Фарғона вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва уларга ҳамроҳлик қилиб турган Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва бошқа мутасаддилар Риштон туманидаги “Хўжа Илғор” жоме масжиди ва шу номдаги зиёратгоҳга ташриф буюрдилар.
Диний соҳа раҳбарлари дастлаб, жоменинг мажлислар залида Риштон туманида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари билан учрашув ўтказдилар. Мулоқот чоғида Муфтий ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ислоҳотлар, айни замонда имом-хатиб ва ноибларнинг олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида сўзладилар, бунда соҳа ходимлари ёшларимизни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги учун фаол тарғибот ишларини олиб бориш, маърифат тарқатиш, жамиятимиз ҳаётида нафақат имом-хатиблар, балки имом ноиблари ҳам фаол бўлишлари лозимлигига алоҳида урғу бердилар.
Зеро, янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган барча ишлар халқимизни рози қилишга қаратилганини Муҳтарам Президентимиз ҳар доим таъкидлаб келмоқдалар: “Бизнинг бош мақсадимиз - халқимизнинг розилиги. Бу Президент сифатида менинг, барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар, депутат ва сенаторлар, бутун давлат идораларининг фаолиятига берилган энг олий ва энг адолатли баҳодир. Агар халқимиз биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади”.
Шунингдек, тадбирда имом-хатиблар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб олдилар. Шунингдек, “Хўжа Илғор” масжид ҳолати, намозхонларга қилинган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.
Меҳмонлар ташриф давомида шу ерда жойлашган “Хўжа Илғор” қадамжосини зиёрат қилиб, бу ернинг тарихи ҳақида суҳбат қурдилар, Қуръони карим оятлари тиловат қилинди, муфтий ҳазратлари ўтганлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Cавол: Тил ва лабни ишлатмасдан Қуръони каримни ўқиб чиқса, хатм қилган ҳисобланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони каримни хатм қилган бўлиши учун ҳарфларни тил билан талаффуз қилиб, камида ўзи эшитадиган даражада ўқиган бўлиши керак. Чунки нутққа тегишли ҳукмларда энг камида ўзи эшитиши шартдир. Шунга кўра бирор шахс сажда оятини ичида, ўзи эшитмайдиган даражада ўқиса, тиловат саждасини қилиши вожиб бўлмайди. “Шарҳул виқоя” ва унинг шарҳи “Умдатур ривоя” китобида қуйидагилар айтилган:
وأَدْنَى المخافتةِ إسماعُ نفسِه، هو الصَّحيح وهذا قول أبي جعفر الهندواني - رضي الله عنه - إذ مجرد حركة اللسان لا تسمى قراءة بدون صوت عنده،
“Махфийликнинг энг ками ўзига эшиттиришдир. Саҳиҳ гап ҳам шу. Бу Абу Жаъфар Ҳиндувоний розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Чунки тилнинг ўзини овоз чиқармасдан қимирлатиш бу кишининг наздида қироат ҳисобланмайди”.
Гапира олмайдиган одамлар, агар тилини қимирлата олса, шундай ўқийди. Буни ҳам қила олмаса, кўзнинг ўзи билан, қалби билан ўқийди. Фақиҳларимиз соқов инсоннинг намози, такбир айтиши, қироат қилишини баён қила туриб, уларнинг тил билан такбири таҳрима айтиши шарт эмас дейишган. Шунга кўра гапира олмайдиган кимсалар Қуръони каримни кўзи билан ўқиб, хатм қилаверадилар.
ولا يلزم العاجز عن النطق بها كالأخرس تحريك لسانه وكذا في حق القراءة هو الصحيح لتعذر الواجب
“Соқов каби гапира олмайдиган одамнинг тилини қимирлатиши вожиб эмас. Қироат қилишидаги ҳукм ҳам мана шу ва бу гап саҳиҳдир. Чунки у вожиб бўлган амални қила олмайди”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.