Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

“Ҳар бир муаммо учун имом-хатиб жавобгар эмас” - Абдулҳамид Жуманов

23.01.2021   3587   10 min.
“Ҳар бир муаммо учун имом-хатиб жавобгар эмас” - Абдулҳамид Жуманов

Имом-хатиб - дин тарғиботчиси,  шариат пешвоси, шу билан бирга жамиятда олиб борилаётган хайрли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Кишиларни ҳалоллик, поклик, диёнатга бошлашда, ҳақ билан ботилни фарқлашда дин ходимининг ўрни катта.

Айниқса, бугун дақиқа сайин оммалашиб бораётган виртуал оламда имомнинг ўз мақоми, минбари бор. Воизнинг сўзи ҳар қандай саҳифаларни безайди. Ҳар қандай қалбларни эритади. Кузатувчини ҳидоят ва яхшилик томон юзланишига, эзгу ишларга рағбат ҳосил қилишга катта таъсир ўтказади. Шу билан бирга медиа маконда ва жамиятда имом шахсига нисбатан шаклланган ўзига хос қарашлар мавжуд. Улар нималардан иборат? Яқинда Тошкент шаҳридаги “Доруломон” жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳамид Жуманов интернет телеканалларидан бирига берган интервьюсида ана шу масалалар атрофида сўз юритиб, бугунги кун имомининг умумий тавсифи, унга билдирилаётган ишонч ва ишончсизлик, ютуқ ва муаммолар сабабини таҳлил қилишга интилган: 

 

Имомлик - лавозим эмас

- Имом аслида ким? Имом – ҳар бир (ортидан) эргашилувчи, тақлид қилинувчи инсондир. Аслида имом тушунчаси кенг бўлиб, унинг тарихий, илмий жиҳатлари бор. Бугунги кунда эса имом дейилганда асосан намоз имомлари тушуниладиган бўлиб қолган. Ибодатда ортларидан туриб иқтидо қиладиган имомларимиз. Ўз-ўзидан бу атамаларнинг ҳолатидан, ҳақиқатидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, имомлик лавозим эмас. Шаръий нуқтаи назарга кўра, имомлик бу – вазифа, масъулиятли вазифа. Истаймизми-йўқми, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан аввалги ўтган пайғамбарлардан силсила бўлиб келаётган муқаддас вазифанинг давоми. Имом инсонлар учун, уларнинг қиёматда ҳамма нарсадан биринчи сўраладиган амали - намози учун масъул. Имомнинг мақоми, унга бериладиган ажрдан кўра, аввало, унинг масъулиятини ҳис қилиш керак. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ҳақда огоҳлантириб, қуйидагича марҳамат қилганлар: «Имом - зомин, муаззин - муътамандир. Ё Аллоҳим! Имомларни иршод айлагин ва муаззинларни мағфират қилгин!».  

Яъни имом зомин, масъул. Имом эртага Аллоҳниг ҳузурида сўралади. Ортидан битта одам эргашса битта, ўнта эргашса ўнта одам ҳақида. Бугун имомларимизни ортида эргашиб турган минглаб одамлар бор. Мана шуларнинг ҳар бирининг намози ҳақида сўраладиган инсон. Шу билан биргаликда имом динни етказишда, диннинг омонати ҳақида ҳам масъул. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг давомида “имомларимизни иршод айлагин”, тўғри йўлга бошлагин, дея омонат эгалари  ҳаққларига дуо қилдилар.

 

Жамиятдаги ҳар бир муаммога имом жавобгарми?

Аллоҳга шукурки, замонамизда имомнинг ўз ҳурмати, эҳтироми бор. Бу давлат даражасидаги эътибордир. Сўзсиз тан оламиз буни. Ва бундай эътирофдан келиб чиқиб, ўз вазифаларимизни юқори шашт билан адо этамиз.

Бироқ, жамиятда имом шахсига нисбатан шаклланган ўзига хос қарашлар ҳам борки, гўё имом ҳар бир муаммога жавобгардек. Фалон мавзу очилса, “Нима учун имом гапирмаяпти?” Фалон ҳодиса...“Нима учун имом муносабат билдирмаяпти?” Фалон мавзу....“Нима учун имом жим?” дея таъна қилувчи, гапирувчилар бор. Бу борада икки тоифа фикр эгаларини ажратиш мумкин:

Биринчи тоифа: тарқалаётган ёки тарқатилаётган масалаларнинг моҳиятига етиб бормайди, унинг ҳақиқатини тушунмасдан туриб, ҳар бир жараёнга имомнинг масъуллиги, муносабат билдиришини даъво қилади. Гўёки Ўзбекистондаги имом дунёдаги жами ижтимоий-сиёсий жараёнларга масъулдек қарайдиганлар бор.  

Иккинчи тоифа: Ўзлари эшитишни хоҳлаган нарсаларини имомдан талаб қилишади. Яъни, шахснинг ўзи ниманидир эшитгиси ёки билгиси келади ва имом ана шундай бўлиши керак, бундай гапларни айтиши керак, деган талабни қўяди.

Жамиятнинг баъзи аъзоларининг эътиборсизлиги, сусткашлиги сабабидан бугун истаймиз-йўқми баъзи муаммолар, камчиликлар бор. Ана шу камчиликларни биргаликда тўлдириш ўрнига, яъники, имомларни ёнида туриб, уларнинг ҳимоячиси, кўмакчиси бўлиб, юкини оз бўлсада кўтармасдан туриб ҳамма  нарсани имомнинг елкасига қўйиб қўйиш бу – меҳроб эгаларини кўп соҳаларда мағлуб бўлишларига сабабчи бўлади. Биргина имом нима қилсин....? Бир оила ажралиб кетса ҳам....имом, иккита одам жанжаллашса ҳам....имом, фалон ҳодиса юз берса ҳам....имом айбдорми? Тўғри, ҳар бир нарсада имомнинг ўз ўрни бор, деган тамойилда эътироз йўқ. Чунки, юқорида айтдик, имом - олдинги сафда турувчи, халққа намуна, пешво ва энг асосий маърифатчи. Бироқ шу билан бирга маърифатчи ўзининг вазифасини бажариши учун унга кўмак керак, ёрдам зарур. Кимнинг ёрдами? Оддий халқнинг, инсонларнинг ёрдами. Моддий, маънавий, фикрий ёрдами. Ёки бир маънода ўхшатиш қилсак: “Сиз видеога гапиринг, биз камерани тутиб турамиз”, дейиш керак. Имом-хатиб ўзи тасвир воситасини ушлаб, ўзи гапириши халқ учун, жамият учун ор саналади. Демак, “Сиз шу нарсани қилинг, биз ёнингиздамиз, сиз билан биргамиз, мана бу жиҳатларда ёрдам берамиз”, деган таклифларни беришлари муаммоларни уларнинг елкаларига юклаб қўйишдан кўра тўғрироқ бўлар эди.

Бугун имомларга бўлаётган муносабатни маъжозий маънода айтсак, худдики, Мусо алайҳиссаломнинг қавмлари у зотга: “Роббинг билан баҳс юритиб кел, биз шу ерда кутиб турамиз”, деб айтган гапларига ўхшаш муносабат бор имомларга. Улар маълум маънода ёлғизлатиб қўйилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рисолат юкини етказишда саҳобаларнинг ўрни катта бўлган. Буни тарихдан яхши биламиз.  Бирлик - исломнинг асосий негизи, қувватидир. Бугун халқимизнинг ихлоси ҳақида эътироз йўқ, халқимининг талаблари эҳтимол тўғридир. Лекин шу талабга яраша кўмакчи халқ, ёрдамчи инсон йўқ. “Биз ёрдам берамиз, сизнинг кўмакчингиз, ансорингизмиз”, дейдиган инсонларни тополмаймиз бугун. Бўлса ҳам жуда озчиликни ташкил этади. Шунинг учун хизматлар кўринмаяпти, вазифалар мукаммал жой-жойида бўлолмай қоляпти. Халқимизда ҳам доно гап бор: “Ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқса ҳам донғи чиқмайди”. Худди шу сингари кишининг ёнида кўмакчиси бўлсагина ишлар натижа беради. Шунинг учун биз имомни эҳтиромини қилар эканмиз, шу билан биргаликда уни ёлғизлатиб қўйишимиз керак эмас.

 

Ижтимой тармоқларда имом домлаларга муносабат

Тан олиш ллозим, фаолиятимизда бугун баъзи муаммоларимиз мавжуд. Улардан бири ижтимой тармоқларда айрим имомларга нисбатан норозилик кайфиятидир. Бунинг бир неча сабабларини кўрсатишимиз мумкин:

Биринчи навбатда, имомлар ёки бошқа уламоларнинг ваъзлари, мавъизаларида учраган хатоликлар. Хато ҳаммада бўлади. Хато қилишдан маъсум бўлган зот бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. У зотдан бошқа ҳамма киши хатокор. Ҳар бир инсонда нуқсон бор. Бир неча йиллар олдин ижтимоий тармоқлар оммалашаётган бир вақтда мавъизаларнинг ҳар қанақасининг чиқиб кетиши ҳолатлари кузатилди. Улар орасида  хатиблар томонидан ортида ҳужжати бўлмаган, асосли далили бўлмаган маълумотлар ёки заиф ҳадислар ишлатилган ваъзлар ҳам бўлган. Шунинг учун сўзлаётганда хатосиз гапиришга ҳаракат қилиш керак. Ижтимоий тармоқда бир нарсани эълон қилиб юборсангиз, уни ҳеч қачон тўғирлай олмайсиз. Чунки, бир жойдан ўчирсангиз, бошқа жойда  кимнидир, ё қайсидир саҳифаларда сақланиб қолади ва вақтлар ўтгач яна айланиб чиқиб келаверади. 

Иккинчи сабаб: имом-хатибларни қасддан обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатлар бор. Буни тан олмасдан илож йўқ. Қандай қилиб? Дейлик бир имом-хатиб мавъизасининг қаеридадир хато қилди ёки янглишди. Агар янглишганини сезиб, аҳамият қилинмаса, ўтиб кетаверар эди. Бироқ, айнан ўша қисм қирқиб олиниб, оммага эълон қилинади,  ёки тўғри гапни нотўғри йўналишга эгри талқин қилинади ёхуд мавъизадаги баъзи сўзларни мутлақо алоқаси бўлмаган қандайдир бошқа кадрлар, воқееликка нисбатан қўллаб, нотўғри талқин этилади.  Шунга ўхшаш ҳолатларнинг бари имомни қасддан обрўсизлантиришдир.

Ким учундир бунинг ортида манфаат бор, ва шу сабабдан ўзларининг фойдалари йўлида шу ишларни намоён этиб туришибди.

Учиничи сабаб: Охирги йилларда баъзи кимсаларнинг тушунчасига шу нарса кириб қолганки, бизнинг диёрда туриб гапираётган одам тўғри гапни гапирмайди. “Ўзбекистондан туриб гапирса, бу одам ҳақни гапира олмайди. Четга чиқиб гапирсагина ҳақни гапиради”, дейди. Сиз энг олий ҳақиқатни айтсангиз ҳам, ҳар қандай йўналиш берсангиз ҳам тан олмайди. Бу баъзи инсонларнинг ақл доиралари, дунёқарашларидаги нуқсон. Бундан бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Улар юқоридаги учтанинг атрофидаги иллатлардир.  

Хўш, бу муаммоларни қандай енгиб ўтиш керак? Аввало ўз устимизда тинимисиз ишлашимиз, амалларимизда холис бўлишимиз, иложи борича хато қилмаслигимиз даркор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Узр сўрайдиган ишни қилманг, узрга сабаб бўладиган амални қилманг”, деб марҳамат қилганлар.

Таъкидлаш керак, тажрибали имом домлаларимиз, аҳли илмлар жам бўлиб, нуқсонга йўл қўйган ходимларни чақириб, тўғри йўналиш бериб келишмоқда.

Ва энг асосийси, бугунги кун кишиси,  айниқса, ёшлар билимни китобдан кўра интернетдан кўпроқ олаётган экан, демак,  биз бу оламни янада кенгроқ қамровда забт этишимиз керак, токи, бошқа биров тарбияламасин фарзандларимизни. Тўғри, биз бу оламга кирдик, лекин кечикиб кирдик. Муҳими, бугун имомларимиз бу йўналишда тизимли иш олиб бормоқдалар. Кўникмалар, малакалар шаклланяпти. Баъзилари медиа сохасида анча илагарилаб ҳам кетишди. Ижтимой тармоқда кўринмаганлари ишламаяпти деганлари эмас, чекка ҳудудларда ҳатто маошсиз хизмат қилаётган, масжидини, маҳалласини обод этиб, қавмига дин омонатини, тарбия, маърифатни қаҳрамонларимиз қанча. Аллоҳ барчаларидан Ўзи рози бўлсин! Доимо тўғри йўлда қадамларин мустаҳкам қислсин!

 

 

А.Жуманов интервьюси асосида Зоиржон Содиқов тайёрлади

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

10.01.2025   1891   4 min.
ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".

Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.

Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.

Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.

Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.

Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.

"Тафсири Ҳилол" китобидан

Мақолалар