Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446

Дубайда тўйга энг кўпи билан 10 киши таклиф қилинишига рухсат берилди

27.01.2021   1296   1 min.
Дубайда тўйга энг кўпи билан 10 киши таклиф қилинишига рухсат берилди

Дубайнинг инқироз ва фалокатларни бошқариш бўйича Олий қўмитаси COVID-19 инфекция юқишлари сонининг кўпайиши шароитида тўй, зиёфат ва ижтимоий тадбирларни ташкил қилишнинг янги қоидаларини эълон қилди.
Жумладан, тўй ва бошқа йиғинларга максимал 10 киши қатнашишига йўлга қўйилган ва улар энг яқин қариндошлар бўлиши керак. Қоидалар хусусий уйларда ҳам, меҳмонхона ва банкет залларида ҳам ўтказиладиган тадбирларга тааллуқли бўлиб, 2021 йилнинг 27 январидан кучга киради.
Islam.ru маълумотларига кўра, аввалроқ қўмита ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шаҳобчалари учун янги қоидаларни эълон қилганди. Хусусан, столлар орасидаги хавфсиз масофа икки метрдан уч метргача оширилиши керак. Бундан ташқари, бир столда меҳмонларнинг рухсат этилган сони ресторанларда 10 дан еттитагача, кафеларда тўрттагача камаяди.
Gulf News хабарига кўра, сўнгги ҳафталарда COVID-19 инфекция юқиш ҳолатлари сони сезиларли даражада ошган: 2020 йилнинг декабрьойи охирида кунига ўртача мингга яқин инфекция юқиш ҳолатлари қайд этилган бўлса, сўнгги 11 кун ичида ҳар куни 3,500 га яқин ҳолат аниқланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ёшлар ва имом-хатиблар

25.09.2024   499   3 min.
Ёшлар ва имом-хатиблар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ёшлар тарбияси барча жамиятларда доимо долзарб мавзу бўлган. Ҳозирги глобал даврда янада долзарб. Юртимизда ҳам бу борада доимий равишда тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ёшлар билан ишлаш бўйича чора ва тадбирлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Шу ўринда унутмаслигимиз керакки, ёшларни доимо инсоний туйғулар сари чорлаб, уларнинг шуъурларини аждодлар эътиқоди билан суғориш, турли иллатлардан огоҳлантириш барчамизнинг вазифамиз. Халқимизнинг доимий эъзозида бўлган имом хатибларимиз ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ масъулдирлар.

Чунки ҳар қандай ахлоқсиз инсон ҳам имом домлаларимиз рўпарасида ўзларини иложи борича сипо тутади ва уларнинг сўзларини эътибор билан тинглайди. Аксар ҳолларда жон қалби билан қабул қилади.

Бу – ҳар қандай соҳа вакилига ҳам берилавермайдиган тенгсиз қадру-ҳурмат, эҳтиром ва шу билан бирга ўта юқори масъулият ҳамдир. Аслида имом домлаларимиз нафақат ёшлар, балки бутун жамият вакиллари ҳатто дини ва ирқидан, касбу-мансабидан қатъи назар, барчанинг эъзозидадирлар.

Ҳатто муҳтарам Президентимиз ҳам “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида ҳам бу соҳа вакилларига юксак ишонч билдириб бундай деганлар: “Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф. Шунинг учун соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилишни аввало кимдан сўраймиз? Сиз, азизлардан сўраймиз. Шу борада барчамиз кимдан ибрат оламиз? Сиз, азизлардан. Шунинг учун ҳам сизларнинг катта билимингиз, обрў-эътиборингизни инобатга олиб, мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг. Агар маҳаллангизда бирорта бола зарарли диний оқимга кириб қолган бўлса, уни нотўғри йўлдан қайтаришга ҳаракат қилинг. Аввало, улар билан гаплашиб, бу – ота-боболаринг йўли эмас, бу йўлдан қайт, ҳақиқат мана бу ёқда, тинчлик ва эзгулик йўлидан бориб, ҳеч ким кам бўлмаган, деб уларни соғлом эътиқодга ишонтириш керак. Билим билан, ақл ва маърифат, намунали ишлар билан ишонтириш керак. Тарихдан, бугунги ҳаётимиздан олинган ҳаётий, таъсирчан мисоллар билан инонтириш керак. Бундай тарғибот, бундай ташвиқот сизларнинг қўлингиздан албатта келади. Йўлдан адашган болани дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билишимиз керак. Унга бутун қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни шу бола билсин. Зора, шунда уларнинг ҳам қалб кўзи очилса, тўғри йўлга қадам қўйса...”.

Ҳа, бу ишонч учун дин соҳасининг ҳар бир вакили масъулдир. Инчунун, ёшлар тарбиясида доимгидан ҳам кўра кўпроқ ишлаш ва изланиш керак. Ёшларни ахлоқ жиҳатидан ҳам, маърифат жиҳатидан ҳам, бугунги кун талаблари жиҳатидан тўғри йўлга етаклаш учун етарли омилимиз бор. Бу – муқаддас Ислом таълимотлари. Агар биз бу таълимотларни ўз вақтида, ўрнида ва тўғри услубда етказа олсак, Юртбошимизнинг ишончини, бутун халқнинг ишончини оқлаган бўламиз ва келажак авлод олдидаги қарзимизни адо қилган бўламиз.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Мақолалар