Очкўзлик ҳам зеҳнни заифлаштиради, руҳ ва ақлни парда билан ўраб ташлайди. Бу ҳол нафсни тарбиялаш ва уни нуқсонлардан халос этишга тўсқинлик қилади. Бу билан инсон одамийликдан ҳайвонийликка юз тутади.
Алишер Навоий асарларини сўфийлик нуқтаи назаридан тадқиқ қилиш бу улуғ алломанинг ўзи том маънода сўфий бўлганлигини намоён этади. Эътиқодда қойим, тақвода шойим – бир сўз билан айтганда, шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўла-тўкис динимиз равнақи, эл-юрт ривожига хизмат қилган.
Навоий ўз ижодида нафснинг ўпқон экани ҳақида кўп далиллар келтиради. Жумладан, “Лисон ут-тайр” достонида қушлар ўзларининг раҳнамоси – Ҳудҳудга шариатга доир саволлар беришади. Ҳудҳуд саволларга жавоб берар экан, шариат ақидаларини тасаввуфий руҳда талқин қилади. Масалан, қушлардан бири сўрайди: “Лаънати иблис мени доимо васвасага солиб, ножўя хаёлларни кўнглимга келтиради, ундан қутулиш чораси нимада?”. Ҳудҳуд ўз жавобида айтади: “Иблис ташқаридаги ғайритабиий куч эмас, балки сенинг нафсинг ва хулқингдаги иллатларнинг ифодасидир, чунки сенинг қалбинг кибру ғурур ва нуқсонларга тўлиб-тошган, уларни кўриб шайтоннинг ўзи ҳам қўрқиб, чўлу биёбонларга қочган бўлур эди”.
Бу - парҳезкорлик, яъни ўзни тийиш, ҳазар қилиш. Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.) “Кимки дунёдан парҳез этса, унинг нури тажаллиёт нури кирадиган жойга айланади” деганлар.
Навоий унга шундай таъриф беради: “Зуҳд дунё орзуларидан кечмоқдур ва нафс аларнинг мавто заҳрини ичмоқдур ва молу жоҳ хаёли риштасин кўнгулдин узмоқдур ва нангу номус бутларин ушатурға ўзин тузмоқдур ва қабул умидиға риёзат тариқин тутмоқдур. Ва шариат жодасида мардона турмоқдир”.
Ҳазрат Навоий руҳий истаклар озайгач, моддий истаклар кўпаяди, дейди. Айни тарзда очкўзлик ҳам зеҳнни заифлаштиради, руҳ ва ақлни парда билан ўраб ташлайди. Бу ҳол нафсни тарбиялаш ва уни нуқсонлардан халос этишга тўсқинлик қилади. Бу билан инсон одамийликдан ҳайвонийликка юз тутади.
Зуҳд – нафс истакларини камайтириш, фикрни унинг орзулари ила банд этмаслик. Кунни чиройли матоҳлар ва лаззатли овқатлар ҳақидаги суҳбат ва баҳслар билан ўтказмаслик. Чунки ҳайвонлар ҳам деярли дуч келган жойда ўтлайди, доимий жун либосида юради, кўп-кўп ухлайди. На ўтмишдан ибрат олиш, на истиқбол андишаси бор уларда. Шундай ҳолда ҳайвонларнинг бахтли ёхуд иззатли бўлишлари ҳақида ўйлаб кўриш мумкинми? Йўқ, албатта. Бу зуҳдга мутлақо мувофиқ келмайди. Аммо ҳеч кутилмаган ва таъмасиз келган неъматлар қабул қилинади ва шукри лозим бўлади.
Алқисса, Ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижодини покиза ахлоқ ва гўзал тарбиянинг юксак намунаси сифатида тадқиқ қилиш даркор. Суфиёна қарашлар билан суғорилган унинг асарлари бугунги кунда ҳам, қолаверса келажак учун ҳам, айниқса ёш авлодни тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Ботиний оламни ислоҳ қилиш билан зоҳирий оламни кўркамлаштириш илми, бу – тасаввуф экан, унинг таъсири атрофда ҳам кўринади. Адолат, қаноат, матонат, маърифат, шижоат каби эзгу фазилатлар улуғланган, ёшларининг қалбида шу каби сифатлар маърифий йўл билан сингдирилган жамиятда залолат, жаҳолат, қабоҳат каби иллатларга ўрин қолмайди.
Зайниддин Эшонқулов,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби
Шу йил 13-16 январь кунлари Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд шафеълигида ўтказилаётган Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этмоқда.
Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган конференция-кўргазмада 100 га яқин давлатдан вазирлар, муфтийлар, олимлар, фан докторлари, академиклар, экспертлар, тадқиқотчилар, дипломатлар ҳамда ҳаж тадбирларини ташкил этишга мутасадди идора ва компаниялар қатнашмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги Ўзбекистон делегацияси “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш мақсадида, анжуман доирасида Саудия Арабистонидаги вазирликлар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва соҳа мутахассислари билан музокаралар ўтказиб, атрофлича ўрганишлар ва қиёсий таҳлиллар олиб бормоқда.
Шунингдек, ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари ва янги тартиб-қоидалар тўғрисида маълумотларга эга бўлинмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширлаётган ҳаж ва умра сафарлари йўналишидаги ташкилий-ҳуқуқий асослар ва рақамлаштириш жараёнлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда.
Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан ўтказилаётган конференция доирасидаги шўъбалар, ҳаж суҳбатлари, экспертлар тавсиялари, турли соҳа мутахассислари семинар-тренинглари, хорижий делегатлар билан тажриба алмашиш ва замонавий хизматлар тақдимотлари фойдали бўлмоқда.
Маълумот учун, Ҳаж конференцияси тўртинчи марта йирик масштабда бўлиб ўтмоқда. Инновацион дастурлар, илғор ташаббуслар, тажриба алмашиш, ҳаж сафарини юқори савияда ўтказишга оид билимларни ошириш ва муборак зиёратларни чиройли бажариш учун мустаҳкам пойдевор ҳозирлаши билан ушбу тадбир улкан муваффақиятларга эришади. Энг йирик кўргазма эса томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада равнақ топтириш орқали хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати