Муносабат
Тараққиётни белгилайдиган омиллар кўп, сабаблар бисёр. Лекин бу сабаб ва омилларнинг ҳеч бири илм ва билимчалик абадий, маърифатчалик мангу эмас. Бугунги фаровон ҳаёт, саодатли кунлар, юксак техника асри, ҳеч шубҳасиз, илмга асосланган тараққиётнинг маҳсулидир.
Кишига фахр-ифтихор бағишлайдиган жиҳати шуки, мана шундай юксак тараққиётнинг тамал тошини Абу Мусо Хоразмий бобомиз саноқ сонлар тизимини кашф этгани билан, Абу Али ибн Сино медицинага асос солгани билан, Маҳмуд Замахшарий араб тили грамматикасини тузгани билан, Имом Бухорий ҳадис илмида тенги йўқ эканлиги билан, Алишер Навоий шеърият мулкида султон эканлиги билан, Мирзо Улуғбек юлдузлар тоқига нарвонсиз қадам босгани билан қўйиб берди.
Бу тарихий ҳақиқатни чуқур англаган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлиги лавозимига киришишлари билан тараққиётга хизмат қиладиган барча соҳаларни тубдан ислоҳ қилишни бошладилар. Айниқса, маърифатга, маънавиятга қаратаётган юксак эътибори қисқа фурсатда яхши натижалар бера бошлади.
“Ҳазрати Имом” мажмуасига ёндош тарзда бунёд этилаётган маҳобатли Ислом цивилизацияси маркази ўтмиш ва келажакни бир-бирига боғловчи маърифат маскани ҳамда Учинчи Ренессанс пойдевори бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Яқиндагина муҳтарам Юртбошимиз ушбу марказга ташриф буюриб, ўзларининг қимматли тавсия ва маслаҳатларини бера туриб: “Бу масканга кирган киши ўзи учун руҳий куч ва мадад олиб чиқиши керак”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бир замонлар Бағдоддаги “Байтул ҳикма”, яъни “Донишмандлар уйи” қанчалик машҳур бўлган бўлса, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳам шунчалик, балки ундан ҳам юксакроқ марраларни эгаллашига шубҳа йўқ.
Таъбир жоиз бўлса, “Ақл маркази” нафақат ёшларимиз, балки жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси учун “Ақл маркази” ва “Ақл қайроғи” бўлиб қолади.
Яқинда Саудия Арабистони нуфузли делегациясининг юртимизга ташрифи чоғида ушбу мамлакат билан ислом тадқиқотлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Шу анжуманда саудиялик меҳмонлар Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази филиалини Ар-Риёд шаҳридаги Сауд ал-Файсал номидаги илмий-тадқиқот марказида очишни таклиф этди. Бу ушбу марказ ислом оламида тан олинаётганидан далолат.
Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк зотлар, улуғ алломалар, муфассиру муҳаддислар, мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани, ислом дини ва маданиятини ривожидаги роли дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган. Уларнинг кашфиётлари, битган асарлари, илм-фан янгиликлари, нафис санъат буюмлари, хаттотлик намуналари жаҳон маданияти меросида алоҳида ўрин тутади.
Пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида қад кўтараётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг маҳобатли биноси ҳозирданоқ барчанинг эътиборини ўзига тортмоқда. “Боболаримизга муносиб бино”нинг меъморий ечими, дизайни, миллий колорити халқимизнинг асрлар давомида шаклланиб келаётган анъаналари ва руҳини ўзида мужассам этган.
Шу билан бирга, буюк аждодларимиз, уларнинг бой моддий ҳамда маънавий мероси, илм-маърифати, ибратли сўзлари ва насиҳатларига таянган ҳолда, маънан баркамол, жисмонан бақувват авлодни тарбиялаш бугунги куннинг энг acосий вазифаларидан биридир.
“Тузган режангизнинг самарасини бир йил кўрмоқчи бўлсангиз, шоли экинг, ўн йил кўрмоқчи бўлсангиз, мевали дарахт экинг. Бир аср ва мангу баҳраманд бўлмоқчи бўлсангиз, болаларга таълим беринг”, деган гап бор.
Демак, ёшларни маърифатли, маънавиятли қилиш йўлида амалга оширилаётган бундай улкан ислоҳотлар асрлар оша халқимизга хизмат қилади. Бунинг натижасида юртимиздан яна бухорийлар, термизийлар, замахшарийлар, хоразмийлар, берунийлар, навоийлар етишиб чиқажак, иншоаллоҳ.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон