Куни бўйи ишхонада югур-югурлар кўпайди. Камига анча вақт сарфлаб қилган ишим бошлиғимизга ёқмади... Бир уюм камситишлар ила нўноқликда айблади.
Уйга қайтяпман. Қаттиқ асабийлик оқибатими ёки хаёлим қочдими йўлдаги "таниш чуқурчани" кўрмай қолиб машинанинг ғилдирагини расво қилдим.
Уйга келсам овқат қилинмаган устига устак аёлим ҳам бетоб. Унга овозим борича бақирдим ва жаҳл билан ётоққа кириб ётиб олдим. Хаёлимда фақат раҳбарнинг асабий кўриниши ва айтган гаплари...
Шу пайт, уч ёшли ўғлим келиб "дадажон машинангизни мингим келяпти", деганча, устимга ўзини отди (одатда шундай қилиши менга жуда ҳам ёқарди). Уни устимдан улоқтириб "йўқол кўзимдан" деб ўшқирганча хонадан чиқариб юбордим. У йиғлаб-йиғлаб онасини ёнига кетди.
Орадан қанча вақт ўтди билмайман, кўзим илинган экан. Соат тунги 01:00. Ўғлим жажжи қўллари билан юзимдан силаб, бироз қўрқув билан уйғотди: "Дадажон хуфтонни ўқимай ухлаб қолибсиз". Қарасам қўлида жойнамоз. Бироз бир-биримизга тикилдик. Ўғлимнинг кўзида маъюслик ва меҳр қалқиб турибди. Бориб таҳорат олдим, ўғлим эса жойнамоз кўтарганча ортимдан эргашиб юрди. Унинг қўлидаги жойнамозни олиб, намоз ўқишни бошладим.
Бир маҳал ўғлим оёқларим орасига кириб: "Аллоҳим дадамни хафа қилганларни яхши одамга айлантир, дадамни яхши кўр, худди мен сени яхши кўргандек", дея, овоз чиқариб дуо қилди...
Мен эса йиғидан ўзимни тўхта олмадим, ҳатто, соқолим ва кўйлагим ҳўл бўлиб кетди…
Саидаброр Умаров
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”дир», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: “Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин”, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: “Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди”, деб қуйидагиларни айтди: Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур.
Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.
“Руҳий тарбия” китоби асосида тайёрланди