frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Расулуллоҳга муҳаббатли бўлган Руфай ибн Миҳрон

22.01.2021   2272   3 min.
Расулуллоҳга муҳаббатли бўлган Руфай ибн Миҳрон

Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Неъматлар учун Аллоҳга ҳамд айтган ва қилган гуноҳи учун истиғфор сўраган банда ҳалок бўлмайди”.

Машҳур тобеин муфассир ва муҳаддис ҳамда гўзал қироат соҳибларидан бири Абул Олия Руфай ибн Миҳрон Риёҳий Басрий Басра (ҳозирги Ироқдаги йирик шаҳарлардан бири)да дунёга келди. Шу ерда ўсиб-улғайди ва вояга етди. Ёшлигидан илму ирфонга чексиз муҳаббат қўйди.

Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида ёш бўлган. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида Исломга кирган. Бироқ тобеин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўриша олмагани учун бир умр афсусда ўтди. Шу боис, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан кўпроқ бирга бўлишга интиларди. Уларни жуда ҳурмат қилар, саҳобалар ҳам уни яхши кўрар эдилар. Бир куни Анас розияллоҳу анҳу қўлидаги олмани Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳига берганида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ушлаган қўл теккан олма”, деб олмани ўпа кетди.

Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Ҳазрат Али, Ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ибн Умар, Убай ибн Каъб, Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан дарс олди, улардан ҳадис тинглади. Чунончи, у қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.

Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг билимдони эди. Абу Бакр ибн Довуд: “Қуръонни энг яхши биладиганлар орасида саҳобалардан кейин Абул Олиядан ўтадигани йўқ”, деб таърифлайди.

Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини бирор биладиган киши борлигини билса, масофа қанча узоқ ёки бориш қийин бўлмасин, албатта туясини миниб йўлга тушарди. Ҳадис ўрганишдан аввал ровийнинг намоз ўқишини кузатарди. Агар намозини тўла-тўкис адо этса, у кишини устоз тутиб, ривоятларини ёзиб оларди, аммо намоз арконларини жойига келтириб адо этмаса: “Намозга бепарво бўлган одам бошқа ибодатларга бунданда бепарво бўлади”, деб қайтиб кетарди.

Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи талабаларга дарс берарди. Уларга: “Билмаган нарсангизни сўраб ўрганинг. Чунки уятчанг ва мутакаббир илм эгалла олмайди. Уятчанг сўрашдан уялиб сўрай олмаса, мутакаббир кибру ҳавоси сабаб сўрамайди”, дер эди.

Шунингдек, тобеин шогирдларига Қуръон ёдлашнинг қулай йўлини тушунтириб: “Қуръонни беш оятдан ёдланглар. Шунда осонроқ ёдлаб, яхшироқ тушунасизлар”, деган.

Ривоятларга кўра, Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳ Мовароуннаҳр ўлкасида биринчилардан бўлиб азон айтган шахс ҳисобланади. Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи ҳузурига келган меҳмонларини самимий кутиб олар ва: «Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: Сизларга салом (саломатлик)!» (Анъом сураси, 54-оят) оятини тиловат қиларди.

Буюк тобеин милодий сананинг 712 йили вафот этди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кичкина деманг...!

06.07.2026   3627   7 min.
Кичкина деманг...!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Халқимизда: “Кичгина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни”, деган нақл бор. Жуда чиройли гап. Ҳақиқатда, кичик нарсаларни менсимаслик кейинчалик салбий оқибатларга олиб бориши табиий.

Уламолар гуноҳларнинг тури кўп бўлсада уларни иккига тақсим қилганлар. Кабира ва сағира яъни: катта – кичик. Биз иккиси ҳақида ҳам сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки кичик гуноҳларга оид, билишимиз муҳим бўлган нуқтага эътибор қаратмоқчимиз, халос.

Сағира гуноҳларни бир ёки икки марта қилиш билан кабирага айланиб қолмайди. Ўша сағирани бардавом қилиш билан унга кабира ҳукми берилади. Уламолар эса, олтитита нарса сабабли сағира кабирага айланади, деганлар:

1. Сағирани доимий қилиш билан;
2. Уни бепарво қилиш билан;
3. Хурсанд бўлиб қилиш билан;
4. Одамларга фахрланиш билан;
5. Ошкора қилиш билан;
6. Олим ёки муқтадолардан содир бўлиш билан.

Мана шу олти сабаб сағира гуноҳни кабира гуноҳга айлантирар экан. Демак, улардан ҳамиша эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бу сабабларни яхши тушуниб олишимиз учун уларга бироз шарҳ бериш мақсалга мувофиқ кўринди.

1.Сағира гуноҳларни доимий қилиш билан кабирага айланади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, сағира гуноҳларни бир ёки икки марта қилиш билан кабирага айланиб қолмайди. Гуноҳ каттами – кичикми барибир, у гуноҳ. Оқил инсон ўзини доим гуноҳлардан эҳтиёт қилиб бориши лозимдир. “Амалларнинг Аллоҳ таолога маҳбуби оз бўлса – да бардавом бўлаганидир”, дейилган ҳадисда. Шундай экан, сағира гуноҳларни бардавом қилиб, одатга айлантириб олишдан сақланмоқ лозим.

Банда қилган гуноҳини кичик санагани сари у Аллоҳнинг наздида катталашиб кетаверади. Гуноҳни катта ҳисоблагани сари у кичайиб бораверади. Чунки гуноҳни катта санаш ўша хатога қалб рози бўлмаслигидан келиб чиқади. Икки саҳиҳда: “Мўмин гуноҳини тоғни тепасида турган, қулашидан қўрқадигандек билади. Фожир эса, гуноҳларини бурни устига қўнган пашшадек кўради. Мана бундай қилади. (Қўли билан хайдайди), дедилар.

Имом Бухорийнинг саҳиҳида: “Сизлар (баъзи) ишларни сочдан ҳам ингичка биласиз. Биз эса, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳалок қилувчилардан ҳисоблар эдик”, дейилган.


Ҳадисларда: “(Гуноҳга) истиғфор айтиш билан катталигича, доимий қилиш билан эса, кичиклигича турмайди”, дейилган.

Шариат тарозусида тортилаётган гуноҳ кичик бўлгани билан унга ҳаёсизлик, Аллоҳдан хавф қилмаслик қўшилса вазни ортиб кабира гуноҳ сафига ўтиб қолади.

Уламоларимиз: Битта кабира гуноҳни кечирилиши доимий қилинадиган сағирани кечирилишидан осонроқ. Бунга бир мисол: тошга бирданига қуйилган сувнинг таъсири бўлмайди. Лекин доимий оқизиб қўйилган томчилар тошни тешиб юборади”, деганлар.


2.Сағира гуноҳни бепарво қилиш билан кабирага айланади;

Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

“Билол ибн Саъднинг: “Хатонинг кичиклигига қарама. Балки кимга осий бўлаётганингга қара, деганини эшитдим”.

Ташла сағира – ю кабирани ана шу тақво,

Юргин эҳтиёт, оҳиста нишли ерлардан.

Ҳақир санаб, “сағира”, деб қилма мосуво,

Тоғлар ҳам иборатдир майда тошлардан!


3.Сағира гуноҳни хурсанд бўлиб қилиш билан кабирага айланади.

Гуноҳ қилган инсон хатосига афсус, надомат қилиши лозим. Гуноҳ қилиб хурсанд бўлиш эса, ўша гуноҳга нисбатан бепарволик қилиш, менсимаслик, демакдир. Ҳаётимизда бунга мисоллар жуда ҳам кўп. Кўрдингми, “палончини қандай мот қилдим – а?”, “хатоларини айтганимда роса хижолат бўлди – да!” каби сўзларни айтиб хурсанд бўлишга ўхшаш.


4.Сағира гуноҳни одамларга фахрланиб қилиш билан кабирага айланади.

Фахрланишнинг ўзи гуноҳ. Лекин мана шу ифтихор сағира гуноҳ қилаётган инсондан содир бўлса унинг кичик хатоси ҳам кабирага айланиб қолади.

Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ “Таърифот”ида: “Фахрланиш – одамларга қилган яхшиликларни санашга интилиш”, – деганлар. 


5.Сағира гуноҳни ошкора қилиш билан кабирага айланади.

Ёмон саналган кашф (очиш) – у ошкоралик ва истеҳзо кўринишида бўлганидир. Савол ва фатво сўраш кўринишдагиси эмас. Рамазонда аёлига яқинлик қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган кишининг саволини инкор қилмаганликлари далил. Бояги кишининг қилган иши ёмон, албатта. Лекин фатво сўраш учун ошкора айтишга рухсат берилади. Шояд жавоб олиб тавба қилса!?

Ҳадиси шарифда:“(Гуноҳни) ошкор қилувчилардан бошқа умматим офиятдадир”, дейилган. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Бухорий ривояти)

“Фатҳ ал Борий”да (10/486): “Ошкор қилувчи – маъсиятни кўрсатиб, Аллоҳ беркитган нарсани очиб, айтиб юрадиган кишидир”.


Имоми Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: Гуноҳ қилишга мубтало бўлган киши уни бошқага айтиши макруҳ бўлади. Лекин ундан тийилимоғи, надомат қилмоғи ва қайтмасликни қасд қилмоғи лозим. Агар устози ёки шунга ўхшаш инсонларга ундан қутилиш йўлини ўргатиш, яна такрорлаб қўйишдан сақланиш, мубтало қилган сабабни билдириш ёки ҳаққига дуо қилиш ва шу каби бошқа нарсалар мақсадида айтса чиройлидир. (Ўринли) маслахат бўлмаса макруҳ бўлади”.


6.Сағира гуноҳ олим ёки муқтадолардан содир бўлиши кабирага айланади.

Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: “Олимнинг аслида кичик ҳисобланган гуноҳ ила тойилиши кабира бўлади”, деганлар.

Олимнинг зиммасида икки вазифа бор. Бири гуноҳларни тарк қилиш. Иккинчиси гуноҳ қилиб қўйса яшириш. Унга яхшиликда эргашилганда ҳасанотлари зиёда бўлгандек, хатода ҳам салмоғи зиёда бўлади. Олимга либоси ва нафақасида мўътадил бўлмоғи лозим. Одамлар унга қараб тургани боис озроғига мойил бўлсин!

Олим ва муқтадо кишилар ҳаммага ўрнак бўлишлари лозим. Улуғ инсонлардан содир бўладиган кичик гуноҳлар жоҳил инсонларга ҳужжат бўлади. Кўпинча бу ишни қилманг ёмон бўлади десак, дархол хўп дейиш  ўрнига “палончи олим ёки пистончи улуғ одам ҳам қилади – ку!”, – дейди. Уларга айтамизки, одам боласи хато – камчиликдан холи эмас. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида айтиб қўйганлар: “Одам боласи борки хатокордир. Хато қилувчиларнинг яхшилари сертавбаларидир”. Шунчалар эргашгингиз келса ана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашинг! Чунки Аллоҳ таоло каломида у зотда гўзал ўрнак борлигини айтиб қўйган.

Усул китобларимизда: “Олимнинг бир ҳаром ишни қилиши уни ҳалолга айлантириб қўймайди”, дейилган.

Равшанбек ЎРИНБОЕВ

 

Мақолалар