Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Дадамни яхши кўр! Худди мен сени яхши кўргандек...(бўлган воқеа)

4.02.2021   4436   1 min.
Дадамни яхши кўр! Худди мен сени яхши кўргандек...(бўлган воқеа)

Куни бўйи ишхонада югур-югурлар кўпайди. Камига анча вақт сарфлаб қилган ишим бошлиғимизга ёқмади... Бир уюм камситишлар ила нўноқликда айблади.


Уйга қайтяпман. Қаттиқ асабийлик оқибатими ёки хаёлим қочдими йўлдаги "таниш чуқурчани" кўрмай қолиб машинанинг ғилдирагини расво қилдим.

Уйга келсам овқат қилинмаган устига устак аёлим ҳам бетоб. Унга овозим борича бақирдим ва жаҳл билан ётоққа кириб ётиб олдим. Хаёлимда фақат раҳбарнинг асабий кўриниши ва айтган гаплари...

Шу пайт, уч ёшли ўғлим келиб "дадажон машинангизни мингим келяпти", деганча, устимга ўзини отди (одатда шундай қилиши менга жуда ҳам ёқарди). Уни устимдан улоқтириб "йўқол кўзимдан" деб ўшқирганча хонадан чиқариб юбордим. У йиғлаб-йиғлаб онасини ёнига кетди.

Орадан қанча вақт ўтди билмайман, кўзим илинган экан. Соат тунги 01:00. Ўғлим жажжи қўллари билан юзимдан силаб, бироз қўрқув билан уйғотди: "Дадажон хуфтонни ўқимай ухлаб қолибсиз". Қарасам қўлида жойнамоз. Бироз бир-биримизга тикилдик. Ўғлимнинг кўзида маъюслик ва меҳр қалқиб турибди. Бориб таҳорат олдим, ўғлим эса жойнамоз кўтарганча ортимдан эргашиб юрди. Унинг қўлидаги жойнамозни олиб, намоз ўқишни бошладим.

Бир маҳал ўғлим оёқларим орасига кириб: "Аллоҳим дадамни хафа қилганларни яхши одамга айлантир, дадамни яхши кўр, худди мен сени яхши кўргандек", дея, овоз чиқариб дуо қилди...

Мен эса йиғидан ўзимни тўхта олмадим, ҳатто, соқолим ва кўйлагим ҳўл бўлиб кетди…

Саидаброр Умаров

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қорин очлиги

25.11.2024   1854   1 min.
Қорин очлиги

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.

Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Ибратли ҳикоялар