиб, руҳий жиҳатларга унчалик парво қилишмайди. Шунинг учун беморлар дарддан тўлиқ соғайиб кетишлари қийин кечади. 
Танадаги дарддан бутунлай халос бўлишда Қуръоннинг аҳамияти беқиёс. Зеро, Қуръон тушкунлик, паришонхотирлик, ғам-андуҳ, сеҳр, кўз тегиши каби иллатларга тенги йўқ шифодир. Замонавий тиббиёт бундай касалликларни таг томири билан даволашга кўп ҳолларда ожизлик қилади. 

Уламолар айтишича, табобат иккига бўлинади: бадан табобати, қалб табобати. 
Бадан табобатида инсон танасининг ҳолати, касалликни даволаш йўл-йўриқлари ўрганилади. Қалб табобатида эса инсон қалбини касал қилувчи иллатлар, уларнинг давоси ўрганилади. 
Динимиз, исломда ҳар икки жиҳатга эътибор берилади. Айниқса, қалб табобатига – руҳий тарбияга алоҳида аҳамият қаратилади. 
Қуръон ҳар қандай касалликни тузатади, руҳий ёки танадаги касалликми, сеҳрми, жин тегишими, тери касалликларими, барчасига шифо бўлади. Бунинг учун беморнинг эътиқоди тўғри бўлса, кифоя. Зотан, соғлом ақида шифонинг ярмидир.  

 Т.Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.