بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَمَرَنَا بِبِرِّ الْوَالِدَيْنِ وَنَهَانَا عَنْ عُقُوقِهِمَا، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ: "بِرُّوا آبَاءَكُمْ تَبَرَّكُمْ أَبْنَائُكُمْ" وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ
ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ – ФАРЗАНДЛИК БУРЧИ
Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло ер юзида жорий қилган қонун шуки, одам болаларининг барчаси ота-онадан дунёга келади. Ота-онани танлаш имкони йўқ, бу – илоҳий бир тақдир. Шундай экан, ҳар бир шахс бу илоҳий қисматга рози бўлиб, ота-онасига чиройли муомала қилиши, уларнинг розилигини олиши ва итоат қилиши шартдир. Ота-онага яхшилик қилишнинг зарурлиги ва фазилати Қуръони каримда ҳам бот-бот такрорланган. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш ўтган умматларга ҳам буюрилганини баён қилиб, шундай дейди:
وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ لَا تَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا...
яъни: “Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: «Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-онага яхшилик қиласиз, деб аҳд олган эдик...” (Бақара сураси 83-оят).
Инфоқ-эҳсон қилишга ҳам энг ҳақли зотлардан бири – ота-онадир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ...
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!...”” (Бақара сураси 215-оят).
Кўриб турганимиз каби эҳсон қилинувчилар рўйхатининг бошида ота-она зикр қилинган. Шунинг учун ота-она кексайиб, фарзандлар балоғатга етганда, ота-онанинг нафақа-таъминоти болаларнинг зиммасидадир. Ота-онани қаровсиз қолдирган фарзандлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар.
Ота-онага яхшилик қилиш Қуръони каримда Аллоҳ таолога ибодат қилиш, унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик билан бирга зикр қилинган. Қуръони каримда шундай дейилади:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا
яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси 36-оят).
Қуйидаги оятда эса ота-онага муомала қилишнинг жуда чиройли услуби зикр қилинган, ҳатто уларнинг ҳаққига қандай дуо қилишни ҳам таълим берган:
وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ
وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا
яъни: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!. Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”” (Исро сураси 23-24-оятлар).
“Уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон”, “онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини ниҳоятда ҳокисор тутиш кабиларни тушиниш керак.
Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розиликларига боғлаб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
رِضَا الرَّبِّ فِي رِضَا الْوَالِدَيْنِ وَسَخَطُهُ فِي سَخَطِهِمَا
رَوَاهُ الْاِمَامُ الطَبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه
яъни: “Аллоҳ таолонинг розилиги – ота-онанинг розилигида, Унинг ғазаби эса – ота-онанинг ғазабидадир” (Имом Табароний ривоятлари).
Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши – ота-онасини рози қилсин, Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши – ота-онасини ранжитишдан қўрқсин.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар:
أيُّ العَمَلِ أحَبُّ إِلَى اللهِ تَعَالَى؟ قَالَ: الصَّلاةُ عَلَى وَقْتِهَا. قُلْتُ : ثُمَّ أي؟ قَالَ: بِرُّ الوَالِدَيْنِ
قُلْتُ: ثُمَّ أيٌّ؟ قَالَ: الجِهَادُ في سبيلِ الله
مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
яъни: “Қайси амал Аллоҳ таолога севимлироқ?” У Зот алайҳиссалом айтдилар: “Ўз вақтида ўқилган намоз”. “Кейин қайси бири”, – деб сўрадим. У Зот: “Ота-онага яхшилик қилиш”, – дедилар. “Кейин қайси бири”, – деб сўрадим. У Зот: “Аллоҳ йўлидаги кураш”, – дедилар” (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, вақтида ўқилган намоз амалларнинг афзалидир ва ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ йўлидаги курашдан афзалдир.
Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу икки кишини кўриб қолдилар ва улардан бирига: “Бу киши сизга ким бўладилар?” – деб сўрадилар. У: “Бу киши отам бўлади”, – деди. Абу Ҳурайра: “Ундай бўлса, у кишини номини айтиб чақирманг, олдида юрманг, у кишидан аввал ўтирманг”, – деб насиҳат қилдилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси ҳам – мустажоб дуолардандир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
﴿ثَلاثُ دَعَوَاتٍ مُسْتجَابَاتٌ لاَ شَكَّ فِيهنَّ: دَعْوَةُ المَظلومِ، وَدَعْوَةُ المسَافِرِ، وَدَعْوَةُ الوَالِدِ عَلى وَلدِهِ
رواه الامام الترمذي والامام أَبُو داود عن أبي هريرة رضي الله عنه
яъни: “Учта дуо борки, улар шаксиз мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота (она)нинг фарзанди зарарига қилган дуоси” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ота-онага оқ бўлиш, турли озорлар бериш ва уларни қаровсиз қолдириш – катта гуноҳлардандир. Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар:
بُكَاءُ الْوَالِدَيْنِ مِنَ الْعُقُوقِ وَالْكَبَائِرِ
رواه الامام البخاري
яъни: “Ота-онани йиғиси – оқ бўлиш ва катта гуноҳдир” (Имом Бухорий ривоятлари). Фарзандлар билиб-билмай ота-онасини йиғлатган, хафа қилган бўлсалар, ҳеч кечиктирмасдан Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилиб, ота-оналаридан кечирим сўраб, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишлари керак.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом киши ота-онасини ўзи билмаган ҳолатда ҳақоратлаб қўйишидан огоҳлантирдилар:
مِنَ الْكَبَائِرِ أَنْ يَشْتُمَ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَهَلْ يَشْتُمُ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ قَالَ نَعَمْ يَسُبُّ أَبَا الرَّجُلِ
فَيَشْتُمُ أَبَاهُ وَيَشْتُمُ أُمَّهُ فَيَسُبُّ أُمَّهُ
رواه الامام الترمذي عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنه
яъни: “Киши ота-онасини сўкиши – катта гуноҳлардандир”. Саҳобалар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими?” – дейишди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, у бир кишининг отасини сўкади, униси бунинг отасини сўкади. У бир кишининг онасини сўкади, униси бунинг онасини сўкади”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Тобеинлардан бири Муҳаммад ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳи ҳар куни оналарининг оёқлари остига ётар ва: “Эй, онажон, юзимни оёқларингиз билан босиб ўтинг ва менинг юзларимни дўзахдан қутқаринг”, – дер эди.
Ота-она вафотларидан кейин ҳам фарзандлар зиммасида баъзи бурчлар бўлади. Бу ҳақда Абу Усайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади:
بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذْ جَاءَهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ: هَلْ بَقِيَ عَلَيَّ مِنْ بِرِّ أَبَوَيَّ شَيْءٌ أَبَرُّهُمَا بِهِ بَعْدَ مَوْتِهِمَا؟ قَالَ: نَعَمْ، الصَّلَاةُ عَلَيْهِمَا، وَالْاِسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عَهْدِهِمَا مِنْ بَعْدِهِمَا، وَصِلَةُ الرَّحْمِ الَّتِي لاَ تُوْصَلُ إِلَّا بِهِمَا، وَإِكْرَامُ صَدِيْقِهِمَا
رَوَاهُ الْإمَامُ أَبُو دَاوُدَ
яъни: “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. Бани Салама қабиласидан бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менинг зиммамда учун ота-онам дунёдан ўтганидан кейин ҳам улар учун қиладиган яхшилик қолдими?” – деб сўради. “Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, истиғфор айтиш, аҳдларини бажариш, ота-она орқали қариндош бўлганларга силаи раҳм қилиш ва дўстларини ҳурмат қилиш”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бугунги кунимизда ота-онасига қўпол муомала қилаётган, уларни ҳижолатга қўйиб, халқ ичида шарманда қиладиган ноқобил фарзандлар ҳам учраб туради. Минг афсуски, бирорта яқин кишиси қолмаган қариялар учун ташкил қилинган “Қариялар уйи”га бир нечта фарзандлари бор отахон ва онахонлар олиб келинмоқда. Ёшлиги, кучи ва билимини шу фарзандларни тарбиялашга сарфлаган ота-онасига қариганда, кераксиз мато каби муомала қилиш, инсонлик шаънига доғдир. Бу каби инсонлар мусулмон фарзанд номига лойиқми?! Шариатимиз фарзандларга ота-онанинг таъминотини фарз қилган. Уларни ташлаб қўйиш катта гуноҳ бўлиши билан бирга, тезда фарзандлардан ўзларига қайтадиган ишдир. Ким ота-онасига қандай муомала қилган бўлса, фарзандларидан айнан ўша муомалани кутаверсин!
Яқинда “Tik-tok” ижтимоий тармоғида тахминан 15 ёшли бола отасининг ёнида онасининг юзига торт чаплагани видеоси тарқалиб кетди. Бу ерда бир нечта ташвишли нуқталар бор:
Бу муаммоларга қарши курашиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчи! Кимдир тили билан, кимдир қалами билан, кимдир таълим-тарбия билан, энг камида, ҳар бир ота-она ўз фарзандини назорат қилиши билан ҳисса қўшиши керак!
Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ фарзандлардан қилиб, доим ота-оналаримизга яхшилик қилувчилардан қилсин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан