Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июл, 2025   |   29 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:11
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:52
Хуфтон
21:21
Bismillah
24 Июл, 2025, 29 Муҳаррам, 1447

Энди ҳафтанинг икки куни ёшлар муаммоларини ҳал этишга ажратилади

28.01.2021   1486   3 min.
Энди ҳафтанинг икки куни ёшлар муаммоларини ҳал этишга ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январь куни ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Мамлакатимизда бугунги кунда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан ошди. Бу – жами аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади.

Ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги тузилди, ҳокимларнинг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозими таъсис этилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилинди.

Президент ёшларга етарли эътибор қаратилмагани, уларнинг дардига қулоқ солинмаганини таъкидлади. Ёшлар билан иккита муҳим йўналишда янгича ишлаш тизими ташкил этилиши қайд қилинди.

Биринчиси – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўлса, иккинчиси – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдир.

– Қанчалик қийин бўлмасин, барча даражадаги раҳбарлар шуни яхши билиши керак, ушбу вазифаларни бажаришимиз шарт ва зарур. Бошқа йўл йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳозирги кунда 18-30 ёшлилар орасида ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этмоқда. Ҳисобга олинмаган ишсизлар сони эса бундан-да кўплиги қайд этилди.

Бундай муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларнинг таклифларини “маҳаллабай” ўрганмоқда. Бугунги кунга қадар Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизда 50 мингга яқин ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилди. Билдирилган таклиф ва истаклар асосида, туман ва шаҳарлар кесимида “Ёшлар дастурлари” тасдиқланди.

Афсуски, жойлардаги ўрганишлар ёшлар ўртасидаги муаммоларни аниқлаш ва тизимли ҳал этиш борасида ҳалигача кўплаб камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Мисол учун, Когон шаҳар 2-сектор раҳбари ёшлар билан учрашувда уларнинг 3 нафарини бир ҳафта муддатда иш билан таъминлайман деб ваъда берган. Лекин орадан бир ой вақт ўтган бўлса-да, натижа йўқ.

Когон шаҳридаги қолган сектор раҳбарлари ҳам маҳаллаларга тушиб ишламаётгани, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ёки тадбиркорликка жалб қилиш ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилгани таъкидланди.

Йиғилишда Президент Когон шаҳар сектор раҳбарларининг ўз лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш масаласини қўйди.

Ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратишда ҳам кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда. Мисол учун, ўтган йили ёшлар тадбиркорлиги учун “Ипотека”, “Агробанк” ва “Ўзсаноат қурилиш” банкига келиб тушган 14 мингта мурожаатнинг 32 фоизи ижобий ҳал этилган, холос.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда ҳам тизимли муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Аксарият маданият марказлари, истироҳат боғлари ва спорт мажмуаларининг моддий-техник базаси қониқарсиз, тўгараклар номига ишлаяпти.

Шу сабабли, вилоят ҳокимлари жорий йилда қанча ёшни касб-ҳунарга ўқитиши, тадбиркорликка жалб қилиши, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида бандлигини таъминлаши бўйича кафолат хатлари ёзиб берган.

Давлатимиз раҳбари энди ишни “маҳаллабай” ташкил этишда маҳалла раиси, профилактика инспектори, мактаб директори, ёшлар етакчиси ёшлар муаммоларини “фуқаробай” аниқлаб, сектор раҳбарлари олдига аниқ ва лўнда масалаларни қўйиши зарурлигини таъкидлади.

- Туман сектор раҳбарлари ҳафтанинг икки кунини фақат ёшлар муаммоларини ҳал этишга ажратади. Бир кун ёшлар бандлиги билан, иккинчи кун уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан шуғулланади, - деди Шавкат Мирзиёев.

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Фарзанднинг ота-она вафотидан кейинги 5 вазифаси

17.10.2024   7477   4 min.
Фарзанднинг ота-она вафотидан кейинги 5 вазифаси

Ота-онангиз ҳаққига дуо қилинг.

“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).

Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам кўра муҳтожроқдирлар”.

 

Ота-онангиз қабрини зиёрат қилинг.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).

Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳаққига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.

 

Ота-онангиз ҳаққига истиғфор айтинг.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.

Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.

 

Ота-онангиз номидан садақа қилинг.

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имрм Муслим, Имом Насоий ривояти).

 

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).

 

Ота-онангиз дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилинг.

Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».

 

Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД