Шотландиялик аёл ўзи қандай қилиб Исломни қабул қилгани ва жамиятнинг нотўғри муносабатини ўзида ҳис қилганлиги ҳақида гапириб берди.
Дон исмли шотландиялик аёл насроний оиласида туғилган ва болалигида Глазго шаҳридаги якшанба мактабига қатнаб, Инжилни ўрганиб чиққан. Отаси вафотидан сўнг қиз ўзининг маънавий ақидалари ҳақида ўйлаб қолди.
"Университетда ўқиш йилларимда мен Глазго шаҳридаги икки покистонлик ака-ука томонидан бошқариладиган бир ҳинд ресторанида қўшимча ишга жойлашиб олдим. Мен суҳбат чоғида аввал эшитмаган Ислом ҳақида илк бор гап очдим", - дея эслайди Дон.
Дон ака-укалардан Ислом ҳақида кўп нарсаларни сўраб-суриштириб олди, дин ҳақидаги китобларни сотиб олди ва Ислом унинг дунёқарашини тўла акс эттиришини англаб етди.
26 ёшида қиз мусулмон бўлди, дея хабар бермоқда IslamNews Daily Recordга таяниб. Ҳозир у 38 ёшда, у бухгалтер бўлиб ишлайди ва икки фарзандини тарбиялаб вояга етказмоқда.
"Исломни қабул қилганимдан кейин жуда хурсанд бўлдим. Рамазон келди, мен илк бор рўза тутиб, Ҳайит байрамини нишонладим".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Умрага борган киши, етти марта тавофни қилиб бўлгач, толиқиб қолиб, Сафо ва Марва орасида саъйни қилмай, меҳмонхонага кетиб қолса, нима қилиши лозим бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу одам меҳмонхонада бироз ором олгач, ҳарамга қайтиб, саъйни қилиши вожиб бўлади. Чунки Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилиш умранинг вожибларидан саналади. Шунинг учун умра қилаётган одам тавофдан кейин саъйни тугатмагунча эҳромдан чиқа олмайди. Агар саъйдан олдин сочини олдириб, эҳромдан чиққан бўлса, ўз вақтидан олдин эҳромдан чиққани учун, зиммасига бир жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Шу билан бирга саъйни қилиши ҳам лозим бўлади. Агар кекса ёки беморлиги туфайли ўзи юришга қийналса, аравада саъй қилса ҳам жоиз бўлаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.