Исро нима дегани?
“Исро” (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.
Меърож нима дегани?
“Меърож” (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.
Исро ва меърож кечаси қачон бўлган?
Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро, 1), дейилган.
Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Муборакфурий “Ар-раҳийқул махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:
Бу кечанинг ҳикматлари кўп. Улардан бири –
Исро ҳодисаси Ислом даъватининг энг оғир ва машаққатли даврида содир бўлди. Бу вақтда мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кучли тазйиқ ўтказишарди. Уларнинг зулмидан ҳимоя қилувчи Абу Толиб, Хадийжа бинти Хувайлид онамиз ҳам вафот этганди.
Шундай қийин ва маҳзунли бир дамда Исро ва Меърож кечаси содир бўлди. Бу нарса у зотдаги ғам-ташвишни кетказиш, даъват йўлида собитқадам бўлиш, қалбга сурур бағишлаш учун тасалли бериш эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга қандай қилиб кўтарилдилар?
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисни Қози Иёз “Аш-шифо” китобида нақл қилган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Менга Буроқ келтирилди. У эшакдан баландроқ, хачирдан эса пастроқ ҳайвон бўлиб, югурганда туёғини кўзи етган жойга ташлаб сакрар эди. Унга миниб бир лаҳзада Байтул Муқаддасга етдим. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Менга Жаброил бир идишда шароб, иккинчи идишда сут келтириб тутди. Мен сутни олган эдим, Жаброил: “(Соф) фитратни танладингиз”, деди. Кейин биз осмонга кўтарилдик...”.
Набий алайҳиссалом самода қайси пайғамбарлар билан учрашдилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “...Биринчи осмонда Одам алайҳиссалом билан кўришдим.
Иккинчи осмонда Исо ва Яҳё алайҳимассалом билан учрашдим.
Учинчи осмонда Юсуф алайҳиссаломни кўрдим.
Тўртинчи осмонда Идрис алайҳиссаломни,
бешинчисида Ҳорун алайҳиссаломни,
олтинчисида эса Мусо алайҳиссаломни зиёрат қилиб, дуоларини олдим.
Еттинчи осмонда Иброҳим алайҳиссаломни Байтул Маъмурга суяниб турганларини кўрдим”.
“Байтул Маъмур”дан “Сидратул мунтаҳо”га
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, зиёрат қиладиб кетар экан. Сўнг “Сидратул мунтаҳо” дарахти ёнига келдим. Аллоҳнинг амри билан бу дарахт шундай гўзал ҳолга келган эди, уни таърифлашдан инсон тили ожиз эди”.
5 маҳал намозда 50 маҳал намознинг савоби бор...
Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ шу ерда менинг умматимга эллик вақт намозни фарз қилди. Мен Мусо алайҳиссаломнинг ёнига тушдим ва умматимга буюрилган фарз амални айтдим.
Мусо алайҳиссалом: “Умматингиз бу амални бажаролмайди, Аллоҳдан енгиллатишини сўранг”, деб қайтарди. Мен Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ ўртасида бир неча марта қатнадим, ниҳоят Аллоҳ: “Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз учун ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилдим ва уни эллик вақт ўрнида қабул қиламан”, деб марҳамат қилди.
Мусо алайҳиссалом яна мени қайтарди. Мен энди Аллоҳдан ҳаё қиламан, деб беш вақт намознинг фарзлигига рози бўлдим”.
Бу кеча яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нималар берилди?
Бу кеча – беш вақт намоз фарз бўлди, Аллоҳга шерик қилмай, гуноҳларига тавба қилганларнинг кечирилиши ҳақидаги хушхабар берилди ва “Бақара” сурасининг сўнгги уч ояти нозил бўлди...
ЎМИ Матбуот хизмати
Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилган. Ибодатларнинг улуғларидан бири намоз амалини дуруст бўлиши таҳоратга боғлиқ. Намозда таҳорат тўлиқ ва мукаммал бўлиши керак. Таҳорат масаласи ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб ҳукмлар келган.
Хусусан аждодимиз, буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асарида алоҳида бўлим очиб унга «Таҳорат китоби» деб ном берган. Ва энг аввал бобни таҳорат ҳақида келган Моида сурасининг “Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар” деган 6-оятини келтирган. Ва давомида “Набий алайҳиссалом таҳоратни бир марта, икки марта ва уч марта қилинишини баён қилдилар”, деган.
Кейин эса “Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди” деб иккинчи бобга ном берди ва унда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини келтирди. У ҳадисни Имом Бухорийга устози Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий айтди, унга Абдурраззоқ, унга Маъмар, унга Ҳаммом ибн Мунаббиҳ айтди, у Абу Ҳурайрадан эшитган. Абу Ҳурайра айтади: “Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, бетаҳорат киши таҳорат қилмагунича намози қабул қилинмайди, дедилар. Бир киши шу вақтда “Эй Абу Ҳурайра, таҳоратни нима синдиради?" деди. У зот, овозли ва овозсиз ел", дедилар.
Ҳадисда “қабул бўлмайди” дейилди. Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ, бу ердаги намоз қабул қилинмасилиги “қабули исобат” топилмагани учундир, деганлар. Яъни, намоз фиқҳий қоидалар асосида адо қилинмаган, сабаби намозни шарти бўлган таҳорат бўлмагани учун ибодат қабул бўлмайди.
Аслида “қабул” сўзи Аллоҳ таоло қабул қилган амалга ишлатилади. Намозхон ибодатни “қабули исобат” билан, яъни фиқҳий қоидалар асосида адо қилган бўлса-да, унга риё аралаштирса, Аллоҳ қабул қилмаган бўлади, бунда “қабули ижобат” топилмаган ҳисобланади.
Матндаги “ла туқбалу – қабул қилинмайди” деган жумлани “қабули исобат” ёки “қабули ижобат” деб тақсимлашга ҳожат йўқ. Чунки “ла туқбалу” “мардуд” маъносида, яъни намоз таҳоратсиз рад қилинади, деганидир.
Ҳадисда Абу Ҳурайра таҳоратни бузадиган икки нарсани санади, у зотнинг наздида шу икковигина таҳоратни бузадими, дейилса, бунга уламолар жавоб беришади:
Биринчи эҳтимол: Ҳа, фақат шу иккиси бўлиши мумкин;
Иккинчи эҳтимол: Аломма Кашмирий айтади, бу савол-жавоб масжидда бўлган. Масжидда эса таҳорат синиши шу иккиси билан бўлади. Ва яна одамларни наздида бу иккиси таҳорат синдирадиган нарса эмас, деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Шу иккинчи эҳтимол уламолар наздида биринчи эҳтимолдан рожиҳ – афзалроқ.
Демак, таҳорат намозни дуруст ё нодуруст бўлишига сабаб бўлиб, ҳар бир намозхон таҳоратга катта эътибор қаратиш лозим.
Абдулбосит Мелибоев,
Тошкент Ислом институти талабаси.