Ҳар бир касалликнинг негизида тўқлик ётади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўлақонли амал қилган мўмин, тўқликнинг ортидан келадиган касалликларга чалинмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон битта ичакка ейди, кофир эса етти ичакка ейди», дедилар».
Бухорий ривояти.
Саъид Мақбурийдан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир неча кишининг олдидан ўтиб қолди. Уларнинг олдида қовурилган қўй гўшти бор эди. Уни чақиришган эди, у ейишга кўнмади, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан арпа нонга тўймай ўтиб кетдилар», деди».
Бухорий ривояти.
Миқдад ибн Маъди Карибдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига қаддини тутиб турадиган бир неча луқма кифоя. Жуда бўлмаса (ошқозонининг) учдан бирини таомига, учдан бирини ичимлигига, учдан бирини нафасига (ҳавога) ажратсин», дедилар» Термизий ва Ибн Можа ривояти.
«Касалликнинг фақатгина иккита сабаби бор. Биринчиси кўп ейиш, иккинчиси тўқ қоринга ейиш» (Ибн Сино).
«Ошқозон касалликларнинг ўчоғидир. Парҳез эса давонинг бошидир». (Қадимги араб табиби Ҳорис ибн Калда).
Тўқлик — ҳар хил хасталикларни келтириб чиқаради, вужудни оғирлаштиради, уйқуни кўпайтиради, дангасаликка олиб келади, қалбни кўр қилади ва руҳни заифлаштиради. Тўқ киши таҳоратини кўп тутолмайди, кўп ухлайди ва қиёмул лайл каби буюк неъматдан маҳрум бўлади. Тўқлик инсонни гуноҳлардан қўрқмасликка, ёмонликларни тап тортмасдан қилишга олиб келади. Ақл яхши-ю ёмоннинг фарқига боролмайдиган, шукр қилолмайдиган бўлиб қолади. Шу сабабдан неъматлар камаяди, чунки неъматнинг шукри, унинг ортишига василадир. Тўқлик дунё муҳаббатига сабаб бўлади. Тўқ инсонга зикр қилиш оғир келади. Зикр эса калб зангини кетказади. Тўқ инсон ибодат завқини тополмайди. «Яқийн» деб аталмиш буюк неъматдан маҳрум бўлади. Тўқлик инсонни ғафлат сари етаклайди ва унинг сармояси бўлган умрини бекорчи нарсаларга сарфлашга сабабчи бўлади.
Очлик саломатликнинг калитидир, илмнинг шартидир.
Очлик инсонни Аллоҳдан узоқлашишига сабабчи бўлувчи ҳою-ҳавасларни камайтиради.
Очлик қалбни мунаввар қилади, руҳни тетиклаштиради.
Очлик вақтни ибодат билан ўтказиш имкониятини беради.
Очлик очларнинг аҳволини ҳис қилиб, уларга ёрдам беришга ундайди.
Яҳё ибн Муъаз Розий шундай деган: «Инсоннинг учта душмани бор: дунёси, шайтони, нафси. Дунёдан унда зуҳд қилиш билан, шайтондан унга қарши чиқиш билан, нафсдан шаҳватларни тарк қилиш билан ўзингни асра».
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Ота-онангиз ҳаққига дуо қилинг.
“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).
Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам кўра муҳтожроқдирлар”.
Ота-онангиз қабрини зиёрат қилинг.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).
Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳаққига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.
Ота-онангиз ҳаққига истиғфор айтинг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.
Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.
Ота-онангиз номидан садақа қилинг.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имрм Муслим, Имом Насоий ривояти).
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).
Ота-онангиз дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилинг.
Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».
Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД