Ислом Каримов Ўрта Осиё Политехника ва Тошкент Халқ хўжалиги институтларини тугатган. Меҳнат фаолиятини 1960 йил Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. Кейинчалик, В.П.Чкалов номидаги Тошкент Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади. 1966 йил Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.
Ислом Каримов 1983 йил Ўзбекистон ССР Молия вазири, 1986 йил Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди. 1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.
У 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 августда И.Каримов тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони, "Мустақиллик" ва "Амир Темур" орденлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни, 78 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. У 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида дафн этилди.
Халқимиз истиқлол йилларида эришилган салмоқли ютуқларни ҳақли равишда И.Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди.
Манба: https://uza.uz/
Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.
Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.
“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.
Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати