Дунё қийматсиз, охират аҳамиятли бўлгани учун обид ва зоҳидлар ибодатларини ҳар доим сидқу садоқат, вафою ихлос билан адо этганлар. Тунги ибодатларнинг фазилати кўп бўлгани учун туради, ишқ ва шавқ билан уларни бажаради.
Зоҳид – ошиқдир; кунда ҳам, тунда ҳам холисона қилган ибодатлари қалбини нурлантиради, ишқуллоҳни, муҳаббатуллоҳни ҳосил қилади. Юнус Эмро каби кеча-кундуз ёниб-ўртанадиган бир ошиқи содиқ, обиди зоҳид бўлади. Қилган амалининг натижаси шундай бўлади...
Дунёни севгач, инсон бу ҳаётни севади. Агар ҳаётдаги имонсизлар каби елиб-югуришни, ҳаром мол тўплашни, тўс-тўполон, талон-тарож қилишни истаса, хуш кўрса нима бўлади?... Унда кўзни ҳирс пардаси қоплайди, ҳирсга берилиб, ҳаром ишлар қилади, ҳаром молга қўл узатади, бировни шилади, ўғрилик қилади ва ҳоказо.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қатъий тарзда:
الراشی و لمرتشی في النار
“Пора берган ҳам, пора олган ҳам дўзахийдир”, – дедилар. “Роши” ва “мурташи” “ришват” сўзидан ясалган икки калимадир. Биз “рушват” деймиз. Араблар янада ортиқроқ “ришват” деб атайдилар. Роши-ришват – пора берувчи. Мурташи-ришва – пора оладиган киши. Поранинг тури кўп. Масалан: пора – ҳақи бўлмаган ишни бажариш учун, ишнинг бошида турган раҳбарларни ҳаром йўлга, ғайри қонуний йўлга бошлаш, тўғри йўлдан кўз юмиши, ноҳақлик қилиши учун бериладиган пул ёки бошқа бирор нарса. Натижада ҳар икки томон ҳаром ишга қўл урган бўладилар.
Хоҳ суд, хоҳ солиқ, хоҳ ҳокимият маъмурияти бўлсин, у ерда давлат томонидан ҳар бир фуқаронинг ҳақини ҳисоб-китоб қиладиган, ишчиларига маош берадиган раҳбар ходими бўлади. Бу ходим, албатта, адолатли қонунга кўра ишлаши, ҳар бир фуқаро ҳақини кўз қорачиғидек асраши керак. Лекин пора бериб ўз ишини бажарадиган киши: – “Сен халқ Хақи билан ишинг бўлмасин, лавозимингни ҳам ўйлама. Мен сенга шунча пора бераман. Мени ишимни бажар. Ноҳақ бўлсам ҳам, ишим битсин. Мен сени кўрмадим, сен мени кўрмадинг, тамом, вассалом”, – деб ишини бажариб кетса нима қилган бўлади?
Қонунни, низомни бузган, адолатли қонун мажмуасини ўз фойдасига ишлатган, ҳақсизлик қилиб ишини бажариб кетган бўлади.
Пора олган раҳбар виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади.
Мана шундай йўллар билан жамиятдаги қонунлар оёқ ости бўлади, ривожланиш оқсайди, ҳақлар топталади, мазлум ва бегуноҳ халқнинг ҳақи ҳимояланмайди. Золимлар халқ пулини, молини, давлат хазинасини, бюджетдаги бойликни талон-тарож қиладилар, халқ манфаатларини асло ўйламайдилар. Қалъа деворидан бирор жойга дарз кетса, бир тешик очилса, қалъа қулагани, ҳовузнинг остки қисми тешилиб, ҳовуз сувлари оқиб кетгани каби, натижада оламнинг таъсис этган низом – қонунлари бузилади, даҳшатли зарарлар юзага келади...
Яъни бундай зарарлар пул-молга ўчлик, хизматчининг ўз вазифасини тўғри бажармаганидан юзага келади, албатта. Аллоҳ бундай адолатсизликни севмайди. Шунинг учун “пора берган ҳам, олган ҳам жаҳаннамга маҳкумдир дейилган...”
Демак, иккиси ҳам дўзахда куяди. Ундай бўлгандан кейин мўъмин бу ишни қилмайди. Чунки мўъминнинг мақсади Аллоҳнинг розилигини топиш, жаннатга кириш, дўзахга кирмасликдир.
Албатта, дўзахга кирмоқ, дўзахда ёнмоқ инсонларнинг жаҳаннамни яхши тасаввур ва тафаккур қилмаганликлари, теран идрок айламаганликларининг жазосидир... Дўзахга киришни гўё бир поезд бекатидан ўтмоқ, бир ерга бориб келмоқ каби енгил деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, инсон бир гугурт донасини қўлида узоқроқ ушлаб турсаю бармоғининг учгинаси куйса, бир неча кунлар оғрийди, чиммиллайди, сув тўплайди, пўсти шилиниб кетади.
Бир гугурт донасининг оловига чидамаган инсонни, куйик дардидан азоб тортиб йиғлаган болани кўз олдимизга келтирайлик! Ана шундан инсоннинг жаҳаннам оловида қандай ёнишини бир тасаввур қилиб кўринг...
Албатта, баъзилар ишонмагандан кейин бефарқ бўладилар ёки дунё ҳирсига берилиб, кўзини ғафлат пардаси қопласа, диний туйғулари заифлашиб дўзахни назар-писанд қилмайдилар... Бундайларни “азизун зунтиқом” – интиқом оладиган, азизу жалил бўлган Аллоҳ жазосини бериши шубҳасиз.
Мана, дунёга муҳаббат қўйиш – ўғрилик, зулм, ҳақсизлик, адолатсизликларнинг қилинишига, жамиятнинг қонун ва низомлари бузилиши сабаб бўлади. Қонун ҳимоячилари ўзини кўрмаганга олади... Ҳақли, мазлум бир чеккада кўз ёши тўкиб қолса, ноҳақ – золим, адабсиз, виждонсиз ишини бажариб юраверади. Жамият учун бундай аҳвол яхши эмас. Жамиятнинг пойдевори адолатдир, золимнинг зулм қилишига имкон бермасликдир. Қонунларни тўғри қўллашдир. Бўлмаса, жамиятга зарар етади. Шунинг учун инсоннинг кўзи тўқ, дунёга ҳирс қўймаслиги лозим...
Мана шу туйғу инсонни ҳаромлардан, ҳақсизликлардан, ўғирликлардан, зулмлардан сақлайди ва уни Аллоҳга йўналтиради, кўз ёшларини тўкдириб ибодат қилдиради. Ошиқи содиқ, фаол бир инсонга айлантиради.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси